21 март – Абдулла Орипов таваллуд топган кун
Абдулла Орипов ижодида ҳажвий лирика намуналари алоҳида аҳамият касб этади. Шоирнинг «Тулки фалсафаси», «Ёзувчиликка ариза», «Турғунбой», «Темир одам», «Эътиқод» каби шеърларида, «Ранжком», «Жаннатга йўл» достонларида ҳажвиёт хусусиятлари яққол намоён бўлган. Бу асарларда адолатсизлик ва қаллоблик, айёрлик ва кўзбўямачилик, хиёнат ва виждонсизлик, порахўрлик ва ёлғончилик, иккиюзламачилик ва тамагирлик сингари иллатлар турли шаклларда кулги остига олинган.
Абдулла Орипов сатираларининг бошқа ҳажвнавис шоирлар ижодидан фарқи шундаки, у ҳаётда катта нуқсонларга йўл қўйган, жамоатчилик олдида ўзини қоралаб қўйган турли разил, жирканч, хасис, қўпол, анқов, дангаса, уқувсиз, гўл, жоҳил, бюрократ каби турли-туман характерли кимсаларни асосий нишонга айлантиради. Шоир сатира тамойилларига кўра, ўз ҳажвиётида мазкур ноқисликларга эга персонажлар, образлар орқали улардаги камчиликларнинг моҳиятини кулги орқали очиб беради, иллатлардан баралла кулади.
Истиқлолдан кейин яратилган «Ҳаж дафтари» туркумидаги «Ҳаж савоби» шеъри, шунингдек, «Қайсар бола», «Мақтанчоқлар», «Оқлар ва қоралар», «Қўлланма», «Сафардошлар», «Икки шоир» шеърларида ҳам инсоний қусурларга назар солинган.
«Эски чориқ» шеърида лирик қаҳрамон муаллифнинг ўзи бўлиб, у «эски чориқ» поэтик образи орқали инсоннинг ўзлигини йўқотмаслиги муаммосини илгари суради. Ушбу образ одамга унинг ўтмиши-ю, келажаги ҳақида маълумот беради.
Тