Сараланган сатрлар
Амир Темур ташқи кўриниши қандай бўлган? Биз кўниккан суратлар нечоғлик ҳақиқатга яқин? Соҳибқирон сийрати, маънавий-руҳий олами ҳақида қандай маълумотлар бор? Тарих ихлосмандлари учун бу саволларнинг жавоби доим бирдек қизиқ.
1941 йилда Соҳибқирон қабри очилишидан кўзланган асосий мақсад ҳам (“сирли хазина” ўз йўлига!) Амир Темур ташқи кўриниши қандай бўлгани ҳақидаги фикрларга аниқлик киритиш эди. Буюклар ҳақида тахмину тусмоллар кўп бўлади. Башарти у бир вақтлар дунёнинг ярмига эга чиққан бўлса, чунонам.
Биламизки, ҳар бир буюк тарихий шахснинг саркардалик, яратувчилик, раҳбарлик қобилияти, руҳий дунёси авлодлар ҳаётида, жамият тараққиётида ривожлантирувчи қудратли манба сифатида намоён бўлади. Бинобарин, “Соҳибқирон Амир Темурнинг руҳий олами” китобида фикримизга исбот ўлароқ фикрларни кўп кўрасиз.
* * *
Академик Б.Аҳмедов келтирган маълумотларга кўра, ҳукумат вакили Н.А.Овсянников, Самарқанд НКВДси вакили А.К.Клитский ва бошқалар иштирокида тузилган “далолатнома”да “Темур ва унинг авлодларининг суяклари, қабрдан топилган бошқа нарсалар дастлаб Тошкентга, сўнг Москвага олиб кетилади”. Антрополог-ҳайкалтарош М.М.Герасимов Москвадаги махсус лабораториясида бош чаноқни ўрганиш асосида Амир Темур (кейинроқ шаҳзодалар)нинг ҳайкал тимсолини яратади. Физиогномика фани нуқтаи назаридан ёндашилиб талқин этиладиган бўлса, рўй-рост айтиш керакки, М.Герасимов “яратган” Жаҳонгир Темур “бюсти”дан ўша давр сиёсатининг руҳи ва андазаси уфуриб туради. Бошқача айтилганда, Соҳибқирон сурати – тажовузкор ва ёвуз қиёфада акс эттирилган.
* * *
Барча тадқиқотларда эътироф этилган қизиқ бир ҳаётий “факт”, айниқса, эътиборга лойиқ. Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси очилаётганда кўпни кўрган нуроний қариялар келиб “экспедиция” аъзоларига ўз эътирозларини билдиришади:
– Буюк Жаҳонгирнинг руҳини безовта қилманглар! Оқибати хунук бўлади…
Бироқ, 1941 йилнинг 20 июнида эл-улуснинг норозилигига қарамасдан Амир Темур хилхонасининг тобут қопқоғи кўтарилади. Тарихий мутаносибликми, ҳаётий ҳақиқатми, эртаси куни 20 миллион инсонни жувонмарг қилиб кетган уруш бошланади!
* * *
Амир Темур шахсининг улуғлиги ва ўзига хослиги ҳақида жаҳон тарихи саҳифаларида ўз аксини топган турли мазмун ва кўринишдаги солномалар, тарихномалар, қўлёзмалар, ёдномалар, “кундаликлар” ва бошқа кўринишдаги ёзма ёдгорликлар ҳам, табиийки, буюк Соҳибқирон бобомизнинг нафақат ташқи, балки, ички руҳий олами хусусида ҳам бой маълумотлар беради.
Бу ўринда муаррих-тадқиқотчи ва олимларимиз биринчи галда илк бора 1894 йилда Н.Остроумов таҳрири остида Қозон шаҳрида чоп этилган “Темур тузуклари” асарини қимматбаҳо манба ҳисоблайдилар. Бошқа асарлардан фарқли ўлароқ “Темур тузуклари”нинг барча боб-саҳифаларида Соҳибқирон сиймоси, давлат арбоби ва ҳарбий саркарда сифатида олийҳимматли, адолатли шахс сифатида қаламга олинади. Амир Темур ва унинг давлати ҳамда ҳарбий юришларига бағишланган адабиётлар орасида эса Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари алоҳида ажралиб туради. Бунинг боиси, Али Яздий ХВ аср бошларида Темурнинг бош девонида солномачи бўлган, кейинчалик Шоҳруҳ саройида хизмат қилган.
