16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Бизнесда узоқни кўра билган ютади

Хитойнинг Хунань вилоятида яшовчи аёл бундан саккиз йил аввал икки миллион доллар сарфлаб, янги турар жой мажмуаси автотураргоҳидан 196 та ўринни сотиб олган. Кейинчалик унинг бу жойларни анча қиммат нархда қайта сотишга урингани қўшнилари орасида норозилик келтириб чиқариб, улардан бир гуруҳи аёл устидан судга даъво киритган. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар улашган.

Турар жой мажмуаси 2018 йилда қурилган. Ўша пайтда ҳудуд яшаш учун унчалик жозибадор эмас эди: дўконлар, мактаблар ва транспорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаган. Шу сабабли хонадонлар ва автотураргоҳ жойларига талаб паст бўлган. Ўшанда У фамилияси билан танилган аёл бирйўла 196 та машина ўрнини сотиб олган. Бу мажмуадаги барча автотураргоҳ жойларининг 40 фоизини ташкил этарди. Молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган қурилиш компанияси эса ноилож бу борадаги битимга рози бўлган.

Аёл ҳудуд келажакда ривожланишини тўғри тахмин қилган: хонадонлар сотилиб кетди, автотураргоҳ жойларига эса талаб ошди. Шундан сўнг У автотураргоҳ жойларига тўсиқлар ўрнатиб, уларни ойига 500 юандан ижарага бера бошлаган. Бу аввалги нархдан икки баравар юқори эди. Яшовчилар нархни 300 юанга туширишни сўрашганида, аёл бунга рози бўлмаган. Кейинчалик аёл автотураргоҳдаги ўринларни дастлабки қийматига нисбатан 80 фоизга оширган ҳолда сотувга чиқарган.

Бундан норози бўлган аҳоли автотураргоҳ жойларига оид битимни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилиб, судга мурожаат қилган. Даъвогарларнинг фикрича, автотураргоҳ жойлари турар жой мажмуаси инфратузилмасининг бир қисми бўлиб, уларни фойда олиш мақсадида монополияга айлантириш мумкин эмас.

Бироқ суд жавобгар аёлнинг фойдасига қарор чиқарган.  Судьянинг таъкидлашича, қурилиш компанияси автотураргоҳ жойларини сотувга қўйган пайтда барча яшовчиларда уларни сотиб олиш имконияти бўлган. Қонунчиликда ҳам бир шахс автотураргоҳда қанча ўринга эгалик қилиши мумкинлиги бўйича чеклов мавжуд эмас.