16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Без рубрики

Фитрат Қарши ва Шаҳрисабзни нега танқид қилган?

Қашқадарёга оид

Жадид маърифатпарвари Абдурауф Фитрат 1912 йилда Истанбулда нашр этилган «Ҳинд сайёҳининг қиссаси» асарида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, уларнинг аҳолиси, одамларнинг тутумига оид танқидий қарашларини баён этади.

Гап шундаки, ўша пайтда Бухоро амирлиги ҳозирги Қарши, Ғузор, Шаҳрисабз, Ҳисор тоғларигача бўлган ҳудудда ҳукмронлик қилар, ана шундай кенг сарҳадларда маърифат ва соғлиқни сақлаш, илм-фан тараққиётдан ортда қолганди. Фитрат бунинг сабабини тахт тепасидагиларнинг илм-фандан узоқлиги, мансабу бойликка ўчлиги, порахўрлиги туфайли деб билади ва иллатларни фош этади. Ҳинд сайёҳи тилидан ҳикоя қилинган лавҳаларда юрт тақдири учун қайғурган, изтиробга тушган маърифатпарвар сиймоси бўй кўрсатади.

Асарда кўп муаммолар қатори юртда тиббиёт хизматининг абгор аҳволи ҳам тилга олинади:

«Бухоро дўхтурлар хизматига жуда муҳтож. Биринчидан, шаҳардан ташқари жойларда дўхтур йўқ. Қарши, Шаҳрисабз, Ҳисор, Кўлоб каби туманларда ҳатто дўхтур номини эшитмаган одамлар бор. Қайси томонга борманг, ромчи, аласчи хотин, дори сотувчи аттордан бошқа кишини кўра олмайсиз. Бухоронинг ичида ҳам шундай одамлар борки, безгак титроғини даволаш учун касалнинг эгнига эшакнинг тўқимини қўйиб, устига ўтириб олиб «иш-ш-ш» дейдилар. Кейин, бу ерда икки-уч дўхтур ҳам бухороликлардан эмаслар. Шунинг учун, бухороликлар дўхтурга эга эмаслар, деб қатъий айтса бўлади.

Энг аввало Бухорода дўхтурлар сонини кўпайтириш керак. Бу масалани ҳал қилишнинг йўли шуки, бухороликларнинг ўзлари дўхтурларни тарбиялаб етиштиришлари керак. Чунки бошқа мамлакатларнинг дўхтурлари донишманд ва қудратли бўлганларида, арзимас пул учун Бухорога келмас эдилар, Агар кўп пул берсалар, келадилар, бироқ Бухоро ҳукумати бунчалик пул беришга рози бўлмайди. Шунинг учун ҳам бухороликларнинг ўзларидан дўхтурлар тайёрлаш лозимдир».

Кейинги лавҳаларда эса Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари кенг имкониятларга эга бўлса-да, замондан анча орқада қолгани ва эртанги кун учун пухта пойдевор ҳозирланмаётгани танқид қилинади:

«Қош қорайиши билан дўконга келдик, чой ичиб ухладик. Ярим кечадан кейин уйғониб, аравага миниб, йўлга тушдик. Қисқаси, тўрт кечаю кундуз юргандан кейин Қарши шаҳрига етдик. Йўлда диққатга сазовор бирон воқеага дуч келмадик. Фақат ҳар бир манзилда… Абдуллохоннинг карвонсаройи ва сардобаси учрар, улар бузилган ва нураган аҳволда эди.

Биз Қарши қозисининг уйига тушдик. Бухородан олиб келган хатимизни қозининг одамига топширдик. Бизни бир уйга олиб кирдилар. Кечани шу хонада ўтказдик. Эрталаб қуёш чиққанидан сўнг, қозининг зиёратига бордик. У киши илтифот этдилар. Бир оз ўтириб, кейин айланишга чиқдик…

Қарши Бухоронинг катта шаҳарларидан биридир. Бир вақтлар бу шаҳарнинг тижорати Бухородагичалик экан. Бироқ, темир йўл бўлмаганлиги сабабли, савдо анча орқада қолибди. Илм ва маориф ҳам анқонинг уруғи. Кўпчилик ҳатто хат-саводдан ҳам маҳрум. Саноати-ю ҳунармандчилиги пойтахт саноатидан яхшироқ. Халқи обдаста ясаш ва гилам тўқишда ўта моҳир, айниқса, алоча тўқишда тенги йўқдир. Бироқ, афсуски, ушбу нарсаларнинг барчасини эски усулда тайёрлайдилар, яъни корхоналарнинг барчасида қўл меҳнати устун. Машина билан ишловчи корхоналарга эга эмаслар ва уни яратиш хаёлларига ҳам келмайди.

