16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

У БИР ОИЛА, МИЛЛАТ, ҲАТТО КЕЛАЖАККА ТАЖОВУЗ СОЛАДИГАН ЖОЙДИР

Машҳур турк адиби Аҳмад Лутфи Қозончи “Саодат асри қиссалари” туркуми билан юртимиз китобхонлари орасида анча машҳур. Адибнинг “Қайнона”, “Ўгай она”, “Сўнгги тўфон”, “Бир виждон уйғонур” каби романлари қўлма-қўл ўқилаётгани бор гап. Қозончи содда, тушунарли ёзади, ўқувчини зўриқтирадиган ўринлар деярли учрамайди. Лавҳалар бари ҳаётдан, кундалик турмушдан, кўп-да одам ўзини, ён-атрофдагиларни кўради.

Қолаверса, муаллиф мудом Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларга таяниб, мисоллар келтирадики, бу асарнинг ўқишлилиги, аҳамиятини янада оширади.  

Инсон қачон Яратганни танийди ва ўзлигини қачон англайди? Умуман, бу ҳаётда инсоннинг вазифаси нима? Миллиардлаб инсонларнинг ҳар бири зиммасига юкланган “миссия” бўлса, буни ким қандай бажараяпти? Шундай эса, жаҳолат ботқоғида юрганлар яхшилар учун ўрнак, ибрат вазифасини ўтаб беряптими? Ўзликка қайтиш учун каттароқ бало, каттароқ дард ва улкан ташвиш бўлиши шартми?

Бугун эътиборингизга айни саволларга жавоб изланган “Сўнгги тўфон” асаридан эътиборга молик фикрларни ҳавола этамиз.

Сараланган сатрлар

*  *  *

Қалбида ҳамият туйғуси бўлмаган, ўзидан бошқани ўйламайдиган, ақли нафсига қул кишилар кўнгил ва одамийлик тушунчаларини англамайдилар, англай олмайдилар.

*  *  *

Умри давомида коинот Соҳибини эсламаган, инсониятнинг абадий саодатига чироқ тутган ҳадислар билан кўнгли ва ақлини боғламаган, “Қўшниси оч экан, тўқ қорин билан тонг оттирганлар бизлардан эмас” ҳикматига эътибор қилмаганларми?

Ибрат нигоҳи билан қараган кўз, воқеаларни етарлича таҳлил қила олган бундайлар юзида ибрат лавҳасини кўради ва ўқийди:

– Ҳақнинг ғазабини истайсанми?

– Йўқ.

– Халқнинг лаънатини-чи?..

– Йўқ!

– Ундай бўлса мендек бўлма…

Бу турдагилар инсониятга фақат бир марта – ўлганларидагина фойда келтирадилар.

*  *  *

Умр бўйи мол-давлатга банди бўлган кимсаларга виждон амри нимани ҳам тушунтирсин?! Тушунтира олганда эди, одамлар орасида бундай табақаланиш юзага келмасди.

*  *  *

Бутун коинотни сиғдирувчи қалб туйғуларини сўз билан ифодалаш мумкин эмас. Бу туйғуларни ўлчайдиган асбоб, тасвирлайдиган тил, ёзадиган қалам ҳали яратилмаган.

*  *  *

Яхшилик кўрган кишининг ҳолатини кўз олдингизга келтирсангиз, у ҳис қилган мамнуният даражасини айтиб тугатиб бўлмайди. Орадан қирқ йил ўтар, аммо у яхшиликнинг хотираси ҳамон ёрқинлигича қалбда ўз ўрнини сақлаб қолади.

Яхшиликнинг катталигидан кўра яхшилик кўрган кишининг ҳолати муҳим. Яхшилик шу жиҳатдан баҳоланиши лозим.

*  *  *

Оқар сув ўтган жойда озми-кўпми из қолдиради. Баъзан жарликлар ҳосил қилади. Сув оқими тошларни, мустаҳкам қояларни парчалайди, вақти келиб қоялар қумга айланади.

Воқеалар ҳам шундай. Фақат улар қалбга таъсир қилади. Аламли воқеалар, изтиробли ҳодисалар юракни парчалаб емиради, кўнгилни куйдиради. Бу руҳий ҳолат инсоннинг юзида акс этади. Юз шу жиҳатдан қалб ойнаси вазифасини бажаради.

