16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

“Китоблараро 80 кун” марафони ғолиблари аниқланди

Қарши шаҳридаги Маънавият масканида “Китоблараро 80 кун” марафони вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ташкил этилган мазкур лойиҳа аҳоли, хусусан, ёшларни янада кўп китоб ўқишга чорлаш, уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш, жойларда адабий муҳит шаклланишига эришиш, ёшлар онгида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва билим-кўникмаларини янада юксалтириш каби мақсадларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Қайд этиш жоиз, марафонга шу йилнинг сентябрь ойида старт берилди. Китобхонлар 80 кун давомида ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари, жумладан, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, “Фаренгейт бўйича 451 даража”, “Камбағаллар”, “Саодат соҳили”, “Ой ва сариқ чақа”, “Абадият қонуни”, “Мантиқ ут-тайр”, “Мартин Иден” ҳамда “Пуанкаре” асарларини мутолаа қилишди.

– Ижтимоий тармоқдаги qashqadaryo_ziyo каналимизда ҳар бир асардан саволлар эълон қилиб борилди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромова. -Энг кўп жавоб топган, фаол қатнашган китобхонлар якуний – финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Иштирокчилар орасида турли соҳа вакиллари борлиги ҳам алоҳида эътиборга молик.

Марафоннинг якуний финал босқичи 2 шарт асосида ташкил этилди. “Асар билимдони” шартида рўйхатдаги асарлардан сюжетга оид эпизод, сурат ва рақамлар ҳавола этилди. Иштирокчилардан ушбу эпизод ёки суратни шарҳлаш, асар мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамиятини тушунтириб бериш сўралди. “Тезкор савол-жавоб” шартидаги саволларга эса асардаги фактларга бефарқ бўлмаган, хотираси кучли, мантиқий фикрлайдиган китобхонлар осон жавоб топишди.

Шу тариқа 1-ўринни Қарши шаҳридаги 23-мактаб 11-синф ўқувчиси Мафтуна Темирова эгаллади. 2-ўринга косонлик Комилжон Мингибоев лойиқ кўрилган бўлса, Қарши давлат университети таянч докторанти Жобир Исматуллоев 3-ўринни эгаллади.

Марафон ғолиблари ҳамда фаол иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, 1-ўрин соҳибига – 5 миллион сўм, 2-ўринга – 3 миллион сўм ҳамда 3-ўрин эгасига 2 миллион сўм пул мукофотлари берилди.

Б.САЙФИЕВ