Эрон парламенти Европа иттифоқининг мамлакат армияси – Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига нисбатан қабул қилган қарори фонида ЕИ қуролли кучларини террористик ташкилотлар сифатида тан олди. Парламент спикери Муҳаммад-Багер Ғолибаф шундай баёнот берган.
«Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг террористик ташкилот деб эълон қилинишига жавобан Европа мамлакатлари қуролли кучлари ҳам худди шундай талқин қилинди», деган у. Сиёсатчи ЕИнинг ушбу қарори оқибатлари Европа мамлакатлари зиммасида эканини алоҳида қайд этган.
Ўтган ой охирида ЕИ дипломатияси раҳбари Кая Каллас иттифоқ Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террористик ташкилотлар рўйхатига киритганини маълум қилганди.
Бундан ташқари, ЕИ Эронга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтириб, унга мамлакат ички ишлар вазири Искандар Мўминий ва бош прокурор Муҳаммад Моваҳедий-Озодни ҳам киритган.