Шу боис ҳар бир инсон қиёфаси ҳақиқий маънодаги бир романдир. Фақат бу роман ёзувда, суҳбатда ифодаланмайди. Кўз билан ўқилади, қалб билан ҳис этилади. Аммо бу ҳаммаси эмас.

Шунингдек, бирор дарахтга қараб, фақат яшилликни, денгизга қараб, кўп сувни кўрган баъзи кимсалар одамлар юзида чизиқлардан бошқа нарсани кўра олишмайди.

*  *  *

Майхоначи мол-дунё йиғиш илинжида инсоннинг энг қимматли борлиғи – ақлига тажовуз қилиши биргина ичувчининг ҳаётига эмас, бир оила, миллат, ҳатто, келажакка тажовуз эканини ўйлаб ўтирмасди.

Бу ер инсоният саодати ўлдириб сотиладиган, оилаларни барбод қиладиган кучли идора марказидир.

Бу ерга одамлар ҳушёр, нимани гапиргани ва нима қилганини биладиган ҳолда кирадилар. Чўнтаклари тўла пул. Фақат чиққанларида ҳақиқий маънода ақлини йўқотишади. Чўнтаклари ҳам юкини енгиллатган бўлади. Юролмайди, оёқда туролмайди.

Бироздан сўнг еган-ичганини ичига сиғдиролмаганлар кўча-кўйда итдан баттар ҳолга тушадилар.

Ниҳоят, уйда бўладиган жанжаллар, жирканиб тозаланган кийимлар…

*  *  *

Чўл ёки жазирама кунда қум ўртасида чанқаган кимсага бериладиган бир қултум сув билан чашма бўйида ўтирган одамга бериладиган бир пиёла сув орасида фарқ йўқлигини айтиш учун киши бир тош ёки қоя парчаси каби ҳиссиз бўлиши керак.

*  *  *

Гўдакнинг она сутига, она қучоғига эҳтиёжи бўлганидек, у ота меҳр-муҳаббатига ҳам муҳтождир.

*  *  *

Турсун: “Сизларнинг энг хайрлиларингиз аёллари ҳақида хайрли бўлганларингиздир”, деган амрни билмасди. Оиласининг ризқи учун ҳаракат қилган, уларнинг иффат ва номусини ҳимоя этган киши Аллоҳ йўлида курашганлар қатори шарафли ҳисобланиши ҳақида мутлақо ўйламасди.

*  *  *

Сувдан ёғ чиқариб бўлмаслигини у яхши билади. Бу ишда қобилият ва истак бўлиши шарт. Балки дунёда ҳеч бир касб шу икки нарсага бу қадар боғлиқ эмасдир.

*  *  *

Ақл билан кўнгил бир йўлдан юрмайди. Ақлнинг йўли бошқа, кўнгилники бошқа… Ақлни хунук ва ёқимсиз дея санаган Лайли ўз тахтини Мажнуннинг кўнглига қуради. Ўзини унга дунёда тенгсиз деб қабул қилдиради. Икки кўнгил бир бўлгач, саҳроларни маъқул кўради. Ақл эса бу ерларни итларга ҳам раво кўрмайди.

Фарҳод Ширин учун тоғни ёради… Бунинг бари кўнгил фармони эмасми?

Ақлдан сўрасангиз, дунёда гўзаллар кўп, Ширинлар қанча дейди?

Аммо буни Фарҳодга тушунтириб бўлмайди. Мажнунга Лайлининг хунуклигини айтсангиз: “Унга менинг кўзим билан қаранг!” дейди.

*  *  *

Дунёнинг ҳеч бир эшиги бу қадар ёқимсиз бўлмаса керак. Бу сўзни эшитган қулоқлар орзу қилинмайдиган бир ҳолатга тушади. Бу сўзни айтган ёки эшитган ҳеч бир кимса завқланмайди.

Озодлик бу эшикдан ташқарида қолади. Баъзида бу эшикдан туҳматга қолган, бегуноҳ, бечора кишилар ҳам киради… Инсонлардек яшашни истаганларнинг жойи бу ер эмаслиги биринчи қадамдаёқ сезилади.

