Сараланган сатрлар
Жониворлар ҳақида, жумладан, от ҳақида ёзилган асарлар талайгина. Эрнест Сетон-Томпсоннинг “Ёввойи йўрға”, Лев Толстой “Холстомер”и, Чингиз Айтматовнинг “Алвидо, Гулсари”, Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” асарларида тулпорлар билан боғлиқ ажойиб манзаралар, отнинг инсонга чинакам йўлдош бўла олишига гувоҳ бўлиш мумкин.
Бугун “Алвидо, Гулсари” ҳақида сўз юритсак. Атоқли қирғиз адиби бу асарда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир йилларда йилқичи ва чўпонларнинг машаққатли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Асар 1966 йилда, совет тузумининг қиличи қайралган дамларда ёзилган бўлишига қарамай, мавжуд тузумга қарши кайфият аниқ кўриниб туради. Бюрократлар, номига ишлайдиган валломатлар, ўз ҳолига ташлаб қўйилган оддий кишилар ҳақидаги чизгилар китобхонни бефарқ қолдирмайди.
Асарда тақдири олдидаги ёлғиз инсон ва жамият қаршисида яккаланиб қолган кишилар сиймоси бўй кўрсатади. Кексайиб қолган Танабой ва унинг кекса оти Гулсаридан давр ўтган, энди улар учун ўлим йўллари тобора яқин, аммо бир вақтлар улар довруқ солиб яшаган, кишилар қалбини титратганидан кўз юмиб бўлмайди, балки ибрат, ўрнак арзигулик нарсалар ҳам йўқ эмасдир?!
“Алвидо, Гулсари” қиссасида муаллиф тарафкашлик қилмайди, амалдорларга қора чаплаб, оддий одамларни кўкка кўтармайди, борини борича тасвирлайди – ўқувчининг ўзи яхшини ёмондан ажратиб олаверади. Яхши китоб мутолаасидан четда турманг…
* * *
От бошига иш тушса, сувлуғи билан сув ичар, эр бошига иш тушса, этиги билан сув кечар, деганларича бор экан.
* * *
Гўзал қизлар каби йўрғанинг ҳам хуштори кўп бўлади. Қиз тақдири шундайки, яхши одамга тушса, очилиб кетади, кўз кўриб қувонади, бирон аҳмоқнинг қўлига тушса, қизни кўриб хафа бўлиб кетасан. Ёрдам ҳам бера олмайсан. Яхши от ҳам худди шундай бўлади. Нобуд қилиб қўйиш ҳеч гап эмас уни. Пойгада қоқилиб йиқилади.
* * *
Биз ҳаммамиз мана шунақамиз. Умримизнинг охирида, бирортамиз оғир касал бўлиб қолганимизда ёки дунёдан ўтаётганимизда бир-биримизни эслаймиз. Ана шунда кимни йўқотганимиз, у қандай одам бўлганлиги, нимаси билан донг чиқарганлиги, қандай ишлар қилганлиги бирдан ҳаммамизга аён бўлиб қолади.
* * *
Учқур отнинг довруғи футболчининг довруғига ўхшаш бўлади. Кўча-кўйда копток тепиб юрган кечаги бола бирдан ҳамманинг арзандаси бўлади-қолади, билимдонларнинг оғзига тушади, оломоннинг завқ-шавқига сабаб бўлади. Дарвозага тўп киритиб юрган маҳалда унинг довруғи ошиб боради. Сўнг у аста-секин диққат марказидан туша бориб, кейинчалик бутунлай унутилади. Ҳаммадан ҳам ортиқ завқланган кишиларнинг ўзлари биринчи бўлиб уни эсларидан чиқариб юборишади. Буюк футболчининг ўрнини бошқаси эгаллайди. Учқур от довруғининг қисмати ҳам худди шундай. Мусобақаларда ғолиб чиқаверар экан, унинг шуҳрати оша боради. Ораларидаги фарқ шундаки, отга ҳеч ким ҳасад қилмайди. Отлар ҳасад қилишни билмайди, одамлар эса, худога шукур, отларга ҳасад қилишни ҳали ўргатганларича йўқ. Лекин гапнинг очиғи ҳасад ақл бовар қилмайдиган нарсаларга ҳам қодир, шундай ҳодисалар ҳам бўлганки, ҳасадгўйлар одамга ёмонлик қилиш учун от туёғига мих қоқишган. Оҳ, бу машъум ҳасад! Ҳа, майли, жин урсин уларни…
* * *
Улар шиддат билан чопиб бораётиб от устида кураш бошлашди. Битта ўлжага ташланган бургутлардек улоққа маҳкам ёпишиб олишиб, бир-бирларига ўшқиришар, хириллашар ва бир-бирларини қўрқитиш учун йиртқичлардек бўкиришар эди, қўллари бир-бирлариникига чирмашиб кетган, тирноқлари остидан қон сизиб оқар эди. Чавандозлари яккама-якка курашаётганларида тиқилишиб ёнма-ён кетаётган отлар эса қирмизи қуёшни қувиб етиш учун шошилар, кўзлари қонга тўлган эди.
