16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

Чуғуртма – хонада ўтириб эмас, жойига чиқиб тадқиқ қилинадиган манзил

Илмий манбаларда тут дарахти уч юз йил, айрим ҳолларда эса беш юз йилга қадар яшаши мумкинлиги қайд этилган. Бироқ Ғузор туманининг Чуғуртма қишлоғи ҳудудидаги улкан тут дарахтининг ёши энг камида 12 асрга тенг. Бу афсона эмас, балки мутахассислар томонидан берилган илмий хулоса.

Аччиқ, аммо очиқ гаплар

Нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёдаги энг қадимий тут бўлиши мумкин, дея тахмин қилинаётган ушбу улкан дарахт ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар бизни ҳам Чуғуртма қишлоғига чорлади.

Ушбу дарахт манзилдаги «Ҳожабош ота» зиёратгоҳи ҳовлисида экан. Шу қишлоқлик фахрий, иқтисод фанлари номзоди Ҳалил Соатовнинг айтишича, ўтган аср ўрталарида ҳам қишлоқда бундай тутлар кўп бўлган. Айни пайтда улардан ўнга яқини сақлаб қолинган. Энг йиригининг тана айланаси 10 метрдан ортиқ.

–  Мутахассислар келиб, уни ўрганишди, – дейди Ҳалил Соатов. – Уларнинг айтишича, бу дарахтнинг ёши камида ўн икки асрга тенг экан. Қолганларининг ҳам ёши кичик эмас. Улар тарихийлик жиҳатдан жуда катта қийматга эга. Лекин йилдан йилга сувсизлик, касалликлардан танасининг қуриган қисми кўпайиб бораяпти. Ҳозир қишлоқ аҳли ўзимиз пул йиғиб, шу дарахтларни суғориш учун артезиан қаздириш ҳаракатидамиз, лекин барибир уларни тўлиқ ўрганиш, белгиланган талаблар асосида парваришлаш учун мутахассислар зарур. Давлат ҳимоясига олиниши керак. Шуни сўраб жуда кўп масъул ташкилотларга мурожаат қилдик, лекин натижа бўлмаяпти.

Қишлоқ фаолларининг айтишича, бу манзилнинг тарихи эрамиздан олдинги даврларга бориб тақалади. Ҳудуддан топилган юзлаб тарихий буюмлар, тош ва сополдан ясалган иш қуроллари, ҳайкалчалар шундан далолат беради.

Ҳозир бу ашёларнинг барчаси зиёратгоҳ ҳудудидаги хўжалик хоналаридан бирида сақланмоқда. Бундан ташқари, қишлоқдаги хонадонларда сақланаётган археологик топилмалар ҳам жуда кўп. Улар бемалол битта музейни тўлдириши мумкин. Афсуски, бу тарихий буюмлар ҳозир ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Қишлоқ аҳли уларнинг йўқолиб кетишидан хавотирда.

–  Бу ердан бироз нарида кичик жарлик бор, – дейди оқсоқол Баҳром Камолов. – Ўтган йили ёмғирда шу ердан сел келиб, тупроғининг бир қисмини ювиб кетди. Натижада кўплаб қадимий сопол хумлар юзага чиқиб қолди. Уларнинг ҳаммаси ичида суяклар бор. Тарих дарсликларида зардўштийлар табиатга зарар етказмаслик учун вафот этган яқинларининг танасини тепалик устига қўйишгани, унинг этини қушлар, қурт-қумурсқалар еб битирганидан сўнг суякларини йиғиб олиб, сопол кўзачаларга солиб кўмишгани ҳақида ўқиганмиз.  Демак бу сопол кўзалар уларга тегишли.

Шундан сўнг қишлоқ фаоллари бизни ҳам шу манзил томон бошлашди. Ҳамон тупроқ орасидан чиқиб турган, ичида суяклар бўлган бир нечта сопол идишларни кўриб, қишлоқ одамларининг «Шундай тарих тупроққа қоришиб кетаверадими?!» дея куюниб айтган гаплари бежиз эмаслигини яна бир бора англадик.

Ўйлаймизки, қишлоқ аҳлини қийнаётган бу муаммо масъулларни ҳам бефарқ қолдирмайди.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.