«Сиз рўйхатдан ўтдингизми?», «Менга рўйхатдан ўтганингиз ҳақидаги сертификат нусхасини ташлаб берасизми?», «Шу кунгача рўйхатдан ўтганлар сони қанча бўлди?»…
Иш жойингизда, олийгоҳда, маҳаллада бугун ана шу саволлар бот-бот берилаяпти, жавоби айтилаяпти. Кимлардир маълумотларни жамлаяпти, жадвал қилаяпти. Хуллас, иш қизғин. Хўш, натижа қандай?
Вилоят статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳасан ТЎЙЧИЕВ рўйхатга олиш ишларининг бориши ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
– Президентимизнинг 2025 йил 19 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вилоятимизда ушбу тадбирга тайёргарлик ишлари ўз муддатида ва талаблар асосида амалга оширилди. Шаҳар ва туманлардаги мавжуд 776 та маҳалла фуқаролар йиғинида ва 4 минг 303 та ҳисоб участкаларида рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилмоқда.
Жорий йил 31 январь куни рўйхатга олишнинг биринчи босқичи якунланди. Бунда вилоят бўйича 711 минг 172 та хонадондан 604 минг 122 таси (85 фоизи) онлайн рўйхатдан ўтди. Маҳаллалар кесимида таҳлил қилганимизда, 94 та фуқаролар йиғинидаги хонадонлар тўлиқ рўйхатдан ўтказилди. Бунинг учун ушбу маҳаллалар фаолларига ишни ташкил этишдаги фидойилиги, ташаббускорлиги ва масъулият билан фаолият юритганлари учун самимий миннатдорлик билдирамиз. Ана шундай фидойилик намуналарини кўрсатган раҳбарлар ва ташкилотчиларни рағбатлантириш чоралари ишлаб чиқилди.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларининг самарали кечиши, биринчи навбатда, фуқароларнинг бу жараённинг моҳиятини тўла англаган бўлишларига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шунинг учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Яна бир маълумот. Вилоятда хорижий фуқароларни рўйхатдан ўтказиш мақсадида 65 та хостел, 288 та меҳмон уйи, 51 та меҳмонхонада «E-Mehmon» электрон дастурига уланган ҳолда ишлар амалга оширилди.
Маълумки, фармонга мувофиқ қишлоқ хўжалигининг ҳам рўйхатга олинаётгани мавжуд мол бош сони, ер ресурслари каби асосий кўрсаткичларни ҳам баҳолаш имкониятини беради.
Вилоятнинг соҳил бўйи минтақаларида 7 минг 642 гектар сув фонди ерлари мавжуд бўлиб, шундан 1 минг 908 гектаридан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин.
Энг муҳими, рўйхатга олиш натижасида аҳоли ва қишлоқ хўжалиги бўйича тўлиқ, аниқ ва ишончли маълумотлар шаклланади.
Рўйхатга олиш давомида аҳоли томонидан фойдаланилаётган жами ер ва экин майдонлари, шу билан бирга чорва ва паррандалар бош сони тўлиқ акс эттирилиши таъминланмоқда. Бу маълумотлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда асосий манба ҳисобланади. Тадбирни муваффақиятли ўтказиш вилоятнинг реал демографик ҳолатини аниқлаш ва келгуси тараққиёт стратегияларини тўғри белгилаш учун мустаҳкам асос яратади.
Онлайн рўйхатдан ўтмаган 15 фоиздан кўп бўлмаган аҳолини жорий йил 4 февралдан бошлаб «маҳалла еттилиги» вакиллари иштирокида 14 кунгача бўлган муддатда сифатли ва тўлиқ қамраб олиниши таъминланади.
Абдураззоқ ДАВРОН ёзиб олди.

