16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Танадаги сигналларга қулоқ тутиш ва зарур пайтда танаффус қилиш керак

Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель фаолияти давомидаги расмий тадбирлар вақтида бир неча бор ўзини ёмон ҳис қилгани ва танасини  титроқ босгани сабабини тушунтирди. Magenta TV телеканалига берган интервьюсида у бундай ҳолатлар кучли руҳий зўриқиш ва стресс оқибатида юзага келганини айтган.

Сиёсатчининг таъкидлашича, ўша пайтда канцлер организмидаги бу реакцияни бироз танаффус қилиш зарурлиги ҳақидаги огоҳлантириш сифатида қабул қилган. Бу ҳолат унинг шахсий ҳаётидаги оғир кечинмалар ва касбий фаолияти билан боғлиқ катта босимлар натижасида юзага келган.

«2019 йилда ҳарбийлар иштирокидаги тантанали маросимлар пайтида танам титрай бошлаганида, бу тўпланиб қолган руҳий зўриқишнинг чиқиши эди. Эҳтимол, бу ҳолат онамнинг вафоти, шунингдек, сиёсатдан кетаётганимни англашим билан боғлиқ бўлган», деган Ангела Меркель.

Шу билан бирга, собиқ канцлер ҳукуматдаги иш фаолияти давомида кескин танаффус қилиш имконияти бўлмаганини қайд этган. Унинг айтишича, организми ундан тўхташни ва дам олишни талаб қилган. Сиёсатчи бундай ҳолатларда танадаги сигналларга қулоқ тутиш ва зарур пайтда танаффус қилиш кераклигини таъкидлаган.