16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

БАХТЛИ КУНЛАРДА ЭМАС, БАХТСИЗ ДАМЛАРДА ИНСОН ҲАЁТДА ЎЗ ЎРНИНИ ТОПИШГА ИНТИЛАДИ

Сараланган сатрлар

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир авлодидан кейин адабиёт майдонига Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Шуҳрат каби ижодкорлар дадил от суриб келганки, ўзбек адабиёти кўплаб сара асарлар билан бойиган, халқнинг бебаҳо маънавий меросига айланган. Мазкур муҳташам сафда Саид Аҳмад ҳам борки, “Уфқ”, “Жимжитлик” романларини кўпчилик ўқиган, “Келинлар қўзғолони” спектакли, кинофильмини деярли барча севиб томоша қилган.

Китобхонлар, санъат ихлосмандлари Саид Аҳмаднинг юмористик маҳоратини алоҳида эътироф этишади. Ваҳоланки, адиб ҳаёти изтироб ва қийинчиликлар орасида кечган. У 1947 йилда “халқ душмани” сифатида ҳибсга олинган. Уйланганига ярим йил тўлмай туриб, қатағон қилинган ва умрининг забардаст йилларини конда ишлаб ўтказган. Ёзувчи Сталин ўлимидан сўнг оқланган.

Айни шу йиллар машаққатлари “Йўқотганларим ва топганларим” асарида тўла ифодасини топган. Китобда Саид Аҳмаднинг устозлари ва рафиқаси Саида Зуннунова ҳақидаги хотиралар, шунингдек, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Тоғай Мурод, Носир Фозилов, Мақсуд Қориев, Озод Шарафиддинов, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Мурод Муҳаммад Дўст каби ижодкорлар билан боғлиқ кечинмалар, ҳаётий лавҳалар ўрин олган.

Биласиз, мустақилликдан сўнг Саид Аҳмадга Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонлари берилди, китоблари кўплаб ададда нашр этилди, бир сўз билан айтганда, ёзувчи иззат кўрди.

“Йўқотганларим ва топганларим” нафақат ўтган аср ўзбек адабий жараёни, балки кўплаб тарихий воқеалар ҳусусида таъсирчан маълумотлар бериши билан аҳамиятли.

*  *  *

Ойбек ўша пайтларда болалари билан тор бир уйда яшарди. Ижод қилиш учун мутлақо шароит йўқ эди. Эр-хотин ўйлаб-ўйлаб яшаб турган хонанинг шифти билан поли оралиғида болохона қилишди. Ойбек унга нарвонда чиқар, то саҳаргача мук тушиб ёзарди. Ёзиб чарчаган пайтларда қаддини ростласа, боши шифтга тегарди.

*  *  *

Рашидов Ойбекни ниҳоятда ҳурмат қиларди. Ўзбекнинг шундоқ мумтоз ёзувчиси борлигидан қувонарди. “Олтин водийдан шабадалар” романига ўзи муҳаррирлик қилганди. У уюшмага раислик қилган вақтда романга ҳужум қилишга ботинмагандилар. Рашидов бундай қилишга йўл қўймасди ҳам.

*  *  *

Ойбек рақибларининг илҳомчиси, “сардори” тўғрисида Абдулла Қаҳҳор шундай деганди: “Ҳаммаёққа ўт тушса-ю, ёнган уйнинг мўрисидек бўлиб бир ўзи қолса”.

*  *  *

Мен Ғафур акани сўнгги марта “Муштум” редакцияси жойлашган иккинчи қават зинасида учратдим. Мирмуҳсин билан тушлик қилиб чиқаётган эдик. Ўша куни биз овқат қилаётганимизда олти баллдан ортиқ куч билан ер қимирлаган эди. Ҳаммамиз овқатни ташлаб ҳовлига тушган эдик. Қайтиб кираётган Ғафур ака пиллапоя панжарасига суяниб турибди. Мирмуҳсин:

– Қўрқдингизми, домла? – деб сўради. Ғафур аканинг ранги оқарган эди.

Дарров қўшни хонадан стул опчиқиб қўйиб бердик. Ғафур ака нафасини ростлаб менга деди:

– Опангга телефон қил. Акам тинч, деб айт, ўзи тинчмикин. Болалар қўрқмадимикин, шуни билиб бер. – Кейин у Мирмуҳсиннинг саволига жавоб берди. – Қўрқдим, акаси. Нега қўрқмас эканман. Болаларим бор. Опанг бор. Невараларим бор. Албатта қўрқаман-да.

Унинг бу гапи шоирона кўтаринкиликдан холи, ўзини ботир кўрсатишга бегона самимий инсонча гап эди.

*  *  *

Қаранг, нақадар буюк ўхшашлик. Пушкин оламдан ўтган куни Лермонтов, Ғафур Ғулом кўз юмган куни Абдулла Орипов шеъриятга кириб келди ва шеърият занжирига битта олтин ҳалқа бўлиб уланди.

*  *  *

Шеърда бахши бўлиб ўрта маълумот билан кун кўрса бўлар-ку, аммо прозада бахшилик кетмайди.

*  *  *

Муҳокама охирида Абдулла Қаҳҳорнинг ўзига сўз берилди, у айтилган гапларга ортиқча ҳаяжонланмай, босиқлик билан ўз муносабатини билдира бошлади. Аммо “Абдулла Қаҳҳор ўз ўтмишини ёзган, у ўз ўтмишига тупуриши керак эди”, деган гапга жавоб қайтараётганда бир оз қизишиб кетди:

– Мен бир темирчининг ўғлиман. Болалигим дам босиш билан ўтган. Менинг тупурадиган ўтмишим йўқ. Оғзимда қанчаки тупук йиғилиб қолган бўлса, шу гапни айтган одамнинг башарасига тупураман!

