16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

БИЗНИНГ ДАВРИМИЗДА ДУНЁНИ ҒОЯЛАР ЭМАС, ШАХСЛАР БОШҚАРАДИ

Сараланган сатрлар

Ҳаммаям кўринганидайми, аслидайми? Гўзал суратли одамларнинг қалби ҳам чиройлими, эзгуликка тўлиқми? Биз таниган, ҳавас қиладиган, бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатадиган одамларнинг қалби қанчалар беғубор? Беғуборми ўзи? Бошқаларни қўя турайлик, ўз-ўзимизга ҳисоб берсак, барча хато-ю гуноҳларимиз билан юзма-юз келадиган бўлсак, уялмасдан, бошни баланд кўтариб тура оламизми? Шуниси аниқки, гўзал сурат ортида қабоҳатлар, гуноҳлар юки, аянч разилликлар, ўтмиш хатолари пинҳон туради. Инсон ана шу манзараларга тик қарашни бошлар экан, гуноҳлардан фориғ бўла боради. Бориши керак.

Оскар Уайлд қаламига мансуб “Дориан Грейнинг портрети” романида бутун борлиғи, қалби, руҳини абадий ёшлик учун қурбон қилган такаббур, айни пайтда ночор ва заиф Дориан Грей тимсолида инсон хоҳиш-истакларининг чегараси, ҳаётий мувозанатнинг бузилиши қандай оқибатларга олиб келиши бадиий юксак маҳорат билан кўрсатиб берилади.

Сюжет ҳақида қисқача: Дориан Грей ёш йигит, ташқи кўриниши чиройли, эътиборга лойиқ. Рассом Безил Холлуорд унинг портретини ишлаб, шоҳ асарини яратади. Суратда тасвирланган инсон абадий ёш туради, Дориан Грей эса кексайишни истамайди, шу сабаб сурат ўзгариб, ўзи навқирон қолиши ҳақида ўйлайди. Шундан сўнг, ҳар гуноҳ содир бўлиши ортидан сурат жирканч кўринишга кириб бораверади. Дориан эса суратни ўзгалар кўзидан яшириб қўяди. Ўзи эса йиллар ўтишига қарамай мутлақо қаримайди. Адиб айтмоқчи бўлган рамзни тушуниш учун шу тафсилот кифоя бизнингча. Қолган завқни китоб тўла мутолаасидаги онларга қолдирамиз…

Жиддий асар ўқийман, ўқиб ўзгараман, мутлақо янги қарашлар, фикрларга эга бўламан, деган китобхонлар! “Дориан Грейнинг портрети” романи айни сиз каби нозик дидли ўқувчиларга мўлжалланган!

***

Гўзал нарсадан иллат топадиган одамлар айниган одамлардир. Бироқ айниш уларни ёқимлироқ қилиб қўймайди, албатта. Бу катта гуноҳдир.

Гўзалликда унинг юксак маъносини кўришга қобил одамлар маданиятли одамлардир. Уларга умид билан қараса бўлади.

Лекин энг асили ва энг маъқули – гўзалликда фақат бир нарсани – чиройлиликнигина кўра оладиган одамдир.

***

Санъаткорга носоғлом тамойилларни ёпиштириб юрманг. Унга истаган нарсасини тасвирлашга эрк берилган.

Фикр ва Сўз санъаткор учун санъат воситасидир. Иллат ва фазилат унинг ижоди учун материалдир.

* * *

Одам бирор фойдали иш қилса-ю, бу ишидан ўзи завқланиб ҳаволанмаса, уни кечириш мумкин. Бефойда нарса барпо этадиган одамни эса оқлайдиган ягона нарса ўзининг ана шу яратган нарсасига эҳтиросли муҳаббатидир.

