Янги рукн: Қашқадарёга оид
Қашқадарё – ноёб табиий бойликлари, улкан саноат салоҳияти билан юртимизнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётгани барчамизга маълум. Ўз ўрнида, тарихи бир неча минг йилликларга туташ бу воҳа буюк ижодкорлар, маърифатпарвар алломалар, эл эъзозидаги фидойи инсонлар, довруқ таратган турли касб эгаларига бешик эканлиги билан ҳам эътиборга молик. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Қашқадарё – қадимий ва табаррук замин, мард ва бағрикенг, меҳнаткаш ва лафзи ҳалол, ғурури баланд инсонлар юртидир».
Бинобарин, газетамизда Қашқадарёга оид муҳим фактлар, далиллар, воҳанинг фидойи фарзандлари ҳақида маълумотлар бериб боришни мақсад қилдик. Ишонамизки, мазкур рукнда эълон қилинаётган маълумотлар кўпчилик учун манфаатли бўлади.
Даставвал илм-фан намояндалари, хусусан, Қашқадарёдан етишиб чиққан академиклар ҳақида тўхталмоқчимиз. Тўғри, бугун турфа «академия»лар томонидан илм-фанга айтарли алоқаси бўлмаган, тайинли ҳисса қўшмаган турли кишиларга недир манфаат эвазига «академик» деган рутба қўшқўллаб топширилаётгани бор гап. Биз улар эмас, Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ҳақиқий академик унвонига лойиқ кўрилган ва илм-фаннинг чинакам заҳматкашлари хусусида сўз юритамиз.
Қашқадарёдан етишиб чиққан академиклар 6 нафар бўлиб, улар: Карим Шониёзов, Тўлқин Бекмуродов, Асқар Холмуродов, Қаҳрамон Давронов, Қаландар Абдураҳмонов, Анатолий Сагдуллаевдир.
Туғилган йилидан келиб чиқсак, академикларимизнинг энг ёши улуғи этнограф олим Карим Шониёзов (1924-2000) саналади. Олим Косон туманидаги Қарлуқ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлик вазирлиги ходими бўлиб ишлаган. Сўнг собиқ иттифоқ Фанлар академияси Этнография институтининг Ленинград филиалига аспирантурага ўқишга кириб, ҳаётини илм йўлига бағишлаган.
Карим Шониёзов «Ўзбек халқининг этник тарихи ҳақида» мавзусида докторлик диссертацияси олиб борган. «Қанғ ва Қанғийлар давлати», «Қарлуқлар ва қарлуқлар давлати», «Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни» каби фундаментал асарлар муаллифи саналади.
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Тўлқин Бекмуродов (1935-2021) Ўзбекистонга компьютер технологиялари, информатика, автоматлаштирилган бошқарув тизимларини олиб кирган олимлардан бири. Унинг отаси Файзи Бекмуродов Қашқадарё вилояти раҳбари бўлиб ишлаган.
Асқар Холмуродов (1939-1997) Яккабоғда туғилган. У фундаментал биокимё ва биотехнология соҳасида халқаро миқёсда эътироф этилган олимдир.
Қаҳрамон Давронов 1945 йилда Қамаши туманидаги Қорабоғ қишлоғида туғилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Фанлар академияси микробиология илмий тадқиқот институти директори. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, биология фанлари доктори, профессор.
1995-1998 йилларда Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Озод Пармонов Қаҳрамон Давроновнинг укаси саналади.
Иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Индонезиянинг Гунадарма университети фахрий профессори, Россия Табиий фанлар академияси академиги, Халқаро географик иттифоқ аъзоси, Нью-Йорк Фанлар академияси академиги, Россия Гуманитар фанлар академияси академиги Қаландар Абдураҳмонов 1946 йилда Чироқчи туманида туғилган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, академик Анатолий Сагдуллаев эса 1951 йилда Китоб туманида туғилган. Анатолий Сагдуллаев Ўрта Осиё археологияси ва давлатчилиги тарихи бўйича ўз мактабини яратган тарихчи олимдир. Унинг «Қадимги Кеш – Шаҳрисабз тарихидан лавҳалар» (1998), «Шаҳрисабз. Минг йилликлар мероси» (2002) монографиялари ЮНЕСКО ва жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан тан олинган. 2000-2010 йилларда Россия Федерацияси Давлат архиви билан ҳамкорликда Россия архивларидаги Ўзбекистон тарихининг ХХ аср 20-80 йилларига доир ноёб материалларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ишларида бош-қош бўлган.
Б.САЙФИЕВ