Кунлардан бирида қози мулозимларининг бири билан машҳур бир алоча тўқувчи устанинг уйига бордик. Устахона эгаси мени жуда эъзозлади. Бир соатча суҳбатлашдик. Шунда сўрадим:

– Сизнинг корхонангиз Қарши шаҳрининг   бошқа корхоналаридан катта ва сизнинг алочангиз бошқа алочалардан нафис ва нозукроқдир. Ўрусларнинг ипак матоҳлари нозик ва чиройли, аммо пишиқлик ва чидамлиликдан маҳрум. Сизнинг алочаларингиз эса ҳам нозик, ҳам чидамли экан. Бу борада ажиб бир ҳикоя ҳам эшитган эдим. Уни сўзлаб берсам. Бухоро ҳожиларидан бири бир кийимлик алочангизни ҳадя этиш учун Мадинаи мунавварага олиб борган. Аммо (билмадим, нима сабаб экан) алочани қайтариб Бухорога олиб келмоқчи бўлган. Ҳаждан қайтиб, Одесса шаҳрига етиши билан Россия божхонасининг маъмурлари ўша сизнинг алочангизни Фарангистон моли гумон этиб, ундан бож талаб этганлар. Бечора ҳожи бор товуши билан «бу алоча Бухоронинг маҳсулидир», деб фарёд чекса ҳам, божхонадагилар «ҳали Бухорода бу даражадаги молни тўқийдиган фабрика қурилган эмас. Бу Фарангистон молидир. Сен буни Истанбулдан сотиб олгансан», деб айта берганлар. Бечора ҳожи, ноилож, бир неча сўм бож пули бериб, ўзининг алочасини қайтариб олган экан.

Эътибор беринг-а, бунда гуноҳ Россия божхонасининг хизматчиларида эмас, балки сизнинг тайёрлаган алочангизда. У бир қараганда Фарангистон молининг ўзи, балки чидамлиликда ундан ҳам устундир.

Дўконнинг эгаси ушбу сўзлардан мамнун бўлди. Шу пайт дастурхон ёздилар, чой ичдик ва яна суҳбатга киришиб кетдик:

– Ҳақиқатан ҳам Қарши аҳли алоча тўқишда жуда ҳунарманддирлар. Бугунги кунда бу муборак ҳунарлари туфайли анча фойда ҳам кўрадилар. Бироқ, ушбу касбнинг келажаги ҳақида сиз жанобларининг фикрлари қандай?

Тўқув дастгоҳининг эгаси сўзларимни тушунмай, менга ҳайрат билан қаради. Фикримни очиқроқ баён қилдим:

– Қарши ҳунармандларининг ушбу ишлари яна ўн-ўн икки йил шу тариқа ривожланган ҳолда қоладими ёки йўқми?

Уста бу сафар менинг фикримни тушунди, бироқ бугунга қадар бундай савол унинг хаёлига ҳам келмаган эди, янада ҳайратланиб, ҳеч нима демади. Сўзимни тағин қайтардим:

– Ҳурматли уста, Оврўпо халқлари, агар бирон ишга қўл урсалар, шу ишларининг ўн йил, йигирма йил, ҳаттоки юз-икки юз йил кейинги ривожини кўзда тутадилар. Сиз – Қарши халқи ҳам юксак ҳунарга эгасизлар. Ана шу ҳунарларингнинг келгуси тақдирини ҳеч ўйлайсизларми?

Уста: Бизнинг бу ҳунаримиз бундан бир неча йиллар олдин яхши эди. Ҳозир ҳам ёмон эмас. Бироқ келгусида нима бўлишини худо билади.

Мен: Тўғри, аммо сиз ана шу ҳунарингизнинг яна ўн йил давом этиши учун бирон бир ҳаракат қиляпсизми?

