16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Меҳнаткашларни иссиқдан асрамаган иш берувчилар жазоланади

Японияда ходимларини иш жойида жазирамадан ҳимоя қила олмаган ёлловчилар жаримага тортилади. Ушбу қонун кўплаб японлар ўтган йили ёзнинг иссиқ ҳароратидан азият чеккани ортидан ишлаб чиқилган, дея хабар қилади Bloomberg манбаси.

2024 йили мамлакатда жазирама туфайли иш жойларида асосан қурувчилар ва ишлаб чиқариш ходимлари ўртасида 30 га яқин ўлим ҳолати ва 1200 та жароҳатланиш қайд этилган. Бу 2015 йилдан кейинги энг юқори кўрсаткич бўлиб, ҳукуматни иш берувчиларга нисбатан қонунчиликни қатъийлаштиришга ундаган.

Шунга кўра, 1 июндан бошлаб улар иссиқ уриши ва юқори ҳарорат билан боғлиқ бошқа касалликларнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўришга мажбур. Янги қоидага амал қилмаганлик учун 500 минг иена миқдорида (44 миллион 705 минг сўм атрофида) жарима кўзда тутилган.

Қонун тана ҳароратини назорат қилиш учун тақиб юриладиган қурилмалар ёрдамида ходимлар аҳволи мониторинги тизимини қўллаш ва тиббий ёрдамдан тезкор фойдаланиш имкониятини таъминлашни талаб этади. Энди компаниялар агар ҳаво ҳарорати плюс 31 даража ёки иссиқлик индекси плюс 28 даражадан ошса, қўшимча хавфсизлик чораларини кўриши ва танаффус эълон қилиши керак.