16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Кўчаларда дайди мушук ва итлар қолмади

Туркия ҳукумати мамлакат бўйлаб қаровсиз ҳайвонларни тутиш ишларини якунлади. Бу ҳақда Anadolu Ekspres манбаси ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи сўзларига асосланиб хабар берган.

Вазирнинг айтишича, жараён икки босқичда амалга оширилган. Дастлаб мегаполис мақомига эга бўлмаган 51 та вилоятда ишлар олиб борилган. Жорий йил август ойидан бошлаб эса 30 та йирик шаҳарда ҳам қаровсиз ҳайвонларни тутиш ишлари давом эттирилган ва амалиёт 21 октябрь куни тўлиқ якунланган.

«Биз бутун Туркия миқёсида белгиланган мақсадга эришдик. Қаровсиз ҳайвонларнинг 100 фоизи тутилди ва уларни бошпаналар ёки табиий яшаш ҳудудларига жойлаштирдик», деган вазир.

Маҳаллий ҳокимият органлари тутилган ҳайвонлар учун бошпаналар ва табиий яшаш майдонлари барпо этган. Шунингдек, уларни даволаш, эмлаш, бепуштлаштириш ва мурожаат асосида янги эгаларига топшириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда экан.

Мамлакат парламенти 2024 йил 30 июлда қаровсиз ҳайвонлар билан муомалани тартибга солувчи қонунни қабул қилган. Маҳаллий ҳокимият органларининг мажбуриятлари ушбу ҳужжат асосида қайта кўриб чиқилиб, аввалги «тутиш – бепуштлаштириш – яна қўйиб юбориш» тартиби ўзгартирилган.