*  *  *

Ғафур ака катта-кичикка хафа бўлмасмикин, деб ўтирмай, ҳазил қилаверарди. Ҳазилнинг оғир ботганини билса, эртасига уйига бориб бўлса ҳам узр сўраб, кўнглидан чиқазиб юборарди. Ойбек бачканаликни суймасди. Жиддий, доно гапларга ўч эди. Шайхзода бировдан хафа бўлганини сира съездирмай ичига ташларди. Миртемир ака олдин яхшилаб узр сўраб, кейин ҳазил қиларди.

*  *  *

Абдулла ака шодлигини ҳам, аламини ҳам оддийгина қилиб айтиб қўяқолмасди. Фақат Қаҳҳоргагина хос бўлган, эшитган одам бир умр эсдан чиқазолмайдиган қилиб айтарди.

Яхшиликни билмайдиган бир ёзувчи тўғрисида шундай деган эди: “Бу одам тўнкарилиб қолган қўнғизга ўхшайди. ўнглаб қўядиганларнинг қўлини саситади”.

Журнал ёки газетани ўз савиясига мослаб олган редакторлар тўғрисида бундай деганди: “Редакция эшигини ўз бўйига мослаб қуриб олган, катта ёзувчилар бу эшикка сиғмайди”.

Таланциз ёзувчилар тўғрисида: “Бу одам адабиётга эшикдан эмас, ўғри мушукка ўхшаб туйнукдан тушган”, “Манавиниси кўчадан ўтиб кетатуриб, оёғи тойиб союз эшигининг ичкарисига йиқилган. Ҳалигача чиқиб кетолмайди”, “Ўзи ёзолмайди, адабиётда мен ҳам борман, деб мажлисларда овоз чиқариб туради”, дерди.

Адабиётга ҳадеб аралашаверадиган баъзи бир лавозимли кишилар тўғрисида куйиб гапирарди. “Нима учун жарроҳга беморнинг у еридан эмас, бу еридан кес, демайди. Нима учун учувчига самолётнинг у мурватини эмас, бу мурватини бура, демайди, нима учун арқондаги дарвозга, манавинақа юриш керак, деб кўрсатмайди. Адабиётни осон иш деб ўйласа керак, ҳадеб ана ундоқ ёз, мана бундоқ ёз, деб ўргатаверади”.

*  *  *

Мустақиллик ўқ отилмай, қон тўкилмай қўлга киритилди, дегувчилар хато қиладилар. Ахир мустақиллик учун юз қирқ йилдан бери асл фарзандларимизнинг қони тўкилди-ку. Мустақиллик қонлар эвазига, жонлар эвазига келди.

*  *  *

Адабиётнинг одамлар шахсиятига тегишга ҳаққи йўқ. Адабиётга жисмоний камчиликларни масхара қилиш ҳуқуқи берилмаган. Одамларнинг патологик камчилигини, бефарзандлигини, ногиронлигини, хасталигини, телбалигини масхара қилиш ўтакетган даражада одобсизлик саналади.

*  *  *

Бир вақтлар “Жалолиддин” пьесаси учун, фронтдаги ўзбек жангчиларига атаб ёзган хатлари учун ҳукумат рағбатлантириш ниятида шаҳар марказидан кичкинагина ҳовлиси бор уй берган эди. Шайхзода оиласини шу уйдан маҳрум қилиш нияти уларга уйқу бермади. “Халқ душмани”нинг хотини бундай уйда туришга ҳаққи йўқ, деб унинг минг-минглаб ноёб китобларини, рўзғор ашёларини, ҳатто ювиб дорга ёйилган кийим-бошларини юк машинасига улоқтирдилар. Уйни ўзлари эгаллаб олдилар.

Шайхзода беш йил азоб-уқубатларда яшади. Хрушчев даврида минг-минглаб одам қамоқдан озод қилинди. Шайхзода ҳам озиб-тўзиб қайтиб келди. Келди-ю уйини тополмади…

*  *  *

Менимча, бахтли дамларда инсон фаолияти бир қадар суст намоён бўлади. Айрилиқ, чекланиш, изтироб дамларида инсон битта мақсад билан яшайди. Тўсиқларни бузиб ўтиш, чекланишларга, туҳматларга қарши кураш жараёнида тобланиб боради. Ҳаётда ўз ўрнини топишга интилади.

*  *  *

Биламан, ёшликда кўрган ранглар, эшитган товушлар кейин топилмайди. Бунга сабаб табиатда бирон ўзгариш бўлгандан эмас, ёшлик ҳисларининг ўта таъсирчанлигидан. Болалик кўзи соф ҳолда кўради, кўради-ю, кўнглида, хотирасида умрбод муҳрланиб қолганини ўзи ҳам сезмайди. Кўнглида туғилиб келаётган умидлар, истаклар шу рангларга қоришиб кетади. Ва болаликнинг узвий бир бўлагига айланиб қолади.

*  *  *

Саидахон баъзан эзилиб кетган пайтларда, бу дунёга фақат азоб чекиш учун келган эканман, деб ўкиниб қўярди.

Ҳатто тўйимиз бўлган куни у келинлик либосини мотам либосига алмаштирган эди.

Қирқ тўққизинчи йилнинг 28 ноябрида – тўйимиз куни Саидахоннинг 17 ёшга кирган биттагина укаси Насибжон оламдан ўтган эди. Онаси Сабохон ая қизининг тўйида яйраб-яшнамай, Андижонга қайтиб кетди.

Ўша куни Сабохон аянинг бир боласига Тошкентда никоҳ ўқилди, бир боласига Андижонда жаноза ўқилди.

Бундан ортиқ даҳшат бўладими?

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.