Сараланган сатрлар
Тарихни рўй-рост билиш, борича англаш учун унга адолат билан ёндашув керак. Дейлик, Бобур шахсиятини улуғламоқчи бўлсак, Шайбонийхонни ҳам ерга урмай, холис муносабат билан талқин этсак, кўзлаган мақсадга эришамиз. Ваҳоланки, Бобур ҳақидаги кўплаб асарларда Шайбонийхон босқинчи ва зўравон сифатида тасвирланиб, шу шаклда уқтириб келинди.
Аслида Муҳаммад Шайбонийхон моҳир лашкарбоши, ислоҳотчи, шоир ва мутафаккир эканидан кўз юмолмаймиз. У Амир Темурдан кейин парчаланиб кетган салтанатни қайта тиклади, ички барқарорликни таъминлади, четдан бўладиган ҳужумларга чек қўйди, мадрасалар, масжидлар, кўприклар, хонақоҳлар қурдирди, маориф соҳасида ислоҳотлар ўтказди.
Шайбонийхон ҳақида етарли тасаввур берадиган асарлар орасида Саъдулла Сиёевнинг “Дашти Қипчоқ лочини” асари алоҳида қийматга эга. Тарихчи Қаҳрамон Ражабов бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирган: “Муҳаммад Шайбонийхон ҳақида ҳозиргача ўзбек адабиётида айрим тарихий мавзудаги ҳикояларни мустасно этганда бирорта қисса ёки роман яратилмаган эди. Адиб Саъдулла Сиёев ўзбек адабиётидаги мазкур бўшлиқни тўлдириш учун масъулиятли вазифани ўз зиммасига олиб, жуда катта машаққат ва заҳматлар эвазига мазкур қиссани яратди”.
Асар тарих ихлосмандлари учун кўплаб қизиқарли маълумот ва лавҳаларни тақдим этади. Албатта, ўқиб кўринг!
* * *
Кўпни кўрган саркардалар тилида бир ҳикмат юради: тахтни эгаллашдан кўра уни қўлда тутиб қолиш мушкулроқ эмиш. Бу эътироф ёш ҳукмдор Бобур Мирзога ҳам тааллуқли бўлиб чиқди. У Самарқандни куз ойларининг оёғида ишғол қилган эди. Қишга бориб, аҳвол оғирлашди. Самарқанд ниҳоятда ғариблашиб қолган эди. Шайбонийхонлар шаҳарнинг бутун бойлигини олиб кетган, хазина бўм-бўш. Ҳатто навкарларга маош бергани сармоя етмасди. Бобур ночорлик важидан лашкарининг бир қисмини тарқатиб юборди. Унинг устига шаҳар аҳли орасида ҳам норозилик кучайди. Шайбонийхонлардан меҳру шафқат кўрмаган оддий меҳнаткаш халқ бобурийларнинг ваъдаларига ҳам ишонмай қўйди.
* * *
Шайбонийхоннинг азалий бир одати бор. У қайси шаҳар ё вилоятни забт этса, авваламбор ўша ернинг бозорини бориб кўради. Зеро, бозор мамлакатнинг юз-кўзи деган ақидага ишонади.
* * *
Танбал элчилар орқали хонга садоқат, вафо, умид, миннатдорлик битилган мактублар йўллашни унутмайди. “Ишқилиб, шу саҳройи ўзбекнинг орқаси тиришмасин, бутун нонимни яримта қилмасин” дея Тангрига ёлборади. Хирождан, солиқдан уриб қолган тилла-кумушларини эса олис тоғлар қаъридаги ит топмас ғорларга бекитади. Водариғ! Не ажабки, иймонини ютиб, мунофиқлик қилган, қасамхўрни Ҳақ таоло ҳам кечирмас экан.
Шайбонийхон тижоратчи, қаландар қиёфасидаги хуфялари орқали Аҳмад Танбалнинг муттаҳамлиги, хиёнат-корлигини эшитиб юрган эди. Танбалнинг захирадаги суворийлари тўғрисида ҳам хабар топди. Хон қизиққонроқ бўлса-да, собир ҳукмдорлардан эди. Аммо, энди бош кўтарган илоннинг уясини бузмасанг, у аждаҳога айланиб кетиши мумкин.
