Долзарб статистика
Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Қашқадарё жаҳоннинг 78 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширган. Шу давр мобайнида вилоятимиз ташқи савдо айланмасининг энг салмоқли ҳиссаси Хитой (24,2 фоиз), Нидерландия (17,6 фоиз), Россия (12,9 фоиз), Туркия (7,7 фоиз), Покистон (5,5 фоиз) ва Қозоғистон (4,4 фоиз) каби мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Вилоят статистика бошқармаси эълон қилган маълумотларга кўра, жорий йил январь-сентябрь ойларида ташқи савдо айланмаси (ТСА) ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 10,6 фоизга камайиб, 880,6 миллион долларни ташкил этган. Эътиборли томони – ТСАнинг камайишига импорт ҳажмининг кескин қисқариши сабаб бўлган. Зеро, шу даврда экспорт ҳажми 409 миллион долларга етган (ўсиш суръати – 102,3 фоиз) бир пайтда импорт ҳажми 471,6 миллион долларгача тушиб кетган (камайиш – 19,4 фоиз).
Экспорт бўйича асосий ҳамкорларимиз Нидерландия (25,4 фоиз), Россия (21,9 фоиз), Покистон (9,1 фоиз), Туркия (7,0 фоиз), Афғонистон (6,2 фоиз), Қозоғистон (4,7 фоиз) ва АҚШ (4 фоиз) ҳисобланиб, чет элга сотилган маҳсулотлар орасида айниқса минерал ёқилғи, ёғлаш мойлари ва шунга ўхшаш материаллар (32,8 фоиз), саноат товарлари (28,2 фоиз) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (26,5 фоиз) улуши каттадир.
Қашқадарёда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мева-сабзавотлар экспорти борасида жуда юқори суръатдаги ўсиш (ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан қарийб 2,2 баравар) ва 95,1 миллион долларлик натижа қайд этилгани ҳам алоҳида диққатга сазовордир. Хусусан, хорижий мамлакатларга 33,6 миллион долларлик мева ва 61,5 миллион долларлик савбзавотлар сотилиб, биргина узум экспорти 9,7 миллион доллар, яъни ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 3,2 баравар кўп валюта келтирган.
Шунингдек, хизматлар экспорти борасида бир йўла ҳам сон, ҳам сифат ўзгаришлари кузатилмоқда. Шу йил 9 ойда вилоятда унинг ҳажми 6,9 миллион доллар (ўсиш суръати – 153,6 фоиз)ни ташкил этгани ҳолда таркибида АКТ хизматлари улуши 20,8 фоиз, бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар улуши эса 53,6 фоизга етган.
Тўққиз ойлик импорт кўрсаткичларига тўхталадиган бўлсак, бу борада вилоятимизнинг энг йирик ҳамкорлари Хитой (44,1 фоиз), Нидерландия (10,8 фоиз), Туркия (8,3 фоиз), Япония (6,7 фоиз), Россия (5,1 фоиз), Қозоғистон (4,3 фоиз) ва Ҳиндистон (2,9 фоиз) экани, импорт таркибидаги энг катта улуш эса машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (62,9 фоиз), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (15,4 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,8 фоиз), саноат товарлари (5,2 фоиз) ҳисобига тўғри келиши яққол кўзга ташланади.

