16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

Жорий йилнинг биринчи чорагида Қашқадарёга хориждан 62 минг сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўпми ё кам?

Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида Қашқадарё вилоятига 202 минг маҳаллий ва 62,4 минг хорижий туристлар ташриф буюрган ҳамда туризм экспорти 12,3 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарё вилоятининг туризм инфратузилмасини яхшилаш чоралари ва туризм дастурлари бажарилиши ҳолатини ўрганиш  давомида шу каби рақамлар таҳлил қилинди.

Сенаторлар ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари аъзолари ўрганиш давомида кўплаб туризм объектларида бўлиб,  туман ва шаҳарлардаги туризм салоҳияти, жойлардаги туризм инфратузилмаси ҳолати, янги рекреацион мажмуалари ва туризм зоналари фаолияти билан яқиндан танишди.

Ҳозирги вақтда вилоятнинг туризм салоҳиятини хорижий давлатларда тарғибот қилиш учун маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликда 70 га яқин турпакетлар ўзбек, инглиз, рус тилида ишлаб чиқилган бўлиб, у ўз ичига зиёрат, экотуризм, этнотуризм, гастротуризм ва экстремал туризм йўналишларини қамраб олган.

Бундан ташқари, жойлаштириш воситалари, яъни  меҳмонхона, хостел, уй меҳмонхоналар 2017 йилда 34 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони 365 тага етган. Янги 13 та туроператор фаолияти йўлга қўйилиб, шу тариқа вилоятда уларнинг сони 48 тага етган.

2024 йилда вилоятга 2,1 миллион (2023 йилда 1,8 миллион) маҳаллий ва 570 минг (2023 йил 222,3 минг) хорижий туристлар жалб қилиниб, туризм хизматлари экспорти 115 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Сенаторлар томонидан ҳудудларда хорижлик сайёҳлар, туроператорлар ва жойлаштириш воситалари вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилиб, ҳудуд миқёсида уларни қийнаётган муаммолар ва ечимини кутаётган масалаларга аниқликлар киритилди.

Ўрганиш якунлари бўйича Сенатнинг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда ишчи гуруҳ томонидан аниқланган муаммолар соҳа мутахассислари ва экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида муҳокамадан ўтказилди.

Қайд этилган муаммо ва камчиликлар, хусусан, туризм объектларида дам олиш учун қулай шарт-шароит яратиш ва инфратузилмани такомиллаштириш мақсадида ёритиш тизимларини ўрнатиш ва сув таъминотини яхшилаш, шунингдек, санитария-гигиена шохобчаларини барпо этиш ва реконструкция қилиш юзасидан зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда масъулларга тақдим этилди.

НАСРИДДИН