* * *
Шайбонийхон хос хонасида танҳо ўтирибди. Икки ёнбошида даста-даста китоб: куллиётлар, тазкиралар, баёзлар. Олдида миз – хат ёзгани пастак хонтахта. Хон рўпарадаги каттакон, юмалоқ манғалда потирлаб ёнаётган ёнғоқдек қип-қизил чўғларга хаёлчан тикилиб қолди. Чўғлардан чиқаётган ҳарорат гўёки кўнглига кўчгандек бўлди. У ёлғиз фарзанди Темур Султонга бағишлаб “Панднома” деган бир рисола битаётган эди. Хомани олиб, икки сатр ёзди: “Фарзандим, жигарбандим, сен менинг банди-бандим…” Кўкрагини фахру ҳаяжон чулғади, дилига қуйилиб байт келди:
Эр эсанг, иш излагин мардонае,
Ҳиммат ила бўлғасен дурдонае…
* * *
Бу дунёга ҳеч ким устун бўлғон эмас. Бу дунё бир карвонсарой. Келдилар, кетдилар, келамиз, кетамиз.
* * *
Хоннинг минг жилдлик кўчма кутубхонаси бор эди. У давлат ишларидан фориғ бўлганида, ҳатто икки муҳораба орасидаги қисқа муддатли фароғат кезлари ҳам мутолаани канда қилмасди. Мана ҳозир ҳам у ҳазрат Навоийнинг куллиётини лавҳга қўйдию “бисмилло” деб варақлашга тушди. Саҳифа ўтган сари хоннинг кўнгли сув ичади, аъзои бадани ифодасиз, руҳафзо бир туйғудан чайқалади.
Хон ҳазратнинг бир байтини ўқиб, китобдан бош кўтарди. Кўзларини юмиб байтни аста такрорлади:
Кўйида йиғлар эдим мен зор ҳар беморға,
Энди йиғларлар бари беморлар мен зорға.
“Илоҳий қаламдин тўкилган дур бу, – хаёлланди хон, – биз ҳам назм бўстонидин гул термакни ҳавас қилибмиз. Вале бизнинг терганларимиз хира шам янглиғ дилни ёритар бўлса, пири комилнинг ҳар лафзи гуёки порлоқ қуёшнинг ўзгинасидур”.
* * *
Бул беназар гўзал ва ибратли мажоздир. Гўёки занжирдаги шер шер эмасдур, оёқ-қўли боғланган нотавон кимсадур. Ул кимса банди туриб ҳам енгаман, дейдур. Бул хитоб насли башарга хос азалий азмдур, наърадур. Зеро, инсон – исён фарзанди. Анинг тўрт мучасин банд этмак мумкиндур, вале унинг руҳий қувватини, эркка ташна юрагини кишанлаб бўлмас. Инсон ёлғиз оллога қул, вале ўзга бирон хилқат олдида бош эгишни истамас. Анинг сўнгакларини пора-пора этиб, терисини шилиб олса бўлар, ва лекин уни то абад забунликда, қулликда асраш мушкулдир. Мукаррам инсон ўз эрки учун жон нисор этмакка ҳам рози бўлғай. Одамизод аслида шундай яратилмиш.
* * *
Ажаб махлуқ эркан бу одамзод деганлари. Бир бурда нон умидида тувғон тилидан кечиб, бегона алфозда чулдирамакни афзал кўрадир. Аллоҳ, Аллоҳ! Ифтихор қани, диёнат қани?
* * *
Шайбонийхон тасаввуфга мойил эди. У ўсмирлик чоғларида Бухорода бир неча йил таълим олган, Мавлоно Хитоийдан қол илми бирла ҳол илмини ҳам астойдил ўрганган эди. Султон ул-орифин Хожа Аҳмад Яссавийни ўзининг пири муршиди деб билар, Шайхул-машойихнинг девони ҳикматини ўз қўли ила бир неча карра кўчириб чиққан эди.
