16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Инсон қўли билан уюштирилган очарчилик

Қарийб икки йилдан буён Исроил армияси босқини ва қамали остида қолаётган Ғазо минтақасида илк бор ҳалокатли очарчилик ҳолати эълон қилинди. Бу ҳақда БМТ тизимидаги агентликлар ва гуманитар ташкилотларнинг қўшма баёнотида гапирилган.

«Ярим миллиондан ортиқ одам умумий тўйиб овқатланмаслик, қашшоқлик билан тавсифланувчи очарчилик қопқонига тушиб қолган», дейилади унда.

Ғазода очарчиликнинг ёйилиши инсон томонидан уюштирилган фожиа. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг халқаро ташкилот сайтида эълон қилинган баёнотида ҳолатга ана шундай баҳо берилган.

«Минтақадаги жаҳаннамни тасвирлашга сўз қолмагандек туюлганда янгиси қўшилди: «очарчилик». Бу жумбоқ эмас – инсон қўли билан уюштирилган ҳалокат, ахлоқий ҳукм ва инсониятнинг ўз муваффақиятсизлиги», деган у.

БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Том Флетчер қайд этганидек: «Бу унумдор ерлардаги озиқ-овқат манбаларидан бир неча юз метр нарида кузатилаётган очарчилик. Агар гуманитар ташкилотлар ҳудуд аҳолисига озиқ-овқат ва бошқа ёрдамларни етказиб беришда давом этганида ҳалокатнинг олдини олиш мумкин бўларди».