Австралия ва Польша олимлари инсонда комплекс психологик етуклик – яъни ақлий қобилият, шахсий фазилатлар ва эмоционал интеллектнинг уйғунлиги одатда ўйланганидек ёшликда эмас, балки 55-60 ёшлар оралиғида энг юқори даражага етишини аниқлашди. Тадқиқот натижалари Intelligence илмий журналида эълон қилинган.
Муаллифлар – Ғарбий Австралия университети профессори Жиль Жиньяк ҳамда Варшава университети профессори Марцин Заенковски илк бор инсоннинг тўққиз хил психологик хусусиятини ягона Когнитив-шахсий фаолият индексига бирлаштирган.
Ушбу индекс қуйидаги мезонларни ўз ичига олади: когнитив (ақлий) қобилиятлар, «Катта бешлик» шахсий хусусиятлари (очиқкўнгиллик, виждонлилик, экстраверсия, хайрихоҳлик ва нейротизм), эмоционал интеллект, молиявий саводхонлик, ақлий хатоларга бардошлилик, когнитив мослашувчанлик; эмпатия ҳамда билишга эҳтиёж, яъни фикрлаш учун мулоҳаза юритишга интилиш.
Натижалар шуни кўрсатганки, ҳар бир қобилиятнинг ривожланиш траекторияси ўзига хос. Масалан, флюид интеллект – яъни аввалги тажрибага таянмасдан янги вазифаларни тез ҳал қилиш қобилияти тахминан 20 ёшда энг юқори нуқтага чиқади ва кейинчалик аста-секин пасаяди. Кристаллашган интеллект – тўпланган билимлар, тажриба ва сўз бойлиги эса 60 ёшгача ўсиб боради. Эмоционал интеллект 40 ёшлар атрофида, молиявий саводхонлик ва ахлоқий тафаккур 60-70 ёшларда энг юқори даражага етади.
Тадқиқотчилар барча тўққиз кўрсаткични ягона индексга жамлаганларида, инсоннинг умумий психологик ва когнитив имкониятлари 55-60 ёшда энг юқори чўққига чиқиши маълум бўлган.
Қизиқарли жиҳати шундаки, 85 ёшли инсоннинг умумий индекси 18 ёшли ўсмирнинг кўрсаткичига яқин бўларкан. Бироқ бу натижа мутлақо бошқа омиллар ҳисобига шаклланади: ёшларда флюид интеллект юқори бўлса, кексаларда ҳаётий донолик, тажриба ва ҳис-туйғуларни бошқариш қобилияти кучли бўлади.
Тадқиқотчиларнинг амалий хулосасига кўра, 40-65 ёшлар оралиғи энг масъулиятли ва мураккаб қарорларни қабул қилиш учун энг мақбул давр ҳисобланади. Чунки айнан шу ёшда инсон тезкор фикрлаш қобилиятини бой ҳаётий тажриба билан уйғунлаштира олади.

