Сарҳисоб
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, дея таъкидлаган эди. Хўш, ушбу сўзларнинг амалдаги ижроси қандай?
Қарши шаҳридаги Маънавият масканида Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан зиёлилар, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирокида ташкил этилган брифингда шу ҳақда сўз борди. Унда Марказ вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромова 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси вазифалар хусусида маълумот берди.

Қайд этилганидек, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан 2025 йилда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваллар, ижтимоий лойиҳалар, китоб тақдимотлари ўтказилди, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали аҳоли маънавиятини юксалтиришга асосий эътибор қаратилди.
Хусусан, рақамли тарғибот йўналишида бўлим ва бўлинмаларнинг ижтимой тармоқлардаги 17 та телеграм ҳамда инстаграм саҳифалари фаолияти йўлга қўйилди. #yangiruhiyat, #birdam_jamiyat, #yakdil_mintaqa, #xalqchil_davlat, #maromiylik ҳештеги остида 300 дан ортиқ медиа маҳсулотлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.
“Бир Ватан – бир мақсад” шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Умуммиллий бирдамлик” фестивали бўлиб ўтди. “Умуммиллий бирдамлик”, “Китоб марафони”, “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Инсон қадри”, “Бахтли болалик шарафига”, “Шижоат”, “Дилдаги гаплар” каби ижтимоий лойиҳаларда минглаб аҳоли вакиллари қамраб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 майдаги мажлис баёни ижроси доирасида “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Шу асосда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори” мавзусида илмий-маърифий форум, “Олимлар ва ёшлар учрашуви”, “Ижтимоий ғоялар форуми”, “Кинокарвон”, “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Инсон қадри” лойиҳалари амалга оширилди.

Маълумки, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ҳар йили “Энг намунали туман ва шаҳар” ҳамда “Энг намунали вазирлик ва идора” танловлари ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг 12 декабрь куни Миллий гвардия маънавият ва маърифат марказида мазкур танловларнинг якуний босқичи ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Эътиборлиси, “Энг намунали туман ва шаҳар” танлови Республика босқичида Қамаши тумани 1-ўринни қўлга киритди ва 100 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги вилоят филиали билан ҳамкорликда давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида “Китобхон давлат хизматчиси” танлови, “Маҳалла еттилиги” вакиллари ўртасида билимлар беллашуви, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ҳамкорликда “Китобхон уй бекаси” танлови, талаба ва ўқувчилар ўртасида “Буюк ва муқаддассан, она тилим!” мавзусида иншолар танлови ҳамда qashqadaryo_ziyo телеграм каналида онлайн викториналар ўтказилди.

Вилоятнинг барча ҳудудларидаги китобхонларни қамраб олиш ва рағбатлантиришга қаратилган “Китоблараро 80 кун” лойиҳаси ўтказилиб, жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара намуналари бўйича энг юқори балл тўплаган иштирокчилар пул мукофотлари билан тақдирланди.
2025 йил китоблар нашри борасида ҳам анча самарали кечганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, тарихчи ва адиба Шарофат Ашурованинг Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги “Илоҳий тун” романи Тошкент шаҳридаги “Очун” нашриётида 1000 нусхада нашр этилди.
Таниқли тарихчи олим Абдисабур Раимқулов муаллифлигидаги “Қашқадарё воҳасининг VIII-XIV асрлар даври шаҳарлари ва тарихий топографияси” китоби “Очун” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.
Шомурод Шарапов ҳамда Анвар Шукуров муаллифлигидаги “Қашқадарё воҳаси зиёратгоҳлари” китоб-альбоми “Тамаддун” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.
Замонавий ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга шоир Амир Худойбердининг “Уммонлар орзуси” китоби “Ижод-нашр” нашриётида 1000 нусхада чиқарилиб, адабиёт ихлосмандлари қўлига етиб борди.
Адиб ва публицист Ҳаким Сатторийнинг ёшлар мавзуси қаламга олинган “Остонада” китоби “Академнашр” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бош мутахассиси Бекзод Сайфиевнинг “Сирли салтанат жавоҳирлари” китоби “Академнашр” нашриётида 1000 нусхада чоп қилинди.
Брифингда маънавий-маърифий йўналишдаги лойиҳалар 2026 йилда янги шакл ва мазмунда, рақамли тарғиботни янада кучайтирган ҳолда давом эттирилиши таъкидланди. Журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Иштирокчиларга Марказ вилоят бўлими томонидан чоп эттирилган китоблар тўплами совға қилинди.
НАСРИДДИН

