16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

ТАРМОҚ, ҲУДУД ВА УНИВЕРСИТЕТ

ёхуд тараққиёт йўлида туташган мақсадлар

Ҳамкорлик

Эътироф этиш жоиз, бугун Ўзбекистон дунёда ўз сўзини айтмоқда. Президентимиз халқаро минбарларда муҳим масалаларни ўртага ташлаяпти, уларнинг ечими бўйича зарур таклифларни илгари сураяпти. Ҳамкорлик йўналишлари кенгаймоқда. Илм-фан ва саноат соҳасида интеграция кучаймоқда. Олий таълим муассасалари таълим дастурларини жаҳоннинг энг юқори рейтингга эга университетлари дастурлари асосида шакллантириш вазифаси қўйилгани ҳам таълим сифатини оширишнинг муҳим омилидир.

Билимга интилиш, биринчи навбатда, таълим соҳасида илғор тажрибаларни ўзлаштиришни тақозо этади. Бунинг учун биз, спортчилар таъбири билан айтганда, «планка»ни юқорироқ олдик. Шунинг учун ҳам бугун олий таълим тизимига дунёнинг ТОП-300 рейтингидан ўрин олган университетлар ўқув дастурларини жорий этиш мақсад қилинди. Бу борада кўплаб форумлар, мулоқотлар ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Ҳамкорлик меморандумлари имзоланмоқда. Биргина Қарши давлат техника университети мисолида айтадиган бўлсам, яқин даврларда Малайзия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Россия, Венгрия каби ўнлаб давлатларнинг олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Хўш, бу саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти нимада?

ИЛҒОР МУҲАНДИСЛИК МАКТАБИ

Биринчи навбатда, янги билимларни эгаллаш имконияти пайдо бўлмоқда. Натижада янги авлод дарсликлари яратилмоқда. Илмий тадқиқот ишлари кўлами ортмоқда. Бу – жуда муҳим. Сабаби, бугун университетда тайёрланаётган муҳандислар, мутахассислар эртага ишлаб чиқариш жараёнида ҳар қандай замонавий қурилмани бошқара олиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги «Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада дастуриламал бўлди.

Қарор ижросининг таъминланиши ишлаб чиқариш корхоналари ва олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлади. Тадқиқотчиларимизнинг нуфузли корхоналардаги замонавий лабораторияларда илмий изланишлар олиб боришлари учун имконият яратилди. Талабаларнинг амалиётига жиддий эътибор қаратилиб, иқтидорли ёшлар корхоналарнинг кадрлар захирасига олинди, ишга қабул қилинди. Бундан ташқари, соҳа мутахассислари таълим жараёнларига жалб этилди, тадқиқот ишлари билан шуғулланишлари учун кенг ҳамкорлик ўрнатилди.

Университет ва «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ ҳамкорлигида «Газ-кимё ва энергетика» илғор муҳандислик мактаби ташкил этилган бўлиб, «тармоқ – корхона – олийгоҳ» тамойили йўлга қўйилди. Бу мактаб соҳада кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларнинг муҳим тизимига айланди.

Илғор муҳандислик мактабининг асосий мақсади саноат ҳамкорлари эҳтиёжлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини ҳисобга олган ҳолда, нафақат юқори  ва кўп тармоқли технологияларни ўзлаштиришга қодир бўлган, балки креатив фикрлайдиган, рационализаторлик таклифларини ишлаб чиқадиган «муҳандис-тадқиқотчи» малакасига эга янги авлод кадрларини тайёрлашга қаратилган.

Ана шу мақсаддан келиб чиқиб, мактабнинг ўқув-услубий таъминоти жаҳондаги етакчи 300 университет, жумладан, Малайзиянинг Петронас технологиялар университети, Дрезден техника университети (Германия), Томск политехника университети (Россия)нинг чуқурлаштирилган модулли ўқув дастурлари, ўқув режалари, хорижда чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар, илғор педагогик технологиялар асосида шакллантирилди.

Таълимнинг ҳам институтда, ҳам корхонада олиб борилаётгани магистрлар учун амалиёт имкониятларини оширмоқда ва таҳсил сифатининг ошишига ҳамда малакали мутахассис бўлиб етишишига имкон яратмоқда. Қолаверса, улар илмий тадқиқот ишларини бевосита заводнинг ўзидаги лабораторияларда олиб бормоқда. 2025-2026 ўқув йилида 20 дан ортиқ магистрлик ва 3 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинади, 2 та инновацион ишланма ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда. Шўртан газ кимё мажмуаси ва институт олимлари ҳаммуаллифлигида 2 та илмий ихтирога патент олинди. 10 дан ортиқ мавзуларда илмий технологик муаммоларнинг муҳандислик ечимлари ишлаб чиқилмоқда.

МУАММОНИНГ ИЛМИЙ ЕЧИМИ

Университетда илмий-тадқиқот ишларини давлат буюртмаси асосида шакллантириш, саноат корхоналари билан ҳамкорликда инновацион ишланмаларни яратиш тизими «Тармоқ – корхона – университет» тамойили асосида йўлга қўйилган. Ҳозирги пайтда давлат дастурлари доирасида 10 миллиард сўмлик илмий лойиҳалар бажарилмоқда. Жумладан, хитойлик олимлар билан бирга кийимлар учун пахта тўқимаси асосида эгилувчан фотовольтлик элементларни ишлаб чиқиш, Беларусь миллий техника университети билан биргаликда паст потенциалли ва геотермал энергия ресурсларидан фойдаланиб, интеграллашган иссиқлик-совуқлик таъминоти тизимларини яратиш, оптималлаштириш ва бошқаришнинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда конволюцион нейрон тармоғини қўллаш орқали ғўзанинг ўсиш даврини инобатга олган ҳолда пахта етиштиришнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш (Ўзбекистон-Венгрия) лойиҳалари шулар жумласидан.

Ушбу лойиҳаларни бажаришга университетнинг 100 дан ортиқ иқтидорли талабалари, магистрлар, ёш олимлар ва етакчи олимлардан иборат илмий-ижодий гуруҳлар жалб қилинган. 

«Тармоқ – корхона – университет» тамойилининг яна бир эътиборли жиҳати, университет олимлари йирик корхоналарнинг илмий-техник муаммолари ечими юзасидан илмий хулосаларни беришмоқда. Вилоятдаги «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ, «Uzbekistan GTL» МЧЖ ва Деҳқонобод калий заводи билан ҳамкорликда 7,1 миллиард сўмлик илмий лойиҳалар бажарилмоқда. Масалан, «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ корхонасининг энергия балансини термодинамик таҳлил қилиш, иккиламчи энергия ресурсларини иссиқлик насосли утилизация қилиш, экологик мониторингини ўтказиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини аниқлаш, корхонада ишлатилган молекуляр сито (цеолит)дан тоза алюминий оксиди олиш мавзуларида 3 та лойиҳа устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Деҳқонобод калий заводи билан биргаликда эса Тепақўтон конидаги кон лаҳимларининг  хизмат муддатини узайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларга қаратилган лойиҳа бажарилмоқда.

ҚИШЛОҚДА ЮРГАН ОЛИМЛАР

Олимлар илмий тадқиқот ишлари мавзуларини белгилашда, асосан, маҳалла ва қишлоқлардаги муаммолар ечимига қаратадилар. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди, дастур ишлаб чиқилди, масъуллар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Пахтакор, Сардоба, Яшнаобод ва Қорақум маҳаллаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун масъул этиб белгиланди.

Дастлаб олимлар томонидан Муборак тумани тупроқларининг нисбатан шўрхок эканлиги аниқланди. Шундан келиб чиқиб, шўрни ювиш ва шундай тупроқда етиштириладиган экинлар, уларни парваришлаш, касалликларига қарши курашиш бўйича аҳолига кенг тушунча берилди. Кўплаб илмий ишланмалар маҳаллаларда жорий қилинди.