* * *
Бир тўп нодоннинг фатвоси боис, Мансурнинг қўл-оёғини чопдилар, бошини танасидан жудо қилиб, дорга осдилар. Сўнг куйдириб, кулини дарёга сочдилар. Оқибат не бўлди? Дажла исёнга келди, тошиб, қирғоқдан ошди, шаҳар тўфон ичида қолиб, маҳв бўлишга юз тутди. Мансур бир муридига васият қилғон эди. “Қачонки менинг кулимни сувга оқизсалар, дарё тошиб, Ироқни сув босар. Ўшал чоғ сен менинг хирқамни олиб, қирғоққа ташла!” Мурид шундоқ қилди. Тўфон изига қайтди. Шаҳар хароб бўлмади. Бул суйган бандасига ўз илоҳий сифатини ато этган Ҳақ таоло инояти, муҳаббати эмасму?
* * *
Ўзларини ўзбек деб атагувчи бу халқнинг тағин бир хислати – уларнинг шеваси эди. Бу ерликларнинг тилида арабча, форсча иборалар деярли учрамайди. Улар Маҳмуд Қошғарийдан қолган ўша қадим туркий лаҳжада сўзлашадилар. Рўзбеҳхон Дашти қипчоқ элининг лафзидаги атамаларни эринмай дафтарига ёзиб борди. Масалан, бу ерда лабни эрин, пойдеворни ул, кафтни олақон, зинани ошқолдоқ, тешани чўт, михни чага, чироқни уш, пайтавани чулғов, ангишвонани ўймоқ, ҳандалакни домча дер эканлар.
* * *
Тариқат аҳкомига кўра, Шайбонийхон аркони давлат бирла бир неча кун зиёратгоҳда муқим туради. “Тунги суҳбат чоғида, – деб ёзади Фазлуллоҳ Рўзбеҳхон, – хон жаноблари шайхул-машойихнинг кароматларидан сўзладилар. Чунончи, Ҳазрат Яссавий пирим демишларки, ҳузуримизга тулки бўлиб келганларни (яъни мискин, ғариб кишиларни) шер этажакмиз, ўзини шер чоғлаб келган кимсалар тулкига айлангусидир. Мутакаббурлар ботиний дарддан фориғ бўлиб (яъни кибрдан қутулиб), ҳаққа бир қарич яқин бўлгай”.
* * *
Халқда аччиқ данак экиб, ширин мева кутма, деган нақл бор. Ҳадемай “салом”га яраша “алик” келди. “Ҳар бир ўғил отасининг ҳунарини қилиши керак, деб даъво сўқибсан, – дейилганди Шоҳ Исмоилнинг жавоб хатида, – ундай бўлса, Одам алайҳиссаломнинг ҳамма авлодлари пайғамбар бўлишлари керак эди. Валекин, Аллоҳ таоло суйган бандаларини набий қилиб танлади. Сен Чингизийман, деб керилма. Хон наслидан бўлсанг-да, қиличимизнинг кучини уруш майдонида синашамиз. Оёғим узангида. Сенга дук билан чарх юбордим. Ҳаддинг сиғса, қаршимга чиқ, чиқолмасанг, чархни йигириб ўтиравер”.
* * *
Убайдуллахон билан Темур Султон Бухородан йўлга чиққан эди. Хоннинг яқин кишиси Амир Қамбар уларни кутайлик, ҳар бирида йигирма мингдан сарбоз бор, деб маслаҳат солди. Шайбонийхон кўнмади. Яна кибрга эрк берди. “Бу уруш мол-мулк учун эмас, иймон учун, суннийлар мақоми учун бўлажак”, деб жанг майдонига отланди. Бу – Шайбонийхоннинг иккинчи хатоси эди. Марвдан четроқдаги сайхонликда қаттол олишув бўлди. Ҳар икки тарафдан минглаб одам шаҳид бўлди. Оқибат Шоҳ Исмоил ҳийлага ўтди. У гўё мағлуб бўлгандек, жанг майдонини тарк этди. Аскарларини олиб, изига қайтиб кета бошлади. Шайбонийхон бундан руҳланиб, сафавийларни қувишга тушди. Аммо пистирмага йўлиқди. Шоҳ Исмоилнинг неча минглаб аскари Шайбонийхоннинг ортидан ҳужум қилди. Хон исканжада қолди. Олдинда ҳам, ортда ҳам қизилбошлар бостириб келарди. Алалоқибат Шайбонийхоннинг ҳамма амирлари ҳалок бўлди. Ўзи жанг майдонида шаҳид бўлди. Бу фожиа 1510-йилнинг 10-декабрида рўй берди.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