Мир Алишер Навоийнинг тарихчи Яздийга берган: “Мавлононинг соҳиб камоллиғи олам аҳли қошида мусалламдур” таърифу тавсифидан келиб чиқилса, бу солномачининг Соҳибқирон Темур ҳақида битган мисралари ҳаққоний ва ҳаётий эканлигига ишонасан киши.
* * *
Амир Темурнинг қудратли подшоҳ ва енгилмас лашкарбоши сифатидаги ташқи қиёфаси илк бора шарқнинг ХВ аср ва кейинги даврларидаги миниатюра – бадиий ранг-тасвирларида акс этган. Лекин, тан олиш керакки, бу ранг-тасвир асарлари аслига қараб чизилган портретлар бўлмай, балки ўша давр миниатюрачилари томонидан қабул қилинган анъаналар бўйича “тасвирланаётган шахс”нинг ўзига хос хусусиятларинигина эмас, уларнинг умумий руҳини акс эттирадиган асарлар эди. Афтидан ўша даврда ҳар қандай сураткаш қудратли шоҳ ва саркардадан “унинг сиймоси”ни чизишга изн олишга журъат тополмаган, эҳтимол Соҳибқирон томонидан ҳам ўз суратини чиздиришга мойиллик билдирилмаган. Тўғри, ўша давр муаррихларидан Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” қўлёзма асаридаги бир миниатюрада акс эттирилган портретни, гўёки “Темур ҳаётининг охирида уни шахсан билган сураткаш чизган” дея изоҳ берган бўлса-да, аммо, тадқиқотчилар томонидан бу тахмин ўз исботини топмаган. Боиси, мазкур миниатюра – “Амир Темур сурати” ХВИИ асрнинг биринчи ярмига келиб битилганлиги аниқланган.
* * *
1941 йилда Самарқанддаги Гўри Амир даҳмаси очилгач, саркарданинг суяк қолдиқлари антрополог олимлар томонидан ўрганилиб, айрим хулосалар берилганини ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Хусусан, профессор Л.В.Ошанин фикрий хулосасига кўра, Жаҳонгир Темурнинг суяклари йирик, шу жумладан, оёқ, қўл суяклари узун, ўртача бўйли, чайир одам бўлган. Бош суягининг мия ҳажми кенг. Соҳибқирон сурункали тарзда, ўнг тизза ва ўнг елка бўғим касаллигини бошдан кечирган. Ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи, камон ўқи зарбидан бўлса керак, кучли жароҳат топган. Ўнг оёғи ҳам оқсоқ бўлган. Тирсак бўғини қотиб қолганлиги боис ўнг қўлини зўрға ишлатган. Бу ҳолатларни, хусусан, Сейистон жангларидан бирида ўнг қўлидан яраланганини тарихий ёзма манбалар ҳам тасдиқлайди.
* * *
Муаррих Бабро Брей бир араб солномачисининг гувоҳлигига асосланиб, ўзининг “Ибн Халдун” мақоласида шундай ёзади:
“Темур бўйи узун, кенг елкали ва бақувват, калласи катта, пешонаси кенг, бармоқлари тўлиқ одам эди. Соқоли ҳилпираб турар, бир қўли фалаж, ўнг оёғи оқсоқ, қарашлари ўтли, ёниқ, овози жарангдор, ўлимдан қўрқиш нималигини билмайди”.
* * *
Ибн Арабшоҳ асли Дамашқ шаҳрида туғилган бўлиб, Амир Темур Шом (Сурия)ни забт этганда кўпчилик олим, фозиллар, меъмор, рассом, косиб, уста ҳунармандлар қаторида унинг ота-онаси, биродарлари билан Самарқанд шаҳрига келтирилган. Шу боисдан бўлса керак, ўша пайтда 12 ёшда бўлган Ибн Арабшоҳ қалбида Амир Темур ва унинг сипоҳиларига нисбатан ғанимлик кайфияти ўрнашган бўлиши табиий. Ҳолбуки, Ибн Арабшоҳ ҳам, бошқалар ҳам Соҳибқирон салтанатида ҳеч қандай тазйиқ остида яшамаганлар. Аксинча, Амир Темурнинг марҳамати билангина Ибн Арабшоҳ сингарилар илм олиб, ўз умрининг ниҳоясида катта илм соҳиби бўлиб етишганлар.
