Эътироф этилишича, Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекистонлик 214 минг аскар ва офицерлар жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган, уларнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, 70 нафари учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») орденига сазовор бўлган. Бугун жаҳон тарихидаги энг қирғинбарот урушда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатиб, дунё халқларини фашизм балосидан қутқарган юз минглаб ватандошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирар эканмиз, буюк ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган қашқадарёлик ўғлонларнинг ҳам қаҳрамонликларини ёдга оламиз.
Доимо қалбимизда
19 ёшли қаҳрамон оддий аскар Шоди Шоимов
1925 йилда Шаҳрисабз яқинидаги Арабон қишлоғида оддий деҳқон оиласида туғилиб ўсган Шоди Шоимов 18 ёшида «райвоенкомат» томонидан ҳарбий хизматга чақирилган. Орадан тўрт ой ўтгач, яъни 1944 йилнинг дастлабки саналарида бу йигит бевосита фронтга жўнатилган ва минглаб қуролдошлари билан елкама-елка Белоруссия ҳудудини фашист босқинчиларидан озод қилишда қатнашган. Қишлоқ мактабида атиги беш йил ўқиб, шундан сўнг барча тенгдошлари каби колхозда ишлаган Шоди Шоимов энди автомат кўтариб, 2-Белоруссия фронтининг 50-армияси 385-ўқчилар дивизияси 1266-ўқчилар полки 2-батальони сафида душманга қарши жанг қила бошлади.
1944 йил 27 июнь куни таркибида оддий аскар Шоимов ҳам бўлган махсус гуруҳ аъзолари Могилёв вилояти Могилёв тумани Дашковка қишлоғи яқинида Днепр дарёсидан кечиб ўтиб, қирғоқда ўрнашиб олишди ва душманнинг асосий кучлари жойлашувини аниқлаб, уларни ўққа тутишди. Фашистлар позицияларига қарийб бир кун давомида тўхтовсиз ҳужум қилган ўқчилар рақиб эътиборини ўзларига қаратиб, бошқа бўлинмаларнинг дарёдан тўсиқсиз кечиб ўтиши учун шароит яратишди ва ўз полкидаги кўплаб аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолишди. Бу жараёнда, айниқса, оддий аскар Шоди Шоимов жасорат кўрсатиб, гранаталарни аниқ мўлжалга улоқтирди ва юзма-юз жангларда ҳам бир қанча босқинчиларни тор-мор қилди. Бироқ плацдармни кенгайтириш учун бўлиб ўтган қонли тўқнашувда 19 ёшли воҳадошимиз оғир яраланди ва 28 июнь куни вафот этди.
Фашист босқинчиларга қарши кураш фронтида қўмондонлик топшириқларини намунали бажариб, бунда кўрсатган жасорати ва қаҳрамонлиги учун 1945 йил 24 мартда Шоди Шоимов (марҳум)га Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди.
Оддий аскар Шоди Шоимов Дашковка қишлоғи (ҳозирги Беларусь Республикаси Могилёв вилояти Дашковка агрошаҳарчаси)даги биродарлик қабрида дафн этилган бўлиб, ушбу мемориал мажмуа мазкур мамлакатнинг тарихий-маданий ёдгорлиги ҳисобланади. Шаҳрисабз туманидаги 10-мактабда эса қаҳрамон Шоди Шоимовнинг бюсти ўрнатилган.
Китоблик «комбат» Шодмон Умаров

Тасодифни қараганки, шаҳрисабзлик Шоди Шоимовнинг қаҳрамонлиги эътироф этилган 1945 йил 24 март куни Қашқадарёнинг яна бир мард ва жасур ўғлони – 1918 йилда Китоб тумани Урус қишлоғида туғилган Шодмон Умаров ҳам бундай юксак унвонга сазовор бўлган экан.
Ҳарбий хизматга уруш бошланишидан анча олдин (1938 йилда) чақирилган Шодмон Умаров Тбилиси ҳарбий пиёдалар билим юртида таълим олди, 1942 йилда уни тамомлаб, урушга юборилди ва у ерда Брянск, 3-Украина ва 1-Белоруссия фронтларида ўзини довюрак жангчи ҳамда ҳарбий бўлинманинг моҳир қўмондони сифатида кўрсатди.
