16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Туристларни чув туширган гуруҳ фош этилди

Туркияда полиция хорижлик сайёҳлар банк картасидан пул ўғирлаган жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олди. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Текширув Кушадаси курорти прокуратурасига туристлардан мурожаат келиб тушгани ортидан бошланган. Улар уйга қайтишлари биланоқ ҳисоб рақамларидан пул йўқола бошлаганини даъво қилганлар. Тергов маълумотларига кўра, 268 нафар хорижлик худди шундай мурожаат билан чиққан.

Маълум бўлишича, Кушадасидаги меҳмонхоналардан бирининг хўжайини банк карталари маълумотларини сиздиришда гумон қилинмоқда. У, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари аниқлаганидек, меҳмонлар карталари хос рақамларини бошқа меҳмонхоналар ва автомобиль ижараси бўйича компанияларга узатиб турган. Кейинчалик улардан гўёки яшаш ва ижара ҳақи учун катта маблағлар ечиб олинган.

Гуруҳ аъзоларининг баъзилари маълумотларни чет элдан олган. Ноқонуний йўл билан қўлга киритилган пуллардан кўчмас мулк ва бошқа активлар сотиб олишда фойдаланилган. Гумонланувчилар тўрт ой давомида кузатилиб, Ойдин, Анталья, Измир, Муғла ва Истанбул провинцияларида жами 20 киши қўлга олинган.

Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, жабрланувчиларга етказилган зарар миқдори 29 миллион АҚШ долларидан ошади.