Шундай мардона ўйинларни бизга қолдирган аждодларимизга офарин!
* * *
Қиш босиб келади – оқ туясида чопиб келади ва тоғдами, чўлдами, қаерда бўлмасин, чўпонни излаб топади ҳамда унга ўз ҳунарини кўрсатади. Вақтинча унутилган ҳамма нарсани эсга туширади у. Йигирманчи асрда ҳам қиш қишлигини қилади…
* * *
Чўпон кўп болали онага ўхшайди – доим ташвишда бўлади, айниқса куз ва кўкламда ташвиши жуда кўп бўлади. Мол машина эмаски, мурватини бураб кетаверсанг.
* * *
Йўрға от донг чиқарса, оқибати унинг учун яхши ҳам бўлиши мумкин, ёмон ҳам. Теварак-атрофга унинг довруғи қанчалик кўп тарқалса, бошлиқлар унга шунча кўп кўз олайтиришади.
* * *
У вақтларда йиғилиш нимага қарор қилса – шу қонун эди. Қонунни ўзлари қабул қилишган ва уни бажариш кераклигини билишарди. Энди эса йиғилиш қуруқ гапдан иборат бўлиб қолди. Сен билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Колхозни гўё колхозчиларнинг ўзлари эмас, кимдир ташқаридан бошқараётгандек. Гўё нима қилиш, қандай ишлаш, хўжаликни қандай олиб бориш кераклиги сиртдан яхшироқ кўринадигандек. Хўжаликни гоҳ ундай, гоҳ бундай айлантириб кўришади, лекин ҳеч қандай натижа йўқ. Одамлар билан юзма-юз бўлгани ҳам қўрқасан. “Қани айт-чи, сен партия аъзосисан, колхоз туза бошлаганимизда ҳаммадан кўп сен вайсагансан, бу нарсалар қандай юз бераётганлигини бизга тушунтириб бер-чи?” деб сўраб қолишлари мумкин. Нима дейсан уларга? Лоақал одамларни бир жойга йиғиб, нималар бўлаётганлигини сўзлаб беришса ҳам майли эди. Кимнинг кўнглидан нималар кечаётганлигини, қанақа фикрлари, қанақа ташвишлари борлигини сўрашса эди.
* * *
Безбетга қошиқ берсанг, бир марта ўрнига, беш марта ош олади.
* * *
Ҳаёт, урушдан кейин, бир маҳаллар одамлар ўйлаганидек, ҳеч қачон ўз-ўзидан юришиб кетмайди. Ўзинг тирик экансан, уни доим елканг билан итариб юришинг лозим. Фақат у ҳар гал ўткир қирралари билан ўгирилиб қолади, елкаларимизнинг ҳамма ери яғир бўлиб кетди. Қилаётган ишингдан, бошқаларнинг ишидан кўнглинг тўлса, бу ишлар бахт келтирса-ку майли эди-я…
* * *
Эҳ, Танабой, Танабой! Соддасан, ҳаёт сени ҳеч нарсага ўргатмабди. Сен ҳеч нарсани билмайсан ҳам, пайқамайсан ҳам. Ёшлигингда қандай бўлсанг, шундайлигингча қолибсан. Ҳамма нарсани шартта-шартта қилсанг. Замон бўлса ҳозир бошқача. Энди ҳаммадан ҳам муҳими, қандай гапиришни, кимнинг олдида нима дейишни билиш, сўзинг барча одамларники сингари замон руҳида жаранглаши, бошқаларникидан ажралиб турмаслиги, худди ёзиб қўйилгандек силлиқ бўлиши керак. Шунда ҳамма нарса жойида бўлади.
* * *
Умрнинг ярми орзу-хаёл билан ўтади, шунинг учун ҳам, эҳтимол, ҳаёт шунчалик лаззатли, орзу қилганларининг ҳамма-ҳаммаси ҳам рўёбга чиқавермаганлиги учун азиздир. У тоғ ва осмонга тикилиб туриб, ҳамма одамларнинг ҳам бир хилда бахтли бўлиши қийин, деб ўйларди. Ҳар кимнинг ўз тақдири-қисмати бор. Бир тоғда бир пайтнинг ўзида ҳам ёруғлик, ҳам қоронғилик бўлганидек, ҳар бир тақдирнинг ўз қувончлари, ўз ғаму ғуссалари бўлади. Ҳаёт шулар билан тўла-тўкис…
* * *
Улар, бошқа одамлар бу ерда қордан бўлак ҳеч нарса йўқ, деб қўл силтаб кетадиган жойлардан сурувларга ем-хашак излаб топиб беришарди. Шунинг учун ҳам уларни чўпон дейишарди-да… Баъзан бирон бошлиқ келиб қараб турарди-да, уни-буни суриштиради, бир дунё нарсани ваъда қилади ва дарҳол жўнаб қолади. Чўпон бўлса яна танҳо қиш билан юзма-юз қолади.
* * *
Нега энди ҳамма ишдан бунчалик путур кетяпти? Балки бошқа йўлдан кетишгандир? Эҳтимол янглишишгандир? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Танланган йўл – тўғри йўл эди. Бўлмаса нега бундоқ бўлди? Адашиб қолишдимикин? Йўлдан озишдимикин? Қачон ва қандай юз берди бу аҳвол? Мана энди мусобақа ҳам бошқача бўлиб кетди – мажбурият ёзишадию, вассалом, аҳволинг нима кечди, сенга нима бўлди, нима қўйди, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Илгари қизил, қора доскалар бўларди, ҳар куни қанча гап-сўз, қанча баҳслашувлар бўларди: кимни қизил доскага, кимни қора доскага ёзишарди, кишилар учун бу муҳим эди. Энди бўлса буларнинг ҳаммаси эскирган, вақти ўтиб кетган нарсалар эмиш. Хўш, улар нима билан алмашди? Қуруқ гап, ваъдабозлик билан. Амалда эса ҳеч нарса йўқ. Нега шундай? Буларнинг ҳаммасига ким айбдор?..
* * *
У кунлари ва йиллари қандай ўтганини пайқамай қолди. Ҳаш-паш дегунча меҳнат билан, ташвиш билан ўтиб кетди. Унинг кутган нарсасининг ҳаммаси рўёбга чиқмади, ҳамма нарса у истаганча бўлмади. Ҳаракат қилди, курашди, бироқ мушкулдан қутулиш учун, юриш бунчалик хатарли бўлмасин учун, четлаб ўтиш учун аллақаерларда чекинди ҳам. Аммо уларни четлаб ўтолмади. У тўқнаш келиб қолишдан қўрқиб юрган куч уни боши берк кўчага сиқиб қўйган эди, энди чекиниши мумкин эмасди, йўл тамом бўлганди. Эҳ, агар у ўз хатосини эртароқ тушунганда, ҳаёт кўзига тик қарашга ўзини вақтлироқ мажбур этганда эди. Ҳаёт аччиқ ва аламли томчилар сингари томиб тугаб бораётганди.
* * *
Одам кексалигидан, ўзининг қариб бораётганлиги, даври ўтиб кетганлиги, энди фақат бундан буёнги умрини бир амаллаб ўтказишгина қолганини ҳис этишдан ҳам қарийди.
* * *
Одатда арзимаган нарса учун кишини хафа қиладиган, ҳақорат қиладиган, фақат ўзини юқори тутиб, сўзини ўтказадиган одамлар ҳам бўлади.
БЕКЗОД тайёрлади.

