16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

ДЕПУТАТЛАРНИНГ УЙИДА ГАЗДАН МУАММО ЙЎҚМИ?

Маҳаллий Кенгашда

Бугун халқни давлатдан рози қилиш мақсади мамлакатимиз  сиёсатида устувор аҳамият касб этаяпти. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масаласи ана шу йўналишдаги энг масъулиятли вазифалардан бўлиб қолаётгани ҳам сир эмас. Зеро, улар аҳолини қийнаётган муаммоларни акс эттирар экан, ҳар қандай адолатли ечим одамларнинг кайфиятини белгилайди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида Қашқадарёдан Президент Халқ ва виртуал қабулхоналарига 48 минг 920 та мурожаат тушган. Шундан 2 минг 330 таси (яна бир маълумотда эса 2 минг 978 таси) «Hududgaz Qashqadaryo» газ таъминоти филиали фаолиятига дахлдор экан. Энг кўп кўтарилган (1 минг 883 та) масала – суюлтирилган газ билан таъминлаш.

Хўш, бунга филиал директори Улуғбек Эрназаров қандай изоҳ берди. Бу «Hududgaz Qashqadaryo» мансабдорининг Халқ депутатлари вилоят Кенгашида тингланган ҳисоботидан аён бўлади.

 Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда вилоят бўйича 587 мингдан ортиқ аҳоли истеъмолчиларига белгиланган жадвал асосида суюлтирилган газ етказиб бериш ишлари ташкил этилган. Бироқ, ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулот ҳажмларининг эҳтиёжга нисбатан кам етказиб берилиши натижасида 35-40 кундан ортиқ муддатда суюлтирилган газ олаётган истеъмолчилар сони 466 мингтага, 50 кундан ортиқ муддатда таъминланаётган истеъмолчилар сони эса 121 мингтага етган.

Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида вилоятдаги аҳоли истеъмолчилари учун 40,6 минг тонна суюлтирилган газ ажратилиб, режага нисбатан 1,2 минг тонна ёки ҳақиқий эҳтиёжга нисбатан 10,4 минг тонна кам маҳсулот етказиб берилган. Натижада уни тарқатиш даврийлиги ҳатто 65-67 кунни ташкил этаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, аҳоли истеъмолчиларига суюлтирилган газ маҳсулотини 40-45 кунда белгиланган миқдорда етказиб бериш учун вилоятга ҳар ойда ўртача 8,5 минг тонна маҳсулот ажратиш зарур.

Таҳлиллардан кўринадики, жорий йилнинг дастлабки олти ойида «Hududgaz Qashqadaryo» газ таъминоти филиалига тушган мурожаатлар сони  ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 401 тага (яна бир маълумотда эса 551 тага) кўпайган. Демак, аҳолида газ таъминоти ва филиал ваколатига кирувчи масалалар бўйича саволлар кўпайган.

Кенгаш эса Улуғбек Эрназаровнинг ҳисоботини маълумот учун қабул қилиш ва унга қонун ҳужжатлари билан юкланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолатини қониқарли деб топиш тўғрисида қарор қилган.

Демак, мансабдор қўлидан келганини қилаяпти. Суюлтирилган газ таъминотида бўй кўрсатган муаммоларга эса вақтида ва етарлича маҳсулот етказиб бера олмаётган ишлаб чиқарувчилар айбдор кўринади. Депутатларнинг уйида эса газдан муаммо йўқ бўлса керак. Аксинча, уларни масаланинг конкрет ечими борасидаги ишлар қизиқтирар, шу кетишда куз-қиш мавсумида бош кўтарадиган муаммолар кўлами янада кенгроқ бўлиши эҳтимоли ташвишга соларди. Ундай бўлмади. Балки тингланаётган ҳисобот мавзуси мурожаатлар юзасидан бўлгани учун уларнинг аксариятини юзага келтирган масала четга сурилиб қолгандир… 

Хўш, вилоятда ҳақиқий эҳтиёжга мос ҳажмда газ олиш учун ким ўртага чиқиши керак? Умуман, бунинг имкони борми? Тақсимотдаги адолат қаерда таъминланади? Мана, Кенгаш ҳисоботни тинглади, энди нима ўзгаради?   

Ўз мухбиримиз