АҚШ раҳбари Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида адашиб, бош прокурор Пэм Бонди учун ёзилган ва ўзининг сиёсий рақибларини таъқиб қилишга чақирилган хабарни эълон қилди. Бу ҳақда NBC News ёзган.
Гап президент мамлакат адлия вазирлиги унинг қатор сиёсий душманларига қарши чора кўриши вақти келганини айтиб, бош прокурорга «очиқча босим ўтказгани»га оид нома ҳақида кетмоқда, деб ёзади манба.
Узун постида АҚШ етакчиси бош прокурорни «Пэм» деб атаб, унинг душманларига нисбатан «ҳеч нарса қилинмаётгани»дан ҳафсаласи пир бўлганини билдирган.
Дональд Трамп Пэм Бондидан ФҚБ собиқ директори Жеймс Коми, сенатор Адам Шифф ва Нью-Йорк бош прокурори Летиция Жеймсга қарши айбловлар илгари суришни қатъий талаб қилган.
У хабарни ҳақиқатдан ҳам Truth Social ижтимоий тармоғидаги аккаунти орқали эълон қилиб юборганини эшитиб, ажабланган ва «О» дея муносабат билдириб, кейин шунчаки вазиятга эътибор қаратмаган.