Орқадан ёқимсиз ғижирлаш билан ёпилган эшик бошқа бирининг очилишига уланади: Озодликнинг маъноси бу ерда яхшилаб тушунтирилади. Бу шундай ҳаёт эшиги…

Бир гала ёқимсиз афтлар кўринади. Ҳалол, покиза ҳаётни ёқтирмайдиган, жамият низомларини бузмагунча роҳатланмайдиган гуруҳларни шакллантирган афтлар…

Бу ерда бир гуруҳ бор: ўғри, чўнтаккесар, қаллоб, қиморбоз, қотил, номус душмани, фирибгарлар гуруҳи.

Инсонлар тинч-осуда ҳаёт кечиришлари учун булар эшик ортида бўлишлари шарт.

*  *  *

Бу бойлик деган нарса қўлдан-қўлга ўтиб юради. Бугун бой бўлганнинг бошқа бир кун фақир ҳолига тушгани кўп кузатилган. Аллоҳнинг шукур этилишга лойиқ шундай неъматлари борки, инсонлар уларни ҳеч ҳисобга олишмайди. Масалан, сенинг бир ўғри, ахлоқсиз, қиморбоз кишининг фарзанди бўлмаслигинг ёхуд шундай бўлса-да, келажакда яхши инсон бўлишинг шундай бир неъматдирки, бу инсоннинг умри давомида шукур этиши учун етади, ҳатто ортади ҳам…

*  *  *

Бир валийдан сўрашди:

– Бадбахт ва пасткаш ким?

– Аллоҳга элтувчи йўлни билмаган ва билишга ҳам эҳтиёж сезмагандир.

*  *  *

Турк миллатининг фарзанди йиллар давомида пешона тери билан топганини мусулмон биродарларининг фойдаланиши учун Аллоҳ йўлида харжлаган, масжидлар қурдирган, кўприклар ясатган, қудуқлар қаздирган, карвонсаройлар бино қилдиргандир.

Қурдирган карвонсаройларида юз йиллардан сўнг улови билан қўнадиган бир йўловчининг улови роҳатини ўйлаб борлиғидан марҳамат ёғилган бир миллатнинг фарзанди ўғрилик қилармиди?

Европани тиз чўктирган қонуний Султон Сулаймон бир сафарида отини душман экинига қўйиб юбориб ўтлатгани учун ўз аскарини дарҳол қатл эттирганди. Бошқа сафар эса, тўхтаган боғларидан узилган узумнинг баҳосини ортиғи билан тўлаганлиги дунёга ёйилганди.

*  *  *

Мусулмон киши дин биродарига ёмонликни раво кўрмайди, ҳатто ўтганларнинг кечирилишини ўзига бир дард, дея билади, тирик мўминлар ҳақида эзгу дуолар қилади, яхшилик истайди.

*  *  *

Шуни ишонч билан айта оламанки, Ҳазрати Одам Атодан энг сўнгги ўлган кишига боргунча бутун инсонларнинг қиладиган гуноҳларининг ҳаммаси Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати қаршисида уммондан бир томчини ҳам ташкил этмайди.

Фақат раҳматга талабгор бўлиш, Аллоҳга яқинлашиш, гуноҳларни кечириш учун ёлвориш лозим.

*  *  *

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрадилар: инсон ўлганда амали кесилади. Дафтарининг остига чизилади, фақат уч нарса орқали давомли тарзда савоб келади.

Масжид, кўприк, чашма каби Ҳақ ризолиги учун қурдирган нарсалари. Инсонлар фойдалана оладиган илмлари. Орқасидан дуо қила оладиган солиҳ фарзанди.

Мана шулар сабабли инсон ўлимидан кейин унга савоб етади. Вафот этганида савоби оз бўлган кишининг шулар туфайли савоби кўпайиши ва ҳузури Илоҳийда ўзини қутқариши мумкин.

Дунёда ёвузлик ва фасод уруғини экканларнинг аҳволи ёмон. Улар қолдирган фасод йўлидан юрилгани сари аҳволлари баттар ёмонлаша бошлайди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.