Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган 2025 йил учун очиқлик индексини эълон қилди. Унда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 88,2 балл жамғарган ҳолда 16-ўринда қайд этилган.
Маълумки, очиқлик индексини баҳолаш тизими Президентнинг 2022 йил 14 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ йўлга қўйилган бўлиб, ҳар йили олдинги йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар бўлган даврини ўз ичига қамраб олади. Очиқлик индекси «0» баллдан «100» баллгача баҳоланиб, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти самарадорлиги «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2025 йил якунлари бўйича ўтказилган бу йилги баҳолашда 97 та вазирлик, идора, ташкилот ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинганини маълум қилиб, баҳолаш жараёни 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида амалга оширилганини қайд этган. Якуний натижаларга кўра, 66 та давлат органи «яшил», 22 таси «сариқ» ва 9 таси «қизил» самарадорлик кўрсаткичларини намоён қилган.
Маълумот учун, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 2023 йил учун очиқлик индекси баҳолашида 65,4 балл жамғариб, «сариқ» тоифага кирган бўлса, ундан кейинги йилда 78,6 балл билан «яшил»га чиққанди, 34-ўрин. 2025 йил учун очиқлик индекси баҳолашида эса аввалги йилгига нисбатан 9,6 балл кўпроқ жамғариб, жадвалда 18 поғонага юқорилаган.
Ўз мухбиримиз

