Иссиқ об-ҳаво, ёқилғи нархларининг кўтарилиши ва жаҳондаги беқарорлик дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашувига сабаб бўлди. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълум қилган.
Ташкилот маълумотларига кўра, июль ойида озиқ-овқат нархлари индекси июнь ойига нисбатан 0,6 фоизга ошиб, ўртача 131,1 пунктни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда эса нархлар 1 фоизга кўтарилган.
Бундай ўсишга яқинда кузатилган иссиқ иқлим ва энергия ресурслари нархларидаги ўзгаришлар сабаб бўлган. Бу, ўз навбатида, дон маҳсулотлари, ўсимлик ёғлари ва шакар баҳосининг ошишига олиб келган.
Материалда қайд этилишича, айниқса дон маҳсулотлари нархлари сезиларли ўсган – июнь ойига нисбатан 3,4 фоиз, 2025 йил июль ойи кўрсаткичига нисбатан эса 6,9 фоиз.
Июнь ойига нисбатан маккажўхори баҳосида ҳам ўсиши кузатилган, нарх 3,6 фоизга кўтарилган. Шу билан бирга, гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари пасайган: июнь ойи кўрсаткичига нисбатан мос равишда 2,8 ва 0,7 фоизга тушган.
1 август куни Bloomberg агентлиги экстремал иссиқ об-ҳаво, қуролли можаролар ва аграр соҳада ҳосилнинг паст бўлиши сабабли жаҳонда озиқ-овқат нархлари сезиларли даражада кўтарилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Чунки, бу омилларнинг барчаси таъминот занжирларини издан чиқариб, ўғитлар нархининг ошишига ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун хатарларнинг кучайишига олиб келмоқда.

