16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ТАЪЛИМГА БЎЛГАН МУНОСАБАТ ОРҚАЛИ МИЛЛАТ Ё ТАРАҚҚИЙ ЭТАДИ, Ё ТАНАЗЗУЛГА ЮЗ ТУТАДИ

Сараланган сатрлар

Ўтган аср бошларида Туркистон ўлкасида кенг ёйилган жадидчилик ҳаракати вакиллари, энг аввало, муаллимлар эди. Беҳбудий, Фитрат, Мунавварқори Абдурашидхонов, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Авлоний каби юрт фидойилари миллат фарзандлари замонавий таълим олишлари, дунё танишлари учун астойдил ҳаракат қилишди. Шахсий маблағи ҳисобидан мактаблар ташкил этиб, четдан муаллимлар ёллашди, ўзлари дарс ўтишди. Германияга ўқишга юборилган ўзбек фарзандлари ҳам ана шу истак натижаси саналади.

Ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим, давлат ва жамоат арбоби Абдурауф Фитрат биринчи ўзбек профессори эди. Мир Араб мадрасасида таҳсил олгач, 1902-1903 йилларда Ҳаж сафари муносабати билан Туркия, Ҳиндистон ва Арабистон мамлакатларида бўлди. Кейинроқ Москва, Петербургда бўлди. 1909-1913 йилларда Истанбулда ўқиди. Хорижда ўрганганларини юртда татбиқ этишни истади. Халқини юксак тараққий этган миллатлар қаторида кўришни истади.

“Раҳбари нажот” – Абдурауф Фитратнинг кенг қиррали асарларидан бўлиб, ижтимоий ҳаётнинг турли масалалари, илмлар таснифи, инсонларнинг турмуш тарзи, эстетик ғоялар, ёш авлод таълим-тарбияси, ўз даврининг таълим тизими, ундаги камчиликлар, муаллимлар вазифалари ва бошқа жиҳатлар акс этган. Бугун жамлаганларимиз шу китобдан.

*  *  *

Башарият ҳали гўдаклик давридадир. Бу тараққиётимиз жуда нисбий, инсон қудрати кўп нарсаларга қодир. Олдинги одамлардан бизнинг фарқимиз шуки, улар ўзларини олим ва иқтидорли деб билган. Бизлар эса шунча таҳқид ва тадқиқдан ўзимизнинг жоҳил ва ожиз эканимизни билдик. Шундай экан, башариятни гўдаклик ва нодонликдан қутқариш учун ҳаракат қилмоғимиз зарур: Оврупо халқларининг тараққиёт мартабалари шунчалик.

*  *  *

Шу нарса ҳам муқаррарки, инсон инсонлиги учун ҳам ё тараққий этиши лозим ёки инқирозга дуч келиши даркор. Тараққий йўлдан юрмаган жамоа ўз ҳолида ҳамиша бир хил бўла олмайди, яъни кун сайин кўрсаткичлар пасайиб кетади.

*  *  *

Одам табиатан ҳар бир нарсанинг ҳақиқатини тамоман билгиси келади. Масалан, мен бир дўстимнинг ҳузурида ўтирган вақтимда унга бир жойдан муҳрланган мактуб келсаю, дўстим мендан пинҳона уни ўқиш билан машғул бўлса, мен у мактубнинг мазмунидан бехабар қолиб, тасвирлаб бўлмайдиган изтиробда қоламан. Бундай ҳолат ҳаммада турли хил тарзда содир бўлади. Инсон биргина мактубнинг мазмунини билмаганлигидан шунча изтиробга тушар экан, унинг рўпарасида содир бўлаётган бу дунё ҳодисаларидан изтиробга тушмаслиги амри маҳолдир.

*  *  *

Башар тараққиётининг онаси илм ва фандир.

*  *  *

Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ҳукмдор, ҳам лашкарбоши, ҳам хатиб, ҳам табиб, ҳам имом, ҳам муаллим эдилар, замоналарининг тижорат қоидаларидан хабардор, умматларига ҳатто зироат усулларини ҳам ўргатарди.