1944 йилнинг июль ойида 266-гвардия ўқчилар полки командири, гвардия подполковниги К.Павленко 3-ўқчилар батальони командири Шодмон Умаровнинг Украина Республикаси Волинь вилояти Ковель тумани Торговишче қишлоғи яқинидаги душман мудофаа чизиғини бузиб ўтишдаги саъй-ҳаракатларига таъриф берар экан, унинг ўз ҳаёти хавф остида қолишига эътибор бермай, доимо жангчиларнинг олдинги сафида юриши ва аскарларга ўрнак кўрсатиб, уларни қаҳрамонликларга илҳомлантириши ҳақида ёзган.
Дарвоқе, Ковель туманида китоблик «комбат» Шодмон Умаров бошчилигидаги ўқчилар батальони душман қаршилигини енгиб ўтиб, кейинчалик эса Вишнюв-Любомль ҳудудини ҳам фашистлардан тозалаб, темир йўл станциясини эгаллашга муваффақ бўлишган ва кўча жангларида рақибни тўлиқ тор-мор этишга эришган.
Орадан 6 ой ўтгач, яъни 1945 йилнинг январь ойи ўрталарида 3-ўқчилар батальони капитан Ш.Умаров етакчилигида Польшанинг Цицелювка ҳудудида ҳам душман мудофаасини ёриб ўтиб, фашистларнинг жуда кўплаб ҳарбий техникаларини йўқ қилган ҳамда артиллерия батареяси, жанговар ўқ-дорилар омбори ва бошқа қурол-яроғларни қўлга киритган. Шу ойнинг ўзида Шодмон Умаров ва унинг жангчилари Вайссенбург (ҳозирги Бедруско, Польша) аҳоли пункти ҳудудида Варта дарёсидан кечиб ўтишган ва чап қирғоқда плацдармни эгаллаб, 9 соат давомида душманнинг 7 та ҳужумини қайтаришган. Бўлинма позицияни эгаллаб турган бир пайтда шу плацдармдан дивизия катта куч билан ҳужум қилган ва Вайссенбургни озод қилган.
– Аниқ ва моҳирона бошқарув ҳамда ўртоқ Умаровнинг шахсий жасорати қўйилган вазифаларнинг муваффақиятли бажарилишини таъминлади, – дейилади архивларда сақланаётган мукофот варақасида.
Урушдан сўнг қаҳрамонлик унвони ва бир қатор орден, медаллар соҳиби Шодмон Умаров армияда хизматни давом эттирди. 1949 йилда ҳарбий академияни тамомлади, сўнг ҳарбий комиссариатлар тизимида хизмат қилди, олий ўқув юртининг ўқитувчиси сифатида ёшларга билим ва кўникмалар берди. 1975 йилда полковник унвонида истеъфога чиқди, аммо шунда ҳам Тошкент шаҳрида фуқаро муҳофазаси тизими ҳамда армия, авиация ва флотга кўмаклашиш бўйича кўнгиллилар жамиятида ишлаб, мазкур соҳалар ривожига ҳисса қўшиб келди. 1984 йилда оламдан кўз юмди ва Ўзбекистон пойтахтидаги ҳарбийлар қабристони қаҳрамонлар аллеясида дафн этилди.
Уйига «қора хат» борган бўлсада, ғалабани Берлинда нишонлаган Саид Ниёзов
Уруш вақтида қоғоз танқис бўлгани учун аскарлар фронтдан уйларига жўнатадиган хатлар одатдагидек конвертда эмас, балки шунчаки учбурчак шаклида букланган ҳолда юбориларди. Ўғиллари, оталари, турмуш ўртоқлари, ака-укалари урушга кетган одамлар бундай учбурчак мактубларни интиқиб кутишарди ва ниҳоят олгач, «Мен соғ-омонман, хизмат қилиб юрибман» қабилидаги оддий сўзларни ҳам қайта-қайта ўқишарди. Аммо айрим пайтларда учбурчак хатлар ўрнига почтальонлар босмахона усулида чоп этилган ва ичи сиёҳли ручка билан қўлда тўлдирилган «Извешчение», яъни ҳарбий хизматчи фронтда ҳалок бўлгани (вафот этгани) тўғрисидаги расмий хабарномаларни етказиб, хонадонни азахонага айлантириб юборишарди. Минг афсуски, бундай «қора хат»ларни уруш йилларида юртимиздаги юз минглаб оилалар олган…

Манбаларда ёзилишича, 1942 йил сентябрь ойида китоблик Саид Ниёзовнинг хонадонига ҳам «қора хат» жўнатилган. 1922 йилда Матмон қишлоғида туғилган бу йигит 1941 йилнинг баҳорида, Германия Совет Иттифоқига бостириб киришидан бир ой олдин ҳарбий хизматга чақирилган эди. Махсус тайёргарликдан ўтгач, 1942 йилнинг май ойида ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаган Саид фронтга юборилади ва сентябрда қонли Ржев жангида қатнашиб, яраланади. Оғир ва саросимали тўқнашувдан кейин содир бўлган англашилмовчилик боис Саид Ниёзов ҳалок бўлган аскарлар рўйхатига киритилган ва оиласига унинг ўлими тўғрисидаги хабарнома юборилган.