* * *
“У ёлғон-яшиқнинг душмани бўлиб, ҳазил унинг кўнглига ёқмасди. Ўзининг олдида талон-торож, қотиллик, хотин-қизларнинг номусига тегиш, зўрлаш ҳақида гапиришга йўл қўймасди; у ҳақиқат қанча аччиқ ва қаттиқ бўлмасин, уни эшитишни яхши кўрарди. Яхши-ёмон ҳолатлар унинг кайфиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмас эди. Жасур аскарларнинг дўсти, ғоят мард ва ботир бўлган бу одам кишиларни ўзини ҳурмат қилишга, ўзига бўйсундиришга мажбур эта биларди” (Ибн Арабшоҳ “Ажойиб ал-мақдур фи тарихи Таймур”). Узоқ вақтлар бошқа сиёсатдонлар томонидан ҳам “Саводсиз, шу боис босқинчиликка ружу қўйган”, дея тавқилаънат тамғаси илиниб келган Соҳибқирон Амир Темур ҳақида Буюк Британия қомуси (1946 йил)да мана қандай таъриф берилган: “Ислом Қуръонини яхши ўқиганлиги, ҳатто худонинг хоҳиши билан каромат кўрсатиш салоҳиятига эга эканлиги” эса унинг нечоғлик зукко ва донишманд инсон бўлганлигидан далолат беради.
* * *
Яккабоғ туманида бўлганимизда қариялардан шундай бир ривоятни тинглашга муяссар бўлгандик:
“…Темурбекнинг шаҳри Самарқандни эгаллаш учун қилган дастлабки ҳаракати мағлубиятга учрагач, ёш саркарда яқин одамлари ҳамроҳлигида тоққа қараб чекинишибди. Юра-юра шом қоронғисида Яккабоғга кириб келишибди. Тоғдаги Дархон қишлоғида ёлғиз бир кампир яшарди. Момонинг исми ҳам қишлоғига уйқаш Дархон кампир экан. Сипоҳийлар ниҳоятда оч ва толиққанлигидан биринчи дуч келган ўша момонинг даричасини тақиллатишибди. Кампир тунги меҳмонларни очиқ чеҳра билан қарши олибди. Эл удуми, таомилига кўра, уларни зиёфат қилиш лозим эди. Кампирнинг эса қашшоқлиги боис кучи фақат атала пиширишга етибди, холос. Таом сузилиб, ниҳоят дастурхонга тортилибди. Қорни оч ёш саркарда атала тўла косани олдига тортиб ҳўплаган экан, оғзини куйдириб олибди. Уни зимдан кузатиб турган кампир дилидагини тилига чиқарибди:
– Улим, сени овқат ичишинг, худди Темурбекнинг Самарқандга қилган шошқалоқ ҳужумига ўхшайди-я!
Темурбек ҳам ҳайрон бўлибди, ҳам сергак тортибди:
– Момо, сизнингча Темурбек қандай иш тутиши керак эди?!
Момо энди жиддий тарзда маънодор оҳангда сўзлабди:
– Аталани ичишдан олдин коса теграси бармоқ билан оҳиста шошмасдан олинади. Сўнг аста-секин ўртаси совутиб-совутиб ҳўпланади. Темурбек ҳам, аввал тўғри Самарқандга шошиб ҳужум қилмасдан, атроф-жавонибдаги майда қўрғон-кентларни эгаллаши, ана ундан сўнг куч йиғиб пойтахт томон ҳужумга ўтиши зарур эди.
* * *
Буюк бобокалонимиз ҳар вақт: “Инсонпарварликни ва мардликни Аллоҳ ҳам, халқ ҳам улуғлайди”, деган ҳикматли сўзларни такрорлашни хуш кўрганлар ва ҳаётда ҳам ўзлари бунга амал қилганлар. Булардан келиб чиқиб хулоса қилинса, Амир Темурнинг руҳий оламини асосан давлат тинчлиги ва барқарорлиги, мамлакат ободлиги ва ривожи, фуқароларнинг адолатли замонда, дориломонликда умр кечиришлари учун курашган инсон каби бебаҳо хислатлар безаб туради.
БЕКЗОД тайёрлади.