Менинг орзуим бизнинг уламоларимиз ҳазрати расулнинг ҳақиқий ноиблари бўлиб, миллатнинг барча мушкулотларига чора топиб берсинлар: тожирга тижорат қоидаларини, деҳқонга зироат йўлларини, ахлоқсизларга ахлоқдан таълим берсинлар, ҳукмдорларга сиёсат илмини ўргатсинлар, беморларни табобат қилсинлар, гумроҳларни ҳидоятга бошласинлар!

*  *  *

Таассуф қилиб айтамизки, мамлакатимизда бой йўқ. Ҳа, тўрт-беш нафар бой бўлиб, улар бир миқдор давлат ва пулга эгалар ва биз ғафлат босганлар назарида кўп бўлиб кўринадилар. Аммо Оврупо ва Русия бойлари назарида уларнинг барчасининг давлатларини жамласа ҳам бош оғриғига сарф бўлолмайди. Шояд “Ойна” мажалласининг тўртинчи сонида ўқиган бўлсангиз, Америкадаги шаҳарларнинг бирида бир ширкат ўзининг иморати учун 25 миллион сўм ажратган. Бизнинг мамлакатимизда нечта тожир бўлса ҳам уларнинг сармояларини жамласа ўн миллионга етмайди.

*  *  *

Имом Бухорий “Китоб ул-илм”ида “Кишиларнинг мартабасига рашк қилмаслик керак, фақат икки хил мартаба бундан мустасно. Аввало, Аллоҳ мол ато этиб, ўша молни Аллоҳ ризолиги йўлида сарф этган кишининг мартабаси, сўнг Аллоҳ фойдали илм бериб, у шу илм асосида халқ орасида ҳукм қилиб, одамларга таълим берадиган кишининг мартабаси”, деган.

*  *  *

Бесаботлиги билан машҳур бўлган миллат пастликдан, хорликдан, золимлик чангалзоридан халос бўлолмайди.

Бу муборак сифатга эга бўлиш ҳар кимга лозим, айниқса, ижтимоий ислоҳот ишлари билан шуғулланувчиларга ҳар нарсадан ҳам аввал лозим, зеро, ижтимоий хизматларнинг натижасини узоқ кутиш керак, бунинг учун эса кўп йиллар беҳисоб қурбонликлар бўлади, бусиз бир миллат ғафлат уйқусидан туролмайди.

*  *  *

Нега энди бизнинг миллат заҳмату дард чекса, бошқалар роҳатда соғлом юрадилар? Албатта, сиз “Худонинг иши” дейсиз.

Офарин сизга, офарин! Зотан, бундан бошқа жавоб беролмайсиз-да. Аллоҳни назарингизда ғайб кўриб, уятсизларча ҳар бир гуноҳни унга ҳавола қиласиз? Сиз бемор бўлсангиз Аллоҳдан, мазлум бўлсангиз Аллоҳдан, фақир бўлсангиз Аллоҳдан, мусибат кўрсангиз ҳам Аллоҳдан. Азбаройи Худо… унда сизга нима қолади?

Сизнинг ҳам бу дунёда бирор вазифангиз борми ё йўқми! Аллоҳ сизга бўйин томирингиздан ҳам яқин туради-я, унга бўҳтон қилманг… Чунки “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар”, дейилган Қуръонда.

Бугунги кунда бошимизга тушган ва тушаётган бадбахтликларнинг ҳаммаси шум амалларимиздандир, Аллоҳ бандасининг ҳаққига зулм қилмайди.

*  *  *

Бизнинг бечора маъсум гўдакларимиз офтоб тушмайдиган қоронғу, бадҳаво, сассиқ хоналарда ҳайвонлар каби тиқилиб олиб, хас-хашак устида ўтириб, саккиз-тўққиз соат давомида дарс ўқийдилар, бунинг устига ҳар куни биз жоҳил муаллимнинг қўлидан мушт, калтак еб, гоҳ бошлар ёрилади, гоҳ оёқлари қонаб, мажруҳ бўлиб, ранглари кўкариб саккиз йилни шу зайлда ўтказадилар. Шунинг учун мактабни қамоқдан озод бўлган маҳбус каби бемор, суст, беғайрат ва ифлосликларича битирадилар.

