16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

НЕГА АЙНАН 21 МАРТ?

Дунёда айнан муайян бир кунда нишонланиши белгиланган, шунингдек, кўчма санали тадбир ва байрамлар, муҳим воқейликлар сони шунчалик кўпки, санаб адоғига етмайсан киши. Маълумотларга кўра, сайёра аҳли биргина март ойида 330 дан ортиқ такрорланиб келувчи воқеалар, унутилмас саналар, турфа фаолиятларга оид профессионал касб кунлари ва турли халқларнинг байрамлари гувоҳига айланиши мумкин экан. Уларнинг айримлари халқаро миқёсда, баъзилари эса маълум бир миллатлар томонидангина эътироф этилган бўлса, кўпи кичик доира ва қарашлари мос қатламларда эсга олинадиган бирор нарса ёки ҳодисага ёхуд фаолиятга бағишлаб номланган кунлардир.

Биз жорий йил март ойида анъанага мувофиқ Халқаро хотин-қизлар кунини кенг нишонлаган бўлсак, Наврўз умумхалқ байрамига қизғин тайёргарлик кўраяпмиз. Ҳар галгидан фарқли тарзда бу йил мусулмон умматининг муқаддас Рамазон ҳайити ҳам март ойига тўғри келмоқда.

Булар биз эътироф қиладиган ва кенг нишонлайдиган йирик байрамлар. Агар кичик муҳим саналарни ҳам бир-бир санасак, ойнинг ҳар кунига ҳатто ўнталаб ранг-баранг мавзули тадбирлар тўғри келаркан. Мана, 21 мартни олайлик. Ушбу санада Халқаро Наврўз куни; Бутунжаҳон шеърият куни; Халқаро қўғирчоқбозлар куни; Халқаро ўрмонлар куни; Халқаро ирқий камситишларга барҳам бериш куни; Халқаро Даун синдромига чалинган одамлар куни; Халқаро ранг куни; Бутунжаҳон ёғоч куни; Халқаро таълим эркинлиги куни каби халқаро мақомдаги ва Ахлоқ куни; Хушбўй ҳидлар куни сингари яна ўнта бағишлаб номланган кичик байрамлар бор экан. Улардан айримларининг келиб чиқиш омиллари билан қизиқдик.

Аввало Наврўз байрами ҳақида қисқача изоҳ бериб ўтадиган бўлсак, 21 март шарқона Янги йилнинг биринчи куни сифатида нишонланади ва бунда аждодларимиз табиат, фалакиёт қонунларига таянганлар. Айнан шу вақтга келиб борлиқ уйғонади, замин бағридаги жамики жонзотлар, қурт-қумурсқалар ва ўт-ўланларнинг жонланиш даври киради.

Бутунжаҳон шеърият куни

 Ушбу сана жорий йилда 26-бор нишонланади. Шу муносабат билан уюштириладиган тадбирларда адабий уюшмалар аъзолари, шоирлар, турли йўналишдаги ижодкорлар, танқидчилар, таржимонлар, шеърият мухлислари ва ҳаваскор ёшлар жам бўлишади.

Бутунжаҳон шеърият куни БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти  (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 30-сессияси қарори билан расман таъсис этилиб, илк марта 2000 йилда нишонланган. Мақсад – одамларни шеъриятга ошно қилиш ва ёшларга назмда ўз истеъдодларини намойиш этиш имконини тақдим этиш.

Шу куни ёрқин шеърлар муаллифларини тақдирлаш, адабий ўқишлар ва шеърият кечалари ташкил қилиш, янги китоблар тақдимотларини ўтказиш анъана тусини олган. Албатта, бунда Наврўз байрамига аталган, уни тараннум этувчи шеърлар айниқса жўшқинлик билан ўқилади. 

Халқаро қўғирчоқбозлар куни

Бу кун қўғирчоқ театрлари ходимларининг касб байрами ҳисобланади. Унинг моҳиятида спектакллар ва қўғирчоқбозлар нуфузи, машҳурлигини ошириш мақсади ётади. Шу муносабат билан актёрлик маҳорати ривожига бағишланган анъанавий конференциялар, семинарлар, акциялар уюштирилади, машғулотлар, ижодий учрашувлар ўтказилади, маърузалар ўқилади, қўғирчоқ спектакллари намойиш этилади.

Халқаро қўғирчоқбозлар кунини жорий қилиш ташаббуси билан эронлик театр арбоби Жавод Зулфиқорий чиққан. 2000 йилда Халқаро қўғирчоқ театрлари арбоблари иттифоқи (UNIMA)нинг XVIII кенгашида ушбу таклиф муҳокама этилиб, санани белгилаш борасида бир тўхтамга кела олинмаган. Ниҳоят, 2003 йилда UNIMA аъзолари 21 март кунини маъқул кўришган.

Кун топшириғи: ўзингизни қўғирчоқбоз ролида ҳис қилинг. Турли образлар учун қўлбола қўғирчоқлар тайёрлаб, уйда оила аъзолари учун спектакль намойишини уюштиринг. Сюжет учун кулгили ҳаётий воқеалардан фойдаланинг. Бунда, миллий либослардан тикилган қўғирчоқлар ёрдамида Наврўз қадриятларини акс эттириш ҳам яхши вариант.    

Халқаро ирқий камситишларга барҳам бериш куни

Маълумки, Наврўз тинчлик, дўстлик, ҳамжиҳатлик муҳити, бирдамлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келаётган халқаро байрам. У билан бир кунда нишонланадиган Халқаро ирқий камситишларга барҳам бериш куни ҳам моҳиятан бағрикенгликни тарғиб этиши билан аҳамиятли.

Ирқий камситишлар интеллектуал, маданий, жисмоний ва бошқа жиҳатларда нотенглик кўринишида намоён бўлади. Бу борадаги муросасизлик инсоният тараққиётига, тинч ҳаётга, умуминсоний ҳурматга тўсқинлик қилади.

Халқаро ирқий камситишларга барҳам бериш кунини БМТ Бош Ассамблеяси 1966 йилда таъсис қилган. Танланган сана рамзий маънога эга. У 1960 йилда Жанубий Африка Республикасида ирқий ажратиш режимининг африкаликларни мажбурий паспортлаштиришга оид қонунига қарши тинч намойишлар вақтида полиция томонидан ўлдирилган 69 қурбон хотирасига бағишланган.

Сана ҳар йили алоҳида мавзуга эга бўлади ва шунга ҳамоҳанг тадбирлар ўтказилади.

Халқаро Даун синдромига чалинган одамлар куни

Генетик аномалиялар сабаб келиб чиқадиган қатор касалликлар мавжудки, замонавий тиббиёт уларга қарши ҳали ҳам ожиз. Шифокорлар фақат уларнинг намоён бўлиши оқибатлари билан курашиб келмоқда. Бундай касалликлардан бири Даун синдромидир.

Халқаро Даун синдромига чалинган одамлар куни ушбу патологиядан азият чекаётган беморларнинг муаммолари ва уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериш, бунга кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш учун жорий қилинган. Сана «Даун-синдром» ассоциациясининг Бутунжаҳон ва Европа бошқаруви ташаббуси билан 2006 йилдан буён нишонланаб келинади.

Бунда ҳам танланган сана рамзий маънога эга. У касаллик 21-хромосоманинг учта нусхаси билан боғлиқлигини кўрсатади. Синдром уни кашф қилган инглиз шифокори Жон Даун шарафига номланган.

2013 йилда Массачусетс университетининг тиббиёт факультети тадқиқотчилари 21-хромосоманинг учинчи нусхасини блоклашга эришганлар. Улар бу муваффақият касаллик ривожланишининг олдини олишга ёрдам беришини тасдиқлашган.

Халқаро таълим эркинлиги куни

Сана Рақамли эркинлик жамғармаси томонидан 2013 йилда йўлга қўйилган халқаро тадбирдир. Ундан мақсад – билимларни ёйиш, инсониятнинг таълимда бепул дастурий таъминот ва бепул илм ресурсларидан фойдаланиш афзалликлари ҳақидаги хабардорлигини ошириш.

Халқаро таълим эркинлиги куни (EFD) таъсис қилинган йили илк бор 17 январда нишонланган. Бироқ, кейинчалик сана турли давлатларда маҳаллий байрамлар ва таътилларга тўғри келиб қолмаслиги учун ўзгартирилган. 2016 йилдан 21 мартда нишонлаб келинаётган EFD бизда барибир севимли байрам – Наврўзга тўғри келиб қолганини қаранг!  

Бу кунда ҳар бир кишининг таълим олиш ҳуқуқи ва таълим тизимини ихтиёрий танлаш эркинлиги тарғиб қилинади. Шунга бағишланган тадбирлар уюштирилади.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.