Байроғимиз – фахримиз
Давлат байроғи – ҳар қандай мамлакатнинг ўтмиши, давлатчилик анъаналари, сиёсий тузуми ва иқтисодий салоҳиятини ифода этадиган муқаддас рамзлардан биридир. У махсус қонун ва Конституция асосида расмийлаштирилиб, мустақил давлат ҳамда унда яшовчи фуқаролар дахлсизлигининг аниқ ифодаси бўлиб хизмат қилади.
Байроқ эски туркий атама бўлиб, бундан минг йиллар аввал ҳам айни шу маънода қўлланган. Тилшуносларнинг таъкидлашича, бу ном қадимги турк тилида базирақ, бадироқ, батироқ тарзида ҳам ишлатилган. Яъни, байроқ бирор эл-улус ёки қавмнинг эркинлик белгиси сифатида баланд жойларга, ҳукмдорлар чодирига қадаб қўйилган. Уни туғ, ялов, санчоқ (санжоқ) номлари билан ҳам атаганлар.
Дастлабки даврларда байроқ (туғ, санчоқ) кўпроқ тор доирадаги вазифаларни бажарган. Асосан ҳукмдорларнинг шахсий герби, сулолаларни бошқалардан ажратиб турувчи махсус белгиси сифатида хизмат қилган. Ёки қайсидир қабилага тегишли ҳудудни белгилашга, шунингдек, уруш пайтида қўшин тўпланадиган асосий нуқтани аниқлаш мақсадида қўлланилган.
Тарихимизда ҳукм сурган турли сулолалар байроқлари, жумладан, Кўктурк хоқонлиги ва Амир Темур давлати байроғи мовий рангда, қадимги хунларники оқ рангда бўлган, Ғазнавийлар давлати ва Қўқон хонлиги яшил рангли, Туркистон мухторияти эса кўк ва қизил рангли байроқлардан фойдаланган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомизга пири Сайид Барака жангга киришдан олдин байроқ ва ноғора тақдим этгани тарихдан яхши маълум. Буюк саркарда ҳокимият тепасига келганидан кейин ҳам давлат байроғига ниҳоятда катта масъулият билан ёндашган. Бобокалонимиз салтанатида байроқ давлат ва миллатнинг ғурури, қудрати саналган, мустақиллик, ҳарбий қудрат, қонун устуворлиги ва адолат тимсоли бўлган. Тарихий манбаларда душманга қарши жангларда юксак мардлик кўрсатган амиру сипоҳийларга махсус туғ ва ноғора ҳадя қилингани қайд этилган. Амир ул-умаро (бош қўмондон) мақомидаги саркардаларга эса махсус тамғали байроқ берилган. Уч ҳалқа тасвири туширилган давлат туғи Соҳибқирон қўшинидаги энг ишончли баҳодирлар ҳамда саркардалар томонидан махсус қўриқланган. Ҳарбий юришлар вақтида байроқдорлар энг ишончли ва баҳодир жангчилар орасидан танланган.
Кейинчалик байроқ матосига туширилган ҳар бир ранг ва белги халқнинг тарихи, дини, маданияти ва фалсафий қарашларини ифодалай бошлади. Даврлар ўзгариши билан унга юклатилган маънолар кенгайиб, сиёсий-ҳуқуқий ва дипломатик жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Бугунги кунда байроқ – халқаро майдонда давлатларнинг тенглиги, тинчликсеварлиги ва мустақиллигини кўрсатувчи расмий дипломатик ҳужжат мақомидаги муқаддас тимсолдир. БМТ биноси олдида сарбаланд кўтарилган ҳар бир байроқ шу халқнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз овози ва ўрнига эга эканини билдиради. Шу билан биргаликда байроқ фақат давлат идораларида эмас, балки спорт ареналарида, илмий ютуқларда, маданий фестивалларда миллий фахр ва бирдамликни ифодаловчи тирик рамз сифатида яшамоқда.
Ватанимиз мустақилликка эришган дастлабки палладаёқ, 1991 йилнинг 18 ноябрида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Байроғимиз 1992 йил 2 мартдан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳи майдонида дунёнинг мустақил давлатлари рамзлари қаторида ҳилпираб турибди.
Бугун ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини юксалтиришда давлат рамзларимизнинг ўрни беқиёсдир. Юртимиз осмонида фахр билан ҳилпираб турган мовий байроғимиз – бу шукроналик, тинчлик ва фаровон ҳаётимизнинг кўринадиган олий тасвиридир.
Байроқ шунчаки рангли мато ёки оддий рамз эмас. У минг йиллик тарихимиз, буюк аждодларимизнинг мардлик ва жасорати, бугунги кундаги улкан ютуқларимиз ҳамда эртанги порлоқ келажагимизнинг жонли гувоҳидир. Қадимги туғлардан тортиб то бугунги БМТ биноси олдида мағрур қад кўтарган байроғимизгача бўлган давр ўз халқининг эркинлигини, қадр-қимматини улуғлаган миллатнинг матонат йўлини кўрсатади.
Лола САОДАТОВА,
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги вакили