* * *

Жисмонан ёхуд руҳан комил одамларнинг тақдирида аллақандай бир шум қисмат бўлади – бутун тарих давомида ана шундай шум қисмат қиролларнинг нотўғри қадамларига раҳнамолик қилиб келгандай. Бошқалардан ҳеч нарса билан ажраб турмаслик бехатарроқ. Бу дунёда ҳамиша тентаклар билан бадбашараларгина ютиб чиқади. Улар бемалол ўтириб, бошқаларнинг курашини томоша қилаверишлари мумкин. Улар ғалабалар нашидасини суриш имконидан маҳрум, лекин бунинг эвазига мағлубият аламини ҳам тотмайдилар.

* * *

Энг оддий, энг арзимас буюм ҳам уни одамлардан яшира бошлашинг биланоқ кишини лол қолдирадиган даражада қизиқарли бўлиб қолади.

* * *

Яшашдан мақсад – ўзлигини намоён этишдир. Биз ўз моҳиятимизни тўла-тўкис намоён этиш мақсади билан яшаймиз. Бизнинг асримизда эса одамлар ўзларидан ўзлари қўрқадиган бўлиб қолишган. Улар энг олий бурч – ўз олдингдаги бурч эканини унутиб юборишган. Албатта, улар меҳрибон. Улар очнинг қорнини тўйдиришади, қашшоқни кийинтиришади. Бироқ уларнинг ўз қалблари яланғоч ва бир тишлам нонга зор, очликдан нобуд бўлмоқда. Биз мардлигимизни йўқотиб қўйдик. Балки, мардлик деган нарса бизда ҳеч қачон бўлган ҳам эмасдир. Биз жамоатчилик фикридан қўрқамиз – ахлоқимиз шу қўрқув асосига қурилган.

* * *

Гўзал нарсанинг ортида ҳамиша бирон-бир фожиа яшириниб ётади. Энг камсуқум, энг арзимас бир гулнинг гуллаши учун ҳам дунёлар тўлғоқ дардини бошдан кечирмоқлари зарур.

* * *

Ҳаёт ҳақиқати бизга айни зиддиятли фикрлар шаклида намоён бўлади. Воқеликни идрок этиш учун унинг дорбозга ўхшаб, дор устида зўрға мувозанатини сақлаб турганини кўрмоқ керак. Ҳақиқат амалга оширадиган турли-туман сакрашлар-у жилпанглашларнинг барини кўргандан кейингина биз у тўғрисида тўғри мулоҳаза юрита оламиз.

* * *

Ошиқлик одамнинг ўз-ўзини алдашидан бошланади, бошқани алдаш билан эса тамом бўлади.

* * *

Бизнинг давримизда дунёни ғоялар эмас, шахслар бошқаради.

* * *

Инсон бахтга ноил бўлган чоғларда ҳамиша яхши бўлади, лекин яхши одамлар ҳамма вақт ҳам бахтга ноил бўлавермайди.

* * *

Бир зукко француз айтган экан – аёллар бизни улуғ ишларга илҳомлантиришади, лекин ҳамиша уларни амалга оширишга халақит беришади.

* * *

Фақат икки тоифа одамларгина чинакамига қизиқарлидир. Буларнинг бири ҳаёт тўғрисида мукаммал билимга эга бўлганлари, иккинчиси – ҳаёт тўғрисида ҳеч нарса билмайдиганлари.

* * *

Муҳаббатидан айрилиб қолган одамнинг изтиробларида ҳамиша аллақандай кулгили бир нарса бўлади.

* * *

Яхши ниятлар билан қилинадиган ишларга ҳамиша ёмон қисмат соя ташлаб туради – бундай ишларни қилишга доим кечикиб киришилади.

* * *

Кўпинча ҳаётда чинакам фожиалар бағоят қўпол шаклда намоён бўлади. Уларнинг дағал жўшқинлиги, бениҳоя мантиқсизлиги, бемаънилиги, ҳар қандай нафосатдан бутунлай маҳрумлиги бизга малол келади. Ҳар қандай бачкана нарсалар ғашимизга теккани каби, улар ҳам энсамизни қотиради. Биз уларда дағал бир ваҳший кучнигина ҳис қиламиз ва унга қарши бош кўтарамиз. Бироқ бошқача ҳоллар бўлиши ҳам мумкин. Биз ҳаётда шундай драмаларга ҳам рўпара келишимиз мумкинки, уларда бадиий гўзаллик унсурлари мавжуд бўлади. Агар бу гўзаллик чинакам бўлса, ҳодисаларнинг драматизми бизни тўла мафтун қилиб олади. Шунда қўққисдан сеза бошлаймизки, биз ортиқ бу фожианинг иштирокчилари эмас, шунчаки томошабинларимиз, холос. Ёки аниқроқ айтганда, ҳам иштирокчиси, ҳам томошабини. Биз ўзимизни ўзимиз томоша қила бошлаймиз ва бу манзараларнинг ғайриодатийлиги бизни мароқлантиради.

* * *

Фақат маҳдуд одамларгина йиллардан бирон бир туйғудан ёхуд таассуротдан мосуво бўлмоқ учун фойдаланадилар. Ўзини тута оладиган одам эса янги қувончларни нечоғлик осон топса, ғам-ғуссасини ҳам шунчалик осон барҳам топтира олади.

* * *

Бир инсонпарвар одам бўлган экан – у йигирма йил умрини аллақандай инсофсизликларга ёхуд адолатсиз қонунларга қарши курашга сарфлабди. Нимага экани аниқ эсимда қолмабди. Охир-оқибатда у ўз мақсадига эришибди. Эришибди-ю, шу заҳоти жуда қаттиқ ҳафсаласи пир бўлибди. Унинг ортиқ курашадиган нарсаси қолмабди, зериккандан юраклари сиқилиб кетибди ва одамлардан нафратланадиган бўлиб қолибди.

* * *

Вақт деганлари ҳар қандай гўзал ва бетакрор нарсанинг кушандаси бўларкан.

* * *

Ёшлик – беғамлик дегани. Ёшликнинг жамики латофати ҳам шунда.

***

Инсон ясама қиёфа касб этишга мажбур бўлганида хотиржамлик билан самимиятдан ортиқроқ уни табиий қилиб кўрсатадиган нарса йўқ бўлса керак.

* * *

Аёллар бизни нуқсонларимиз учун яхши кўришади. Агар бу нуқсонлар анча-мунча бўлса, улар бизни ҳар жиҳатдан кечиришга тайёрлар… Ҳатто ақлий ноқислигимиздан ҳам кўз юмишади…

* * *

Бирор эҳтироснинг бандаси бўлган одамнинг фикри тор доирада айлана бошлайди.

***

Таъриф бермоқ – чеклаб қўймоқдир.

* * *

Ҳаёт одамга жуда ярлақаганда фақат бир марта бир Улуғ лаҳза ато этади. Бахт деганнинг сири шундаки, ана шу улуғ лаҳзани имкони борича тез-тез бошдан кечириб турмоқ керак.

* * *

Воқеликда ҳамма нарса аралаш-қуралаш, лекин инсон хаёлотининг ишида мустаҳкам мантиқ бор. Ва фақат бизнинг хаёлотимизгина пушаймонни жиноят изидан бир қадам ҳам ортда қолмай боришга мажбур этади. Фақат хаёлотимизгина ҳар бир гуноҳимизнинг жирканч манзараларини кўз ўнгимизда чизиб беради. Реал фактлар дунёсида гуноҳкорлар жазоланмайди, авлиёлар мукофотланмайди. Кучлиларга омад ёр бўлади, кучсизлар муваффақиятсизликка учрайди. Тамом-вассалом!

* * *

Одамзод ҳамма нарсани бошидан кечирмоғи мумкин-у, фақат ўлимга чап беролмайди. Бизнинг ўн тўққизинчи юз йиллигимизда фақат иккита нарсагина ҳануз изоҳланмай қолиб келяпти. Булар ўлим билан бачканаликдир.

***

Бирор иш қилсангиз-у, агар бу тўғрида тушликдан кейин одамлар билан бемалол гурунглашиб ўтириш имкони бўлмаса, унақа ишни зинҳор-базинҳор қила кўрманг.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.