Сараланган сатрлар
Жадид мутафаккири Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тараққийпарвар қарашлари шаклланишида хорижий мамлакатларга сафари муҳим ўрин тутган. Беҳбудий дастлаб 24 ёшида Кавказ, Туркия орқали муқаддас Ҳаж сафарига боради ва ушбу сафар 8 ой давом этади. 1903-1904 йилларда хизмат сафари билан Москва, Петербургга боради, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородда бўлади.
1914 йилги саёҳат эса Беҳбудий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Мазкур саёҳат йўналиши қуйидагича бўлган: Самарқанд – Байрамали (ҳозирги Марв) – Ашхобод – Кўктепа (Туркманистон) – Красноводск (Туркманбоши) – Боку – Минералние Води – Есцентуки – Пятигорск – Железноводск (Ставропол ўлкаси) – Ростов – Одесса (Украина) – Истанбул – Адирна – Истанбул – Измир (Туркия) – Байрут (Ливан) – Шом (Дамашқ-Сурия) – Байрут – Қуддус – Халил ал Раҳмон – Қуддус – Ёфа – Порт Саид (Миср) – Қоҳира.
Мазкур сафар таассуротлари “Қасди сафар” номи билан “Ойина” журналида чоп этилган. Беҳбудий хорижий мамлакатларда бўларкан, одамлар манфаатига хизмат қиладиган янгиликларни эътироф этади. Мусулмонларнинг бугунги аҳволига назар солади. Чэтдаги ҳаёт билан Туркистондаги ҳолатни солиштиради. Кўп-да афсусга молик жиҳатларни ҳам қайд этади.
“Қасди сафар” асари тарих, адабиёт ва маданият ихлосмандларига албатта маъқул келади.
***
Оҳ, видои оила, ватандан чиқмоқ нақадар мушкул. Бу мушкулотдан қутулмоқ учун инсонни ўлуб ватандан чиқмоғи келур.
***
Эсинтукида қолинфуруш эроний мусулмон мағозаси бор. Шарқнинг ҳар нав матоидан-да мавжуддир. Бир неча кундурким, жарида ўқуганим йўқ. Эрон, Кафказ жаридаларидан сўрадим. Йўқ! Ана, сизға мусулмоннинг катта савдохонаси. Ватандан ва бутун олами исломдан хабарсиз яшайдур…
***
Рус хотун ва қизлари қўлларида кетмон, қатор-қатор ишламоқда ва қиторимизға қўл соллаб, баёни “Хуш омади” этарлар. Бизнинг саҳро хотунлариға нисбатан алар жабркаш эканлар. Кеч хотунлар хил-хил ишдан қайтмоқда. Ўтун, ўт ва асбоб орқаларида кўтарган, баъзан хотунлар аробасини чоптуриб кетмоқда, аммо бизнинг саҳро хотунларини ғийбат сўйламоқдан бошқа иши йўқ.
***
Денгиз ойнадек шаффоф ва сокин, ҳаво латиф, ёлғуз остимизда сув-у устимизда боҳаридур. Денгизнинг барроқлик ва латофати сўнг фиш-фиши, парахўднинг гумбир-гумбири табиатға жило берар. Дигар тарафдан, мўътадил ва фором бир шамол эсар ва неча кундан бери сафар машаққати тортган жисмға ниҳоятда ёқишар. Сатҳий бир назар ила боқилса, бутун ер қуруқлик ва дунёлар йўқ. Ҳар нимарса, яъни шаҳарлар, чўл, тоғлар ва мамлакатда қолган оила ва аҳбоблар хаёл оламидадур. Энди денгиз ила парахўд фикрни ўзиға жалб этар…
“Ердагиларни Сизға мусаххар қилдим” – “Аллоҳнинг амри ила марокиби баҳрия денгизға жорий бўлур” мазмунидаги оятлар мулоҳаза қилинур. Оҳ! Биз, мусулмонлар, на учун Қуръондан, санъат ва ғайратдан кетдук?
***
Бечора мусулмонлар беш юз йилдан бери Оврупода ўлтуриб, Оврупо одати, либоси ва ёмон ишларини одат қилиб, аммо илм ва ҳунаридан керагинча ҳисса олмабдурлар. Бул ҳар ерда шундайдур. Бу кунгача бир чақирим темир йўли бино қилмоқга бутун мусулмонларнинг илм ва иқтидори йўқдур. Аммо попирус, ичкулик ва бузуқлик тарафиға бор кучимиз ила аъло ҳолда тармашармиз.
***
Мундаги майдон ва бешаларда юзлар ила катта чинор ва бошқа дарахтлар кўрулмоқдаки, қобуқлари очилиб, оч аскарлар тарафидан ошалибдур. Ерларни қазиб, томурлар қобуғини ебдурлар. Ана, 20-асрнинг маданияти ва миллатчилиги! Бу бўлмаса ва мундоқ фидокорлик қилинмаса, миллият ва динлар маҳв бўлуб кетар…
***
Араб маданияти, араб салтанати мундаги ҳар нав халқни ўзига жалб этиб, аммо 1300 санадан бери асло буларни ақида ва виждони миллийларига тасарруф этмайдурки, бул Қуръони каримни бошқаларнин дину виждонидан озод қўйганидан ва умарои исломиянинг ғайридинларни ҳимоя этганларидандур. Ал-он Сурия арабларининг бир қисми туркларга яхши кўз ила қарамайдурки, бул оврупойиларни(нг) таъсиридан экан. Аксар халқи ва турклар тарбият этиб ўқутганлари, туркларни яхши кўруб, турклар таназзул этса, бизни(нг) ҳам заволимиз ва оврупойиларга маҳкумиятимиз бўлур, дер эмишлар…
***
Ҳар ким бўғузигача тўлдурди. Аммо шишадаги мускиротдан на ул бойбаччалар ва на ул оврупомижоз бўлган араб ва турклар бир қатра бўлсун ичмади.
