16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

10 та ННТ ва МФЙга 1,24 миллиард сўм миқдорида давлат грантлари берилди

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг вилоят бўлинмаси томонидан ўтказилган танловларда воҳамиздаги 7 та нодавлат нотижорат ташкилоти ва 3 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи ғолиб чиқиб, умумий миқдори 1 миллиард 240 миллион сўмга тенг давлат грантларига сазовор бўлди.

Фуқаролик жамияти институтлари

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, яқинда ушбу жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди ва унда республика ҳудудларида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни бартараф этиш мақсадида эълон қилинган давлат гранти танловларининг ғолиблари аниқланди.

Қайд этилганидек, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва   соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш, таълим, маданият ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, коррупцияга қарши курашиш каби йўналишларни қамраб олган бу грант танловларига фуқаролик жамияти институтларидан ngo.gov.uz платформаси орқали 850 та лойиҳа тақдим этилган. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган 14 та грант танловига 521 та, Жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари томонидан эълон қилинган 14 та грант танловига 329 та ариза келиб тушган.

Парламент комиссияси томонидан 172 та лойиҳа ғолиб деб топилган экан, улар орасида Қашқадарёда фаолият кўрсатаётган фуқаролик жамияти интитутутлари ҳам борлиги қувонарли ҳолдир. Мисол учун, Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида Ўзбекистон «Veteran» жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси вилоят бўлимининг «Халқимиз фаровонлигини юксалтириш, турмуш шароитини янада яхшилаш – асосий вазифамиз» лойиҳасини амалга оширишга 200 миллион сўм миқдорида давлат гранти ажратилиб, унинг доирасида Кўкдала туманидаги Торжилға, Шаҳрисабз туманидаги Ғелон, Муборак туманидаги Пахтакор ва Чироқчи туманидаги Қуруқсой маҳаллаларида ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга ёрдам берилади. Худди шундай миқдордаги давлат гранти Ғузор туманидаги Чақар фуқаролар ўзини ўзи  бошқариш органига ҳам тақдим этилиб, шунинг ҳисобидан мазкур ҳудудда яшовчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашиш режа қилинган.

Жамоат фонди томонидан Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси вилоят ҳудудий бўлинмасига берилган давлат гранти (180 миллион сўм) «Тадбиркорлик сари илк қадам» лойиҳасини амалга ошириб, Ғузор туманидаги Ярғунчи ва Янгикент, Шаҳрисабз туманидаги Қумқишлоқ ва Кўл, Косон туманидаги Гулбоғ ва Равот, Муборак туманидаги Геолог ва Бешариқ ҳамда Касби туманидаги Мустақилобод маҳаллаларида эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг бандлигини таъминлаш имконини беради. 160 миллион сўмлик давлат гранти Республика шифокорлар уюшмаси вилоят бўлимига «Кам таъминланган ногиронлиги бўлган фуқаролар соғлиғини тиклаш» лойиҳасини рўёбга чиқариб, Касби туманидаги Пандирон, Яккабоғ туманидаги Қайрағоч ва Шаҳрисабз шаҳридаги Заргарлик маҳаллалари аҳолисини  соғломлаштириш ва даволашга, яна 150 миллион сўм эса Муборак туманидаги Қурувчилар маҳалласи фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органига  ёшлар учун воркаут ва стритбол майдончасини ташкил этишга ажратилган.

Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси вилоят бўлимининг лойиҳаси (грант миқдори – 60 миллион сўм) ҳам аҳоли саломатлиги билан боғлиқ бўлиб, унинг доирасида Яккабоғ туманидаги Ўрта, Китоб туманидаги Бешариқ ва Деҳқонобод туманидаги Бозортепа маҳаллаларида яшовчи ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни соғломлаштиришга кўмаклашиш мақсад қилинган. Ўз навбатида Республика маънавият ва маърифат марказининг Яккабоғ тумани бўлинмаси  50 миллион сўмлик грантга сазовор бўлиб, «Коррупцияга қарши жамоатчилик назорати орқали адолат сари» лойиҳасини ҳаётга татбиқ этади ва «Коррупция – жамият тараққиётининг кушандасидир» шиори остида тарғибот ишларини олиб боради.

Жамоат фонди вилоят бўлинмаси томонидан ўтказилган танловда эса учта фуқаролик жамияти институтининг лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Улардан биттаси «Замонавий тиббиёт – хавфсиз ҳаёт кафолати» деб номланган ва 90 миллион сўм миқдоридаги давлат гранти ҳисобидан «Экосан» экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фондининг вилоят ҳудудий филиали томонидан бажарилади. Унинг ижрочилари Ғузор туманидаги Хўжагузар маҳалласида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшиланишига кўмаклашади. Яна битта лойиҳа доирасида эса Китоб туманидаги Улуғбек маҳалласида истиқомат қилаётган фуқароларнинг турмуш шароитлари яхшиланади. Ўзбекистон «Veteran» жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Чироқчи тумани бўлинмасига берилган 120 миллион сўм миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан Дурсун маҳалласида  «Ёшлар – соғлом турмуш тарзи тарафдори» лойиҳаси амалга оширилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг мажлисида, шунингдек, давлат ижтимоий буюртмалари учун фуқаролик жамияти институтлари ўртасида танловлар ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Ўз мухбиримиз