16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Нефть-газ саноати тарихи бўйича камёб мутахассис

Мен таниган биринчи олим Обод Жўрақулов бўлган, десам ишонасизми? Гап шундаки, болаликда уйда «Қашқадарё манғитлари» деган китоб бўлар, нуқул шу китобни варақлаганим-варақлаган эди. Айниқса, суратларнинг ўзи бир олам эди. Шунча вақт ўтишига қарамай китоб ва унинг муаллифи номи эсдан чиқмади.

Қашқадарёга оид

Манбалардан ўрганиб билсам, профессор Обод Жўрақулов 1937 йилда Чандир қишлоғида чўпон оиласида дунёга келган экан. Самарқанд давлат университетида ўқиган. Илмий ишини профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Юрий Николаевич Алиаскаров раҳбарлигида олиб бориб, Ўзбекистон тарихининг кам ўрганилган йўналишларидан бири – Ўрта Осиё нефть-газ саноати тарихи мавзусида олиб боради.

Обод Жўрақулов 1967 йилда номзодлик, 1984 йил докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилади ҳамда унга 1985 йили профессор унвони берилади. 1971-1976 йилларда чет тиллар факультети декани, 1979-1981 йилларда сиртқи бўлим декани ўринбосари, 1983-2007 йилларда кафедра мудири лавозимларда самарали меҳнат қилади.

Обод Жўрақулов Ўзбекистон нефть-газ саноати тарихи бўйича нафақат республикада, балки Марказий Осиёда таниқли олим сифатида эътироф этилади. Унинг ушбу йўналишда яратилган «Қудратли энергия манбаи», «Развитие газовой промышленности Узбекистана», «Қашқадарё мармар саноати», «Қашқадарё саноати тарихи» каби асарлари саноат тарихи тадқиқотчилари учун асосий қўлланма саналади. Шу билан бирга, олимнинг «Чандир туркманлари», «Қашқадарё манғитлари», «Шаҳрисабз йилномаси», «Шаҳрисабз тарихи», «Генерал Жўрабек қадрияти», «Кўрганларим – англаганларим» асарлари ҳам нафақат тарихчилар, балки кенг китобхонлар томонидан ҳам юқори баҳоланган.

Олимнинг бевосита ташаббуси билан 1994 йилда Қарши давлат университетида Ўзбекистон тарихи йўналиши бўйича аспирантура очилган. Жонкуяр олимнинг бевосита раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари етишиб чиққан.