16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Спорт

ФИФА президенти “ваъда”сини бажарди(ми?)

Марокаш қироллик футбол федерацияси раҳбари Фаузи Лекжа 2030 йилги Жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи учрашуви янги қурилаётган «Ҳассан II» стадионида ўтказилишини маълум қилди. Бу ҳақда Efe агентлиги ёзган.

«Бенслиман вилояти 2030 йилги Жаҳон чемпионати финалини қабул қилиш шарафига муяссар бўлади», деган у.

Август ойида The Times нашри ФИФА президенти Жанни Инфантино бўлажак сайловларда уни қўллаб-қувватлаш эвазига Марокашга Жаҳон чемпионати финалини ўтказиш ҳуқуқини ваъда қилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ халқаро футбол федерацияси бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб, якуний қарор кейинроқ қабул қилинишини билдирган.

«Ҳассан II» стадиони Касабланка шаҳри яқинида қурилмоқда. Унинг сиғими тахминан 115 минг томошабинга мўлжалланган. Қурилиш ишлари якунланганидан сўнг стадион дунёдаги энг катта сиғимли футбол аренасига айланиши кутилмоқда.

Маълумот учун, 2030 йилги Жаҳон чемпионатига Испания, Португалия ва Марокаш мезбонлик қилади. Саудия Арабистони эса 2034 йилги мундиалнинг ягона мезбони бўлади.