Испаниянинг Grupo Enhol компанияси бош директори Роберто Сабалс ушбу мамлакатдаги Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов билан бўлган учрашувда Қашқадарё, шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги насос станцияларини қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказиш бўйича янги лойиҳаларни тақдимот қилди ҳамда уларни амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда.
Қашқадарё ва дунё
Бу ҳақда хабар берган «Дарё» ахборот агентлигининг ёзишича, тақдим қилинган лойиҳалар насос станцияларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг камида 50 фоизини қоплай олади.
Учрашув давомида Испания томони мамлакатимизнинг шамол ва қуёш энергетикаси соҳасидаги юксак салоҳиятини қайд этиб, иқлим шароити ва ҳукуматнинг қулай сармоявий муҳит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Ўзбекистонни узоқ муддатли ҳамкорлик учун жозибадор шерик мамлакатга айлантираётганини алоҳида таъкидлаган.
Ўз навбатида, элчи компания вакилларига мамлакатимизнинг «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бўйича стратегияси ва энергетика соҳасига хорижий сармояларни жалб этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.
Музокаралар чоғида Grupo Enhol компанияси иштирокида Қорақалпоғистонда қуёш ва шамол электр станцияларини бунёд этиш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Роберто Сабалс компания Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирган.
Қайд этилишича, Grupo Enhol компанияси билан ҳамкорлик Ўзбекистон энергетика соҳасини ривожлантириш, Испаниянинг ушбу соҳадаги илғор технологияларини мамлакатимизда жорий этишни жадаллаштириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш бўйича миллий мақсадларга эришишга катта ҳисса қўшади.
Маълумот учун, ушбу субъект қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида ўзининг кенг турдаги хизматларини таклиф этади, ушбу йўналишдаги лойиҳаларни ишлаб чиқади, қуради ва уларга хизмат кўрсатади.
Ўз мухбиримиз

