16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

СИЁСАТДА ШАМОЛ ЭСАЁТГАН ТОМОНГА ҚАРАБ УЧАЁТГАН ҲАММА НАРСА ИШГА ЯРАЙДИ

Сараланган сатрлар

Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романини ўқигансиз албатта. Ана шу асарнинг узвий давоми борлигини ҳам билсангиз керак. Муаллиф “роман учун қисса” дея изоҳлаган ушбу асар “Чингизхоннинг оқ булути” бўлиб, жаҳонга ҳукмдорлик даъвоси билан чиққан икки амалдор – ХИИ-ХИИИ асрларда яшаган Чингизхон ва ХХ асрнинг қаттол шахсларидан бири Сталин сиёсати инсон болалари ҳаётида қандай оқибатларни келтириб чиқаргани ҳақида ҳикоя қилади.

Атоқли адабиётшунос ва таржимон Иброҳим Ғафуровнинг асар ҳақидаги қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Икки ойлик ваҳшиёна тергов ва бир ойлик Европани забт этишга отланган саҳро жаҳонгирининг ҳарбий сафар йўли. Икки ривоят неча асрлар оша бир-бирида акс садо топади. Икки ривоят бизга азал ваҳшийликларнинг қон сирқиб турган томирларини яланғочлаб кўрсатади. Енгилган инсон моҳиятда нима учун сира енгиб бўлмас бир қудратга эгалигини айтматовча хассослик, ҳаётийлик, теранлик билан тадқиқ этади”.

“Оқ кема”, “Жамила”, “Сомон йўли”, “Сарвиқомат дилбарим”, “Алвидо, Гулсари”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат” каби асарлари билан ўзбек китобхонларига яхши таниш муаллифнинг “Чингизхоннинг оқ булути” қиссаси жаҳон адабиёти тажрибаларини чуқур ўрганиш асосида ёзилган.

1980-йилда “Асрга татигулик кун” романи таркибида эълон қилиниши керак бўлган, бироқ совет цензураси “юлиб” қолган бу лавҳа қайси жиҳатлари билан мустабид тузум мафкурачиларини чўчитиб юборганди? Буни мутолаа асносида билиб оласиз…

*  *  *

Уруш тугаганига ҳам неча йиллар бўлди. Ҳаммаси учун тортадиганини тортди – қон деса қонини тўкдилар, лагерларга элтиб тиқдилар, уруш кўрганларнинг бари гўристонларга тарқаб кетадиган вақт ҳам узоқ эмас, мутлақ ҳоким эса ҳамон ўч олишдан тўймайди, ҳамон инсофга келмайди.

*  *  *

Ҳаёт ундан айрилиб қоладиган дамларда янада ширинроқ бўлиб қолади, энди буни у аниқ билади, зулмат қўйнига муқаррар шўнғиш олдидан, ана шу энг охирги дамда, ҳаётнинг сўнгги машъум зиёси тушиб турганда, сарҳисоб қилишга тўғри келади. Ҳаётнинг энг муҳим хулосаси – болалар. Эҳтимол, табиат атай шундай қурилган бўлса керакки, ота-онанинг умри ўзидан кейин қоладиганларни вояга етказиш учун сарф бўлади. Шунинг учун ҳам отани боладан айириш, уни қазо-у қадарнинг ўзида белгиланган вазифасини ўташдан маҳрум этиш, бу демак, унинг ҳаётини, охир-оқибатда, тамомила беҳосил қилиб қўйиш билан баробар.

*  *  *

У ёки бу кимсанинг устидан чақув тушиб, мафкуравий шубҳа остида қолса, дарҳол унинг ўзини ҳам, яқин қавм-қариндошларини ҳам қийин-қистовга олишларидан безиб қолган одамлар энди хатарли хатоларга йўл қўймас, миллатчиликка йўйиш мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни қилмас, сўйламас, ёзмас эдилар. Билъакс, кўпчилик ғоятда эҳтиёткор ва ҳушёр бўлиб қолган, миллатга дахлдор, қадр-қимматга эга барча нарсаларни бор овоз билан инкор этишар, ҳатто, ўз она тилидан воз кечишгача бориб етар эдилар. Ҳар қадамда Ленин тилида сўзлашаётгани ва ўйлаётгани тўғрисида писанда қилиб турадиган бундай одамларни қани, қўлга илинтириб кўр-чи…

*  *  *

Сиёсатда шамол эсаётган томонга қараб учаётган ҳамма нарса ишга ярайди. Ҳа, ҳар қандай жуда майда-чуйда бўлиб кўринган нарса ҳам душманга қарши тош қилиб отишга, уни ғоявий жангларда мажақлаб ташлашга яраб қолиши мумкин.

*  *  *

У ёзиш-чизишни билмасди. Шунинг учун сафарда юз бериши мумкин бўлган барча нарсаларнинг фойда-зарарини назаридан ўтказиб, барини ёдида сақлашига тўғри келарди. Фақат шундай қилгандагина ишларнинг бари ўнгидан келар ва энг муҳими, қаттиқ темир тартиб-интизом ўрнатилар, фақат шундай йўл тутибгина ғалаба қозонмоқ мумкин бўларди. Чингизхон зиғирдаккина бўлсин, бўшангликка йўл қўймас, Европани босиб олишдек катта мақсадига ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсиқ бўлмаслиги керак эди.

*  *  *

Ёшлик чоғларида, у замонлар ҳали Чингизхонни Темучин деб аташарди, унинг ўзи ҳам қўшни қабилалар билан оз жанг қилмаган, ўзи ҳам қаттиқ-қаҳрли кунларни кўрган, не азобларни бошидан ўтказган, суюкли хотини Бўрте меркитлар босқини чоғида ўмариб олиб кетилган, чўриликнинг аламли қисматини тотган эди. Чингизхон ҳокимиятни қўлга киритгач, барча ўзаро низоларни шафқатсиз тарзда бостирди. У турли жанжал-можаролар давлатнинг куч-қудратини қирқиб, унга тинмай халал беришини яхши англаб етган эди.

*  *  *

У бир нарсани жуда эрта англаб етган, бунга ҳам э-ҳа, не замонлар бўлди, ҳали унда бир қориндан талашиб тушган иниси, мурти эндигина сабза урган Бектер билан сойда тутилган балиқни талашиб, аслида эса, бўриларга хос ички сезги билан қисматнинг биттагина эгарига икковлари сиғмасликларини англаб, уни ёй ўқи билан ўқлаган чоғларидаёқ ҳаётнинг азал тузугини бехато тўппа-тўғри бир тарзда билиб олган эди, у ҳам бўлса шуки, куч ишлатиб эзиш керак экан, куч олдида бўйсунмаган, тиз чўкмаган, ранги ўчмаган, ваҳший қудрат шиддатидан гуноҳкор одамзотни-ку ҳали қўя турайлик, тошми, сувми, оловми, дарахтми, дарранда ё паррандами, хуллас, куллари кўкларга совурилмаганлигини ҳали ҳеч кимса кўрган эмас. Зўр зўрдан зўр чиққанда, энг ажойиб кўринган нарсаларнинг ҳам туси ўчади, арзимас бир нарсага айланиб қолади, гўзалликнинг шўрига шўрва тўкилади. Мана шундан ана энди бир хулоса келиб чиқади: топталаётган, эзилаётган нимаики бор – бари ночор, бари ҳеч нарсага арзимайди, тиз чўккан, букилган, бош эгган нимаики мавжуд – бари раҳм-шафқатга сазовор, фақат раҳм қилгувчининг инон-ихтиёрига кўра, албатта. Дунёнинг ишлари шу асосга қурилган…

*  *  *

Азал-азалдан овчилик ва чорвачилик билан кун кечириб келган, камбағаллашиб қолган, оз сонли аратқиётлар уруғидан бўлган етимча бола дунёга ҳукмдор бўлади, одамнинг ваҳимаси келадиган, ақл бовар қилмайдиган шон-шуҳрат чўққиларига худди лочин каби шиддат билан кўтарилади деб ким хаёлига келтирибди ва буни бошқа нима билан ҳам изоҳлаш мумкин. Ахир ҳаёт шаддод етимчага, нари борганда, чапдаст от ўғриси қисматини раво кўриши мумкин эди. Шундай экан, тарихда мисли кўрилмаган бундай чек-чегарасиз ҳукмронлик қаердан пайдо бўлди? Бунга фол очиб ўтиришнинг ҳожати борми? Кўк Тангрининг хоҳиш-иродаси бўлмаса, тагидаги отдан ўзга ҳеч вақоси йўқ Темучиннинг боши узра комидан ўт сочган аждаҳо суврати солинган олтин ҳалли байроқлар ҳилпираб турмас, ҳеч қачон Чингизхон деб ном қозонмас ва ҳеч қачон Олтин ўрдугоҳ қуббалари остида баланд тахтда ўтирмасди!

*  *  *

Уйқудаги одамлар на ўзларига ва на ўзгаларга тобе бўладилар, бинобарин, уйқу серкулфат, бемаъни ғафлат босган бир эркинликдирким, уйғониш палласи етганда, дарҳол ундан дағал шаҳд-шиддат билан қутулмоқ лозим.

*  *  *

Қўшин суронлари узоқда гулдурос солаётган денгизни эслатади. Ушбу сон-саноқсиз издиҳом, одамлар, отлар, аравалар, қурол-аслаҳа, кўч-кўрон, қорамоллар селдай оқади, буларнинг бари Чингизхон куч-қудратининг тимсоли, ундан бино бўлган, унинг ниятларидан туғилган эди. Ушбу соат у эгарда ўтириб худонинг камдан-кам бандалари хаёлга келтиришга журъат этадиган ўша-ўша – дунёга якка ўзи ҳукмронлик қилиш орзуси, осмон остидаги ягона абадий салтанат ва бу салтанатда ҳатто ўлимидан сўнг ҳам ҳукмронлик суриш ҳақида ўй ўйларди. Қандай дейсизми? Тош лавҳаларда олдиндан битилган ясоқлар орқали. Дунёни қандай идора қилиш ҳақидаги қоятошларга ўйиб битилган амру фармонлари – ясоқлари мустаҳкам тураркан, ёруғ оламда ҳеч қачон унинг иродаси ўлмагай.

*  *  *

Баъзан одам боласи учун дунё бир зум ичида ўзгариб кетиши, ағдар-тўнтарга учраши ҳеч гап эмас.

*  *  *

Одамнинг ўз жонидан азиз кишиларини шундайгина кўз учида кўришдек оддий тоза бир истагига қанчадан-қанча тўсиқлар, хавф-хатарлар қарши туриши мумкин экан-а.

*  *  *

Маҳкум ҳам, жазога тортувчи ҳам шуни бир хилда тушунар эдиларки, агар ушбу сеҳру жодули айблов сўзлари кучга кирса, бу жазо берувчини фақатгина айблабгина қолмай, балки шу билан бирга, душманларни таг-томири билан йўқотиш учун истаганча чора-тадбир кўриш мажбуриятини юкларди. Ўзгача фикрда бўлувчилар қириб ташланишга маҳкум эди. Бу қонли тегирмонга янчиш учун тинимсиз қурбонлар келтириларди. Таъқиб ва тазйиқ остида қолган одамга ўзининг тамомила маҳкум эканлигини уқтириш ва бунинг инкор этиб бўлмас зарурат эканлигини миясига қуйиш ҳам талаб этиларди.

*  *  *

Инсон зоти ер юзида пайдо бўлиши ҳамон бошқа барча махлуқлардан олдинроқ ёлғиз ўзи дарҳол Иблис билан топишди ва кунлар оша, асрлар оша ёвузликнинг тантанасини ўрнатди. Ҳа, ёлғиз инсонгина шундай ашаддий ёвузлик эгаси бўлиб қолди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.