Ана шулар сабабли, бизнинг миллатимиз ҳаммадан орқада қолгандир.

*  *  *

Ота-оналаримиз ва муаллимларимиз бизга гўдакликлигимиздан Кўҳи Қоф париларининг ҳужумидан сўзлаб, калламизни пуч, бемаъно хаёлларга тўлдириб келадилар. Шунинг учун, биз улғайганимизда мушук юрса ҳам, бирон бир садо чиқса ҳам ваҳимага тушиб, шу ваҳима, қўрқувдан касал бўламиз.

*  *  *

Ҳа, болалигида калтакдан қўрқиб амал қилади, аммо улғайиб калтак зарби хотирасидан буткул чиқиб кетгач, ўзи хоҳлаганича иш кўради, сиз қил деганни қилмай, қилма деганингизни қила бошлайди. Мана шу жубру зульмингизнинг “фойдаси” бўлади.

*  *  *

Болалар сувга ўхшайдилар, сув идишнинг шаклини олгандек, болалар ҳам муҳитнинг одоб-ахлоқини қабул қиладилар.

*  *  *

Бола эдим, бир куни мактабдан уйга қайтиб келаётсам, кўчада бир эркак девоналарга ўхшаб оғзидан кўпиги келиб, афт-башарасига қон сапчиб, юришга мадори келмай турибди. Раиснинг иккита мулозими келиб уни қўлтиғидан ушлаб судраб олиб кетишди, орқасидан бир тўда одам эргашиб кетди. Бу одамга нима қилган, деб сўрасам, у шароб ичиб маст бўлган, уни муҳтасибга жазосини бериш учун олиб кетишяпти, деб жавоб беришди. Уйга келиб шу воқеани дадамга айтиб берувдим, дадам: “нега сен мастнинг кетидан эргашиб юрибсан”, деб узун калтак билан таъзиримни берди. Шундан бир ҳафта ўтгач, мактабдан келдим, дадам “кел-чи, мактабдан домлангдан ўрганганингни ўқиб бер”, – деб сўраб қолди. Китобни варақлаб ўша куни ўтган ғазалимизни очиб ўқиб бердим:

Гул ёрнинг жамолисиз хуш бўлмас,

Баҳор эса бодасиз хуш бўлмас.

Бу сафар дадам мени мақтадилар. Ҳанузгача ҳайратланаманки, мен ўқиган дарс дадамга айтиб берган воқеадан минг марта баттар эди-ку. Зеро, бу ғазал нафақат шаробхўрликдан сабоқ эди, балки унда ошиқ ва маъшуқликка ҳам даъват бор эди. Бас, дадамнинг мен айтиб берган воқеадан ранжиб, ўқиб берган шеъримдан хурсанд бўлишининг сабаби нима эди?

Мана мактабларимизнинг аҳволи, мана болаларимизга берадиган тарбиямиз, яна биз уларнинг солиҳ бўлишларини хоҳлаймиз. Ҳайҳот!

То мактаб шу аҳволда бўлар экан, то дарс шунақа давом этаркан, болаларимиз дарддан халос бўлолмайди.

*  *  *

Авввало, болаларга фикрлашда исбот бўлишини ўргатинг, яъни уларга доим тўғри, рост маълумотлар беринг ва хотираларида беасос, ботил фикрларнинг жой олишига йўл қўйманг, акс ҳолда улғайганларидан кейин ана шу беасос фикрларга тартиб бериб нотўғри муҳокама қиладилар, натижада хато йўлларга кириб қолиб, зарар кўрадилар.

*  *  *

Мана қаранг, бу хусусда ҳазрат расул алайҳиссалом нима деганлар: “Аҳком таълимини осонлаштирингиз, таълимни мушкуллаштирмай башорат беринг (яъни ўргатаётган ҳар бир нарсанинг моддий ва маънавий томонларини тушунтиринг) одамларни илм олишдан бездирманг”. “Аллоҳ мени ўзимнинг ва бошқаларнинг ҳам ишларини қийинлаштириш учун эмас, балки осон таълим беришим учун юборгандир”.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.