Ишсиз аёллар учун тадбиркорлик бўйича семинарлар, маҳорат дарслари ўтказилди. Бу ўқув машғулотларига ҳар бир маҳалладан ўнлаб хотин-қизлар жалб этилди. Хорижий тилларни ўргатиш, олий таълим муассасаларига тайёрлов курслари ҳам ташкил қилинди. Бундан ташқари, Қарши давлат техника университети томонидан Қорақум маҳалласидаги  6-сонли умумий ўрта таълим мактабида компьютер синфи ташкил қилинди ва 10 та компьютер жамланмаси ўрнатиб берилди. Аҳоли хонадонларида намунали сув тежамкор суғориш технологиялари жорий қилинди.

Муборак жамоат саломатлиги техникуми ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида Қорақум, Яшнаобод, Пахтакор ва Сардоба маҳаллаларида тиббий кўриклар ҳамда «Қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларни парваришлаш» мавзусида семинар-тренинглар ўтказилди.

Қорақум маҳалласида яшовчи Азамат Жумаев хонадонига Қарши давлат техника университети тадқиқотчилари томонидан, айнан шу хонадоннинг минимал эҳтиёжидан келиб чиқиб, 1,2 киловатт қувватли қуёш панеллари ва унга мос равишда энергия йиғувчи аккумулятор, 200 литр сиғимли қуёш сув иситкич (гелиоколлектор) ва 6 дона тунги қуёш ёритқичлари ўрнатилди. Шу оила хўжалиги мисолида тўлиқ автоном электр таъминотини яратиш, тармоқдан узилган ҳолатда ҳам ишлашини таъминлаш ва маиший эҳтиёжлар учун иссиқ сув таъминотини ташкил этишга хизмат қиладиган, экологик тоза, қуёш энергиясида ишлайдиган «Яшил хонадон» лойиҳаси амалга оширилди.

Қорақум маҳалласида яшовчи Шавкат Қулбоев хонадонида ясси қуёш сув иситиш қурилмаси ўрнатилди. Қарши давлат техника университети энергетика муҳандислиги факультети олимлари томонидан яратилган ушбу қурилма қуёш энергияси ёрдамида бир кеча-кундузда 100 литргача сувни 60 даражадан юқори ҳароратда қиздиради. Натижада хонадонда иссиқ сув учун сарфланадиган ёқилғи, табиий газ ва электр энергияси тежалади, оила харажатларидан бир йилда 7-8 миллион сўм иқтисод қилинади.

Мазкур қурилма воситасида Қарши давлат техника университетининг 2 нафар ёш олими – Ислом Шоймардонов ва Соҳиба Шомуродова профессор Ғулом Узоқов бошчилигида илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.

Бундан ташқари, мазкур университет томонидан Яшнаобод маҳалласида яшовчи Элдор Элмановнинг хонадонига ёш олим Олмос Қўзиевнинг универсал қуёш қурилмаси ўрнатиб берилди. Бу қурилма бир вақтнинг ўзида инкубатор, қуриткич, сув иситкич ва электр билан таъминлаш вазифасини бажаради. Бир киши ишли бўлди. Мустақил тадқиқотчи Озод Йўллиев Яшнаобод маҳалласидаги Сайдулла бобо Элманов хонадонида ўрнатилган томорқа учун биогумус ва биогаз ишлаб чиқарадиган қурилма асосида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Худди шу каби ишлар Қарши туманидаги Гулшан маҳалласида ҳам бошлаб юборилди. Ҳозирда университет профессор-ўқитувчилари аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг яшаш шароитлари, имкониятлари ва ўй-мақсадларини ўрганяптилар. Тупроқ унумдорлигини текширяптилар, янги режалар тузяптилар.

Бугун давр шиддати ҳар биримиздан тадбиркор, ташаббускор ва изланувчан бўлишни тақозо этмоқда. Куни кеча давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўяётган бир пайтда, қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлиши алоҳида қайд этилгани бежиз эмас.

Абдураззоқ МУРОДОВ