Дедим: “На учун ичмайсизлар?”
Дедиларки: “Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Аллоҳ азимушшаън ҳазратлари Қуръони каримда афандимиз воситалари илан наҳйи этибдурки, 1300 сана сўнгра оврупойилар бу хабисларнинг зарарини билиб, ўзларини сақламоқдадур. Биз қандай ичармиз? Анварбегимиз-да ичган офисарларни силки муқаддас аскаридан тард этар”.
Дедим: “Эй, мисрийларға на бўлди?” Унлар дедиларки, бизнинг мактабларда мунинг зараридан баҳс этарларки, инсоннинг ичкиси келмайдур. Дедиларки, “Туркистону Бухорода қандайдур?”
Мажбуран тўғрисини сўйладим…
Дедилар: “Астағфурулло!”
***
На Шом ва на Қуддус ва на Қоҳирадаги зиёратгоҳларда қўй ва ҳўкузни(нг) шохи ва қуйруғи муқаддас ва олий мазор устинда қўйилган йўқдур. Анинг учундирки, бир соддадил туркистоний ҳарами муҳтарами ҳазрат набавийға кириб, ҳужраи саодатни зиёрат этгандан сўнг “Садағаси кетай, хўб мазор экан, лекин туғи йўқ экан”, деб ҳасрат этиб экан.
***
Биз на ҳолдамиз? Оҳ, бу қадар анбиё, авлиё, машоҳирлар келиб, биз, инсонлар учун шариатлар, тариқатлар, маърифатлар ваъз этиб, бизни ҳақиқатга даъват этиб эканлар. Биз, гумроҳлар, йўлдан чиқиб, хазизи нафсониятга куллиян чўмубмиз. Букун ўзларини маданият ва инсониятни энг олий табақасинда, деб ёлғондан даъво этадурган инсонлар ваҳшониятни энг асфал даражасинда қўл ва аёқ урарлар. Миллиёнлар ила бани одамнинг боиси кулфати ва мусибати бўлурлар.
***
Қуддуси шариф атрофини(нг) ўндан олти-еттитаси оврупойиларники бўлуб, ниҳоятда олий ва жамиятлариға махсус умумий бинолар солингандур. Ёлғуз оврупойилар эмас, Амриқо насороларининг ҳам мулклари бордур.
Қуддус атрофини(нг) ўндан тўрт ё учи маҳаллий одамларники бўлуб, аммо ободлик жиҳатидан оврупойилар мулкини(нг) юздан бири эътибор қилинса, жоиздур. Офарин оврупойиларга!
***
Калисонинг олдинда тошкандлик ёш аттор бор эканки, ҳожи ва завворлар олатурган нимарсалар сотадур. Дўкониға бироз ўлтурдук. Мамлакатдан сўради. Қўлиға бир неча нусха “Ойина” ва “Туркистон харитаси”ни бердим. Аҳли савод экан. Тошканд шаҳрини кўрсатдим. Беихтиёр харита устиндаги Тошкандни ўпуб, кўзиға суртди (“Ҳуббул ватани мин ал-ийман”). Хусусан, ватан ва аҳли диёрни(нг) қадри мусофиратға маълум бўлур. Ҳақиқатан ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак. Сотмасға ўлгунча айрилмасға керакдур.
***
Дунёға ҳар ким умид ила яшайдур. Аммо умидға иш қўшулса, натижа берар.
***
Йўл ва бозорда озгина мастлик зоҳир бўлса ҳам ҳукумат ҳибс этар экан, ҳатто зоҳирий майхона йўқ, дедилар. Шом, Миср ва бутун Туркия мамлакатига синаматўғраф ва мусиқий ҳам рақслик қаҳвахоналар соат ўндан сўнгра очилур эканки, сабаби, оқшом намозининг риояси ва дигари кеч бўлуб, шоядки, халқ бориб, беҳуда масориф озайсун.
***
Биз Русияға тобе бўлуб туруб, Туркистонни ҳеч бир шаҳриндаги бир ҳукумат мактабиға ўн нафар мусулмон талабамиз йўқ, мусулмон тили ва мусулмон дини ўқитмоқ нари турсун…
***
Ёнимда Ҳожи Абдуллоҳ исминда шаҳрихоний мискин бор. Юки бир чарх ила 3 пут келатурган эски-туски латта-путталарини бизни тўқумдўзлар 50 тийинға олиши маълум йўқ. Ўзи икки ҳаж қилғон, Ироқ, Бағдод ва Фаластинни икки дафъа жаёв кезган бир обиддур. Парахўдда ва Пўрт Саидда нимарсаларимизға қоровуллик ва ҳаммоллик этди. Обжўш келтирадур. Хулоса, мен учун бир ҳамшаҳрий ва аъло ҳамроҳдур. Миср туфроғида чархчилик қилиб, бироз фойда этиб, мавсумда яна Ҳажи шарифға кетар. Заррадек ғами йўқ. Икки юзи қип-қизил, тавоно. Фақат ниҳоятда чиркин, ҳаттоки либослари кир ила у қадар муҳр(а)ланганки, ҳабашни қаро юзидек ялтирайдур. Хулоса, бу ҳоли илан бир миллиёнердан тинч ва роҳатдур…
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

