Ривожланиш стратегияси
2025-2030 йилларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегиясининг амалга оширилиши натижасида 2030 йилга бориб вилоятимизда кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши ўтган йилги 71 фоиздан 76,8 фоизгача ошади.
Айни пайтда худди шу даврда воҳамизда КЎБ субъектларининг экспортдаги улуши 2024 йилда қайд этилган 20,4 фоиздан 21,4 фоизгача, жами бандликдаги улуши 78,1 фоиздан 82,3 фоизгача, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 35,8 фоиздан 44,3 фоизгача, ҳар 1000 кишига тўғри келадиган фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектлари 10 тадан 15,7 тагача, ходимлари сони 10 кишидан кам бўлмаган КЎБ субъектлари улуши эса 5,1 фоиздан 7,7 фоизгача кўтарилади.
Шаҳрисабз туманида ёшларни IT, электрон тижорат ва инглиз тилига ўқитиш маркази ташкил этилади
Маълумки, 2025-2030 йилларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегияси мамлакат Президентининг жорий йил 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг «Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган.
Ҳужжатда белгиланганидек, стратегиянинг асосий мақсади ягона давлат сиёсатини амалга ошириш орқали кичик ва ўрта бизнес учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда соҳада рақобатбардошликни оширишга қаратилган бўлиб, унинг устувор йўналишлари молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш, бизнес учун зарур инфратузилмани ривожлантириш, рақобат муҳитини яхшилаш ва ташқи бозорларга чиқишни рағбатлантириш, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва инновацияларни жорий этиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ва бизнес учун малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, масъулиятли бизнес амалиётини жорий қилишдан иборат.
Фармонга мувофиқ 2025-2030 йилларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегиясини амалга оширишнинг мамлакат ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари, шунингдек, мазкур стратегияни 2025 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди. Ушбу дастурда ҳар бир устувор йўналиш бўйича кўплаб муҳим чора-тадбирлар жамланган экан, хусусан, БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда ёшларнинг рақамли тадбиркорлик бўйича имкониятларини ошириб, улар учун Шаҳрисабз ва Ҳазорасп туманларида давлат-хусусий шериклик асосида IT, электрон тижорат ва инглиз тилига ўқитиш марказларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Китоб ва Косонда саноатни жадал ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари очилади, Яккабоғ туманида эса янги дастур амалга оширилади
Президент фармонида кичик ва ўрта бизнес субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш мақсадида жорий йил 1 майдан бошлаб мамлакатимиздаги 20 та туман, шу жумладан, воҳамиздаги Китоб ва Косон туманларида саноатни жадал ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилиши ҳам алоҳида белгилаб берилган.
Тафсилотларга қараганда, ушбу лойиҳа офислари кичик ва ўрта бизнес субъектларига консультация хизматлари кўрсатиб, улар учун муҳандис, технолог, дизайнер, бухгалтер, маркетологларни ҳамда бошқа малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилади. Бундан ташқари, улар ўзлари бириктирилган туманларда 10 тадан драйвер лойиҳани ишга тушириш, 5 тадан миллий бренд маҳсулотларини яратиш, кичик ва ўрта бизнеснинг ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини 1,5 баробар ошириш учун масъул бўлади.
Лойиҳа офислари фаолиятини ташкил этиш ҳамда хорижий мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун жорий йилда давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилади.
Кичик ва ўрта бизнес учун инфратузилмани яхшилаш мақсадида эса жорий йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ, лойиҳа офислари тавсиясига асосан юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига майдони 10 минг квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини 5 йил муддатга текин фойдаланишга бериш тизими жорий этилади.
Айнан шу санадан бошлаб, мамлакатимиздаги 15 та туман ва шаҳарда, шу жумладан, воҳамиздаги Яккабоғ туманида маҳаллий бошқарув органлари ва давлат ташкилотлари биноларига тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш дастури рўёбга чиқарилади. Унинг доирасида мазкур ҳудудларда маҳаллий бошқарув органлари ва давлат ташкилотлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган намунавий лойиҳа асосида янги барпо этиладиган кўп қаватли бинога жойлаштирилиб, бу кўп қаватли бинонинг 1- ва 2-қаватлари тадбиркорлик субъектларига мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади. Маҳаллий бошқарув органлари ва давлат ташкилотларини кўчириш натижасида бўшайдиган давлат кўчмас мулк объектлари, ўз навбатида, бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.
«Чемпион» тадбиркорлар сафига кимлар киритилади?
Президент фармонига мувофиқ мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган яна битта янги дастур – тез ва юқори суръатларда ўсаётган тадбиркорлик субъектларини «чемпион» тадбиркорларга айлантириш дастури ҳам ҳаётга татбиқ этилиб, унинг доирасида икки ой муддатда «чемпион» тадбиркорларга айлантириладиган ташкилотлар рўйхати шакллантирилиши керак. Бу рўйхатга туман (шаҳар) даражасида – ҳар бир туман (шаҳар)да камида 2 тадан йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан юқори бўлган ва 50 тадан ортиқ иш ўрни яратган, ҳудудлар даражасида – ҳар бир ҳудудда камида 5 тадан йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори бўлган ва 500 тадан ортиқ иш ўрни яратган, республика даражасида – йиллик айланмаси 1 триллион сўмдан юқори бўлган ва 5 мингдан ортиқ иш ўрнини яратган тадбиркорлик субъектлари киритилади. «Чемпион» тадбиркорларга айлантириладиган ташкилотларни қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритишга ҳам мутасадди вазирлик ва идораларга икки ой муддат берилган.
Ҳужжатда кўрсатилганидек, жорий йилда мамлакатимизда камида 600 нафар кичик ва ўрта бизнес субъектларининг йириклашишига кўмаклашиш орқали уларни «чемпион» тадбиркорларга айлантириш мақсад қилинган.
Фармонда, шунингдек, кичик ва ўрта бизнеснинг жадал ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларда бизнес муҳитини янада яхшилаш, иқтисодий ўсишга туртки берувчи янги бизнес ташаббусларни амалга оширишга кўмаклашиш, рақобатбардош маҳсулотлар билан янги ташқи бозор сегментларига чиқишни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб бошқа чора-тадбирлар ҳам белгиланган. Масалан, давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати ҳамда 2026 йил 1 январдан кучга кирадиган Миллий ҳунармандчилик фаолиятининг йўналишлари рўйхати ва «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлиш мезонлари, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича республика кенгаши таркиби ва тегишли ҳудудий маслаҳат кенгаши намунавий таркиби ҳамда уларнинг вазифалари тасдиқланиб, ҳудудларда халқаро молия ташкилотлари билан ишлаш офислари фаолиятини йўлга қўйиш ва ушбу ташкилотларнинг йўриқномалари, стандартлари ва талабларини тадбиркорлик субъектларига етказиш бўйича платформа ташкил этиш топшириғи берилган.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

