Қашқадарё ва дунё
Минг йилларким, дунё халқлари бир-бирини ўрганиб, дўстона алоқаларни ўрнатиб, турли соҳалар, жумладан, савдо ва илм-фанда ҳамкорлик қилиб келган. Натижада тиллар, маданиятлар, қадриятлар яқинлашган. Бугун ҳам бу анъана давом этмоқда. Гарчи глобаллашув барча соҳаларни бирдек қамраб олаётган ҳозирги шароитда айрим мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар қолипини йўқотаётган, асрлар давомида элларни бирлаштирган бирдамлик айроликка, манфаатлар бир ёқламаликка айланаётган бўлса-да, эзгулик йўлида ҳамиша ҳамроҳ, ҳамфикр, ҳамкор топилади.
Сўнгги йилларда таълим, «яшил» энергетика ва иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда. Хусусан, бу борада Германия Федератив Республикаси билан манфаатли шериклик тамойиллари асосида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Берлинда ва Қозоғистонда ўтказилган халқаро саммитларда бу борадаги истиқболдаги режалар тузиб олинди, мақсадлар белгиланди.
Бугунги кунда юртимизда, жумладан, вилоятимизда немис таълим стандартларига асосланган мактабгача таълим муассасалари ва техникумлар фаолияти кенгаймоқда. Айниқса, Германияда талаб юқори бўлган соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
МАҚСАДЛАР МУШТАРАК
Ўтган ҳафтада вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигида бир гуруҳ расмийлар ва мутахассислар Германияда хизмат сафарида бўлдилар. Учрашувларда бир неча лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш, ёшларимизни касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари яратиш ва тартибли миграцияни йўлга қўйишга доир кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Гейдельберг шаҳри мери Эккарт Вурснер билан ўтказилган учрашувда олий ва касбий таълим, соғлиқни сақлаш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда тартибли миграция йўналишларида узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Ташриф доирасида Гейдельберг шаҳрида Германиянинг етакчи ишбилармон доиралари, савдо-саноат ҳамда ҳунармандчилик палаталари вакиллари иштирокида «Қашқадарё – Гейдельберг иқтисодий форуми» ўтказилди. Мазкур форум икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги инвестицион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва амалий ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
«Қашқадарё – Дюссельдорф иқтисодиёт ва ҳамкорлик форуми»да ҳам муҳим масалалар кун тартибидан ўрин олди. Тадбирда Дюссельдорф шаҳрида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ўрта ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари иштирок этди. Томонлар таълим, соғлиқни сақлаш, тиббиёт, тартибли миграция ва инвестиция йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришдилар.
Маннҳейм шаҳри ҳокими Кристиан Шпехт ва немис таълим муассасалари, ташкилотлар ва тадбиркорлар билан учрашувда Германия олий ва касбий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, дуал таълим дастурларини жорий этиш, муҳандислик ва техник йўналишларда мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маннҳейм шаҳридаги университетлар ва амалий фанлар олийгоҳлари тажрибаси Қашқадарё вилоятида замонавий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мулоқотлар давомида қўшма корхоналар ташкил этиш, саноат парклари ва инновацион кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришда рақамлаштириш ва автоматлаштириш тажрибасини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.
МАСЪУЛИЯТ ЮКИ
Германиядан бир олам таассурот, истиқболли режа ва катта масъулият билан қайтдик. Одамларнинг самимийлиги, тоза-озода шаҳарлар, «темир» интизом бизга ўзгача таассурот қолдирди. Режаларга келсак, ҳамкорлик йўлида бизнинг ҳам ўз ўрнимиз борлигини, айниқса кадрлар тайёрлаш масаласига янгича ёндашув асосида меҳнат қилишимиз лозимлигини англадик. Бу, ўз навбатида, зиммамизга катта масъулият юклайди.

Маълумки, Германия дунёдаги саноати ва иқтисодиёти ривожланган энг етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Ушбу давлат ялпи ички маҳсулоти бўйича жаҳонда АҚШ ва Хитойдан кейин 3-ўринда туради. Асосан, машинасозлик ва саноат ускуналари, кимё ва фармацевтика, муҳандислик ва технология, қайта тикланувчи энергия соҳалари ривожланган. Ишсизлик даражаси нисбатан паст. Муҳандислар, ахборот технологиялари мутахассислари ва тиббиёт ходимларига талаб юқори.