Аммо Саиднинг ажали тўлмаган экан, у кўп вақт ўтмай фронтга қайтди ва ўз жонини аямагани учун яна бир марта, бу сафар жуда оғир яраланди ва госпиталда 1943 йилнинг август ойигача қолиб кетди. Дастлаб механизациялашган ҳарбий бўлинмаларда пулемётчи бўлган Саид Ниёзов 1944 йилнинг бошида артиллерия қўшинларига ўтказилди ва урушнинг охиригача 1-Белоруссия фронти таркибидаги 275-гвардия танкларга қарши қирувчи артиллерия полкида хизмат қилди.
1944 йилнинг июнь ойида душманнинг қарши ҳужумини қайтариш чоғида қаҳрамонимиз битта танк ва 40 нафарга яқин фашистни тор-мор қилиб, «Жанговар хизматлари учун» медали билан мукофотланди. Шу йилнинг июль ойида Польшадаги Пшевали қишлоғи яқинида Саид Ниёзов яраланган бўлса-да, позициядан кетишга кўнмай, қуролдошлари билан бирга битта миномёт, учта пулемётни йўқ қилди ва пиёдаларнинг олға юриши учун шароит яратди. Бу жасорати учун китоблик жангчи III даражали «Слава» («Шуҳрат») орденига лойиқ кўрилди.

31 июлга ўтар кечаси артиллерия ва миномётлардан ўққа тутилган бўлса-да, артиллерия расчёти мўлжалловчиси Саид Ниёзов шериклари билан биринчилардан бўлиб Польшадаги Кемпа Хотецка аҳоли пункти яқинида Висла дарёсидан кечиб ўтиб, дарҳол қуролни отиш учун тайёрлади ва жангга қўшилди. 1 августда эса у кун давомида фашистларнинг 4 та ҳужумини қайтарди ва шу вақт ичида «расчёт» таркибида 2 та миномёт, 3 та пулемёт, 40 тагача душман аскарини йўқ қилди. Немислар бир неча марта артиллерия позицияларигача ёриб ўтишди, шунда С.Ниёзов пулемётни олиб, уларга яқинлашишга имкон бермади ва 15 нафаргача душман аскарини шахсан ўлдирди. Ушбу қаҳрамонлиги учун воҳадошимиз II даражали «Слава» («Шуҳрат») орденига тавсия этилди.
Деярли ҳар куни ўз матонати ва жасоратини намоён этган Саид Ниёзов 1945 йилнинг март ойида Кюстрин шаҳри (Польша) яқинида плацдармни сақлаш ва кенгайтириш борасида амалга оширган саъй-ҳаракатлари учун ҳам тақдирланди. Унинг «расчёт»и душманга ҳужум қилаётган ўқчилар қўшинларини қўллаб-қувватлар экан, шу жараёнда фашистлар миномёти ва пулемёти ҳамда кузатув пункти барбод қилинди. Артиллерия ёрдами туфайли пиёда аскарлар ортиқча талафотсиз Геншмар аҳоли пунктини эгаллашди ва ҳарбий плацдармни кенгайтиришга эришишди. Саид Ниёзовнинг олдинги мукофотидан бехабар қўмондонлик вакиллари уни яна II даражали «Слава» («Шуҳрат») ордени билан мукофотлашди, аммо 1945 йилнинг май ойида бу хато тўғриланди ва унга I даражали «Слава» («Шуҳрат») ордени топширилди.
алабани Саид Ниёзов Берлинда нишонлади ва 1945 йилнинг ўзида старшина унвонида демобилизация қилинди. Китоб туманига қайтгач, учала даражали «Слава» («Шуҳрат») ордени соҳиби мактаб ўқитувчиси, қишлоқ кенгаши раиси, хўжалик фуқаро муҳофазаси штаби бошлиғи, боғдорчилик бригадаси бригадири бўлиб ишлади. 1980-йилларда нафақага чиқди ва 2006 йилда, хонадонига «қора хат» келган кундан 64 йил ўтгач, оламдан кўз юмди…
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