Уста: Ҳозир ишимиз яхши, ўн йилдан кейин ким тириг-у ким ўлик?

Мен: Хўп, ҳозир тирик қолиш эҳтимоли ҳам бор экан, нега энди ўша куннинг ғамини емайсиз? Фараз этайлик, умрингиз охирига етмоқда, бироқ, фарзандларингиз ва набираларингиз нима билан шуғулланишади?»

Фитрат «Қаршининг тамоку, арпа ва буғдойи бисёр, айниқса тамокуси машҳур ва кўпдир», дея қайд этаркан, Қарши халқи ерларининг имкониятича ҳосил ололмаслигини таъкидлайди ва бунинг учта сабабини келтиради.

Биринчиси – амлокдорларнинг ҳукумат ҳақини ҳосилга қараб тахминан чамалаши ва ўзи истаган миқдорда ундириши. Яъни солиқ тизимининг адолатсиз экани ва мансабдорларга бу борада чексиз имконият берилгани.

Иккинчиси – деҳқончилик асбоблари ва экин-тикин ишлари ибтидоий даврдагидан фарқ қилмаслиги.

Учинчиси – қозиларнинг халқ ҳисобидан яшаши ва барча харажатларни бошқалар чўнтагидан қоплашга ўрганиб қолишгани.

«Ҳинд сайёҳи»да, шунингдек, Шаҳрисабз тасвирлари ҳам эътиборга молик:

«Бир куни қозининг ҳузурида бўлиб, Шаҳрисабзнинг аҳволи ҳақида суҳбат қилдик.

Қози: Жаноби мусофир бу вилоятни қай аҳволда кўрдилар?

Мен: Жуда маъқул мулкдир, мувофиқ ҳавоси ва аҳолисининг комил истеъдоди бор, бироқ не чораки, бошқа ислом мамлакатлари қатори бу шаҳар ҳам харобага айланган.

Қози: Тўғри, биз мусулмонлар ҳеч вақт мамлакат ободлиги ҳақида бош қотирмаймиз.

Мен: Сизнинг бу вилоятингиз Самарқанд билан қўшнидир. Ҳавоси ва бошқа фазилатларининг Самарқанддан кам жойи йўқ. Шаҳрингизнинг Самарқандчалик обод эмаслиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар? Қози жаноблари, маълумки, бугун бутун ислом олами ҳунарсизлик ва  илмсизлик туфайли абадий фалокат томон кетмоқда. Сиз ҳам мусулмонларнинг мамлакат ободлигига эътиборсиз эканлигини таъкидладингиз. Ажабо, Муҳаммад умматлари нега фақир ва нодон эканлар? Ислом мамлакатлари нега вайрона ва харобазор бўлиб қолиши керак? Масалан, Қарши ва Китобнинг бирон бир алоча тўқувчиси Фарангистонда яшаса, бошдан-оёқ зар-зеварларга ботар эди. Бу бечораларнинг эса,    ейишга нони йўқ. Агар шу Шаҳрисабз ерлари Ёпон элида бўлганида эди, зар экиб, зар ундирардилар. Бу ерлар нега шўразорга айланган?

…Ҳар бир ҳоким ўзини уч томоннинг вакиллари танишини истайди: биринчи – мамлакат, иккинчи – раият, учинчи – подшоҳ. Чунки, ҳокимият ватан ва миллат вужуди билан боғлиқдир. Агар миллат маҳв этилиб, ватан хароб бўлса, на биз ҳоким бўламиз, на подшоҳ. Тўғри, бизни амир ҳазратлари ҳоким этиб тайинлаганлар. Лекин қаерда? Шаҳрисабзда. Агар Шаҳрисабз ва бу жойнинг халқи бўлмаса, бизнинг ҳокимлигимиз худди гўристонга оқсоқол бўлишдек маъносиз ва кулгили бўлар эди».

Юз йил аввал миллат зиёлиси кўтарган бу каби муаммолар совет арбобларига ёқмагани, шунинг оқибатида Фитрат 1938 йилда жисмонан маҳв этилганидан бохабарсиз. Юрт мустақилликка эришгач, жадидлар жасорати кенг эътироф этилиши баробарида бошқа ҳудудлар қатори Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳам ривожланиш сари юз тутди.

БЕКЗОД тайёрлади.