Ҳиндистонда технология компанияларидан бирининг ходими ишчи йиғилиш чоғида директор бақириш ва жазавага тушишни бошлагач, ваҳима хуружи тутиб, шифохонага ётқизилди, дея маълум қилган The Indian Express нашри.
Воқеа IT-компаниянинг офисида ўтган ҳафталик гуруҳ йиғилиши вақтида содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, топ-менеджер кутилмаганда овозини баландлатиб, ходимларга бақиришни бошлаган. Уларга қарата қоғозларни улоқтириб, иш унумдорлигини пасайтириб юборганликда айблаган.
Йиғилиш иштирокчиларидан бири бўлган 28 ёшли Амит стрессли вазиятга чидай олмай, соғлиғи кескин ёмонлашганини ҳис қилган: унда бош айланиши, нафас қисиши ва кўкрак соҳасида оғриқ бошланган. Ҳамкасблари тез тиббий ёрдам чақиртириб, уни энг яқин шифохонага олиб боришган. Шифохонада беморга ўткир ваҳима хуружи ва вақтинчалик артериал қон босими ошиши ташхиси қуйилган.
Шифокорларнинг қайд этишича, беморда аввал юрак касалликлари кузатилмаган, бироқ кучли ҳиссий изтироб инқироз ривожланиши учун туртки бўлган.
Компания ҳолат юзасидан ҳали расмий изоҳ бермаган. Бироқ офисдаги манба директор аллақачон бўлиб ўтган воқеа учун жамоадан ўз узрини сўраганини маълум қилган.