Мамлакат олий таълим сифати ва қулай шартлари билан машҳур. Олий таълим ташкилотлари, асосан, уч турга бўлинади: университет (илмий тадқиқотга йўналтирилган), амалий университетлар (саноат билан яқин ҳамкорликдаги амалиётга йўналтирилган таълим) ва дуал таълим (ўқиш иш фаолияти билан бирга олиб борилади).
Бугунги кунда мамлакатимиз, хусусан вилоятимиз Германия билан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Вилоят ҳокими бошчилигидаги ташриф ҳам ана шу ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди.
Учрашувларда Германиядаги Ҳайделберг университети, Маннҳейм техника университети ҳамда Маннҳейм амалий менежмент тадқиқотлари университети раҳбарлари билан мулоқот ўтказилди. Тадбирларда Қарши давлат техника университетининг илмий ва ўқув фаолияти, илғор натижалар ҳамда ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маъруза қилдик. Тақдимотлар ўтказдик.
Музокаралар жараёнида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик алмашинуви, биргаликда илмий лойиҳалар грантида иштирок этиш, илмий анжуманлар ўтказиш, қўшма таълим дастурларини жорий қилиш каби кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Келишувларга эришилди.
Германиянинг йирик транспорт-логистика компанияларидан бири – «Pfenning Logistics GmbH» билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Мазкур компания узоқ тарихга эга. У 1899 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Германия бўйлаб 110 та филиалга, 7000 нафардан ортиқ ходимга эга. Компания тасарруфида 1000 та юк автомобили мавжуд бўлиб, у Европа миқёсида замонавий ва ишончли логистика хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Вилоят ҳокими иштирокида имзоланган битимга кўра, йилига 300 нафар оғир юк машинаси ҳайдовчиси ва 300 нафар автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича малакали мутахассис Германияга юборилади. Бу ҳамкорлик университетимизнинг логистика соҳасида мутахассислар тайёрлаш борасидаги фаолиятида янги саҳифа очади.
Хизмат сафари давомида Германия Сунъий интеллект тадқиқот марказининг илмий маслаҳатчиси, профессор Вольфганг Вальстер билан учрашув ҳам биз учун манфаатли бўлди. Сабаби, вилоят олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 50 нафар талабанинг ушбу марказда малака ошириши учун 2 миллион евро миқдорида грант ажратиладиган бўлди.
КАСБ + ТИЛ = БАНДЛИК
Бугунги кунда юртимизда олий таълим муассасаларининг фаолиятига 4 мезон асосида, яъни битирувчилар бандлиги, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини сотиш, илмий салоҳияти ва тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари ҳамда жалб қилинган маҳаллий ва хорижий грантларга қараб баҳо берилади. Шу нуқтаи назардан, талабалар бандлигини таъминлашда германиялик иш берувчилар биз учун яхши имконият.
2025 йил ноябрь ойида Берлин шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Германия олий таълим муассасалари ректорлари форумида иштирок этдик. Форум доирасида университетимиз ва Германиядаги «Avestos GmbH» халқаро компанияси ҳамда Дрезден техника университети билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Мазкур битимларга кўра, Дрезден техника университети билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш, стажировка ва тажриба алмашинувини ташкил этиш, германиялик мутахассисларни университетимиз таълим ва илмий тадқиқот жараёнларига жалб этиш, биргаликда ERASMUS+ CBHE дастури доирасида қўшма лойиҳалар тайёрлаш белгиланди.
«Avestos GmbH» халқаро компанияси билан эса университетимизда немис тилини ўқитишни йўлга қўйиш ва талабаларимизни Германияда ҳақ тўланадиган амалиёт дастурига тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилинади.

Университетимиз халқаро ҳамкорлик ва академик мобиллик йўналишида сўнгги йилларда салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. Хусусан, Erasmus+ ICM KA171 дастури доирасида 2025 йилда жами 8 нафар талаба халқаро грантни қўлга киритди. Шунингдек, Словакия миллий стипендия дастури (NSP Slovakia) доирасида 2025 йилда 4 нафар, 2026 йил учун эса яна 4 нафар талаба грант ютиб, хорижда таълим олиш имкониятига эга бўлди. 2026 йилда Erasmus+ ICM KA171 лойиҳаси доирасида қўшимча 10 нафар талаба нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида ўқишга юборилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Erasmus+ CBHE (Capacity Building in Higher Education) йўналишидаги HEMUA лойиҳаси доирасида ҳам университетимиз фаол иштирок этиб келмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида университетимизга ажратилган умумий молиявий маблағ қарийб 40 минг еврони ташкил этади. Мазкур грант асосида 2 нафар профессор-ўқитувчимиз Италиянинг нуфузли Болония университетида илмий ва педагогик тажриба алмашди.
Талабалар учун амалий ва мавсумий бандлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида «Work and Travel» дастури доирасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Болгария давлатига юбориш бўйича 100 нафар талаба ҳужжат топшириб, ҳозирда виза жараёнлари давом этмоқда. Шунингдек, Германия йўналиши бўйича 50 нафар талаба учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва хорижий меҳнат бозорига мослашувни кучайтириш мақсадида университетимизда немис тилини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу курсларда 250 нафар талаба немис тилини ўрганиб, халқаро таълим ва меҳнат дастурларида иштирок этиш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.
* * *
Хўш, Германия билан ҳамкорлик бизга нима беради? Германия дуал таълим бўйича катта тажрибага эга. Бугун юртимизда муҳандислик соҳасида ушбу таълим тизимини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йирик корхоналар ва олий таълим ташкилотлари ўртасида илғор муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Бу малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятларини янада кенгайтиради.
Бундан ташқари, Европадаги нуфузли университетлар билан ҳамкорлик халқаро грантлар дастурларида иштирок этишимизга имкон беради. Ёш олимларимизнинг билим ва тажрибаси кучаяди, янги авлод дарсликлари яратилади. Таълим сифати ортади.
Университетимиз Европа Иттифоқи Erasmus+ CBHE дастурининг фаол иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Масалан, «MechaUz» – «Инновацион ғоялар ва рақамли технологиялар орқали мехатроника ва робототехника бўйича бакалавриат таълимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида Германиянинг «LUCAS NULLE» компанияси томонидан «Мехатроника ва лаборатория жиҳозлари келтирилган.
Бизнинг муҳандис талабалар хорижда осон иш топиши учун, аввало, уларга замонга мос таълим беришимиз, шунингдек, асосий таълим йўналишларини халқаро аккредитациядан ўтказишимиз лозим бўлади. Университетимизнинг 3 та магистратура мутахассислиги ва 2 та бакалавриат таълим йўналиши Германиянинг ASIIN компаниясида халқаро аккредитациядан ўтказилди. Бу нима беради? Эртага талабанинг қўлида Гейдельберг университети битирувчисининг дипломи, муҳандисликка оид халқаро сертификат, тил билиш бўйича яна бир сертификати бўлса, у ишсиз қолмайди. Нафақат Ўзбекистонда, балки чет элда ҳам ўзига муносиб, сердаромад ишни осон топа олади.
– Анча вақтдан бери ёшларни Германияда профессионал фаолият юритишга эрта ва реал тарзда қандай тайёрлаш мумкинлиги масаласи мени қизиқтириб келмоқда, – деди германиялик мутахассис Франк Биркемеер. – Амалий тажрибамдан келиб чиқиб шуни айта оламанки, касбий малакадан ташқари, шахсий муносабат, меҳнат маданияти, маданий мослашув ҳамда Германия иш берувчиларининг имкониятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Сиз раҳбарлик қилаётган университет талабалари учун тузилмавий ахборот ва йўналтирувчи дастур таклиф этиш ғояси пайдо бўлди. Бу, маълум маънода, Германияда ишлашни истаган талабалар учун ихтиёрий қўшимча ўқув дастури бўлади.
Ҳамкорлик ўзаро ҳамфикрлик пойдеворига қурилган бўлса, эзгуликка хизмат қилади. Миллатларни бир-бирига яқинлаштиради, муаммоларга ечим топишга ёрдам беради. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги ўз сўзи, якдил фикри ана шу тамойилга асосланган.
Шерзод НЕЪМАТОВ
Қарши давлат техника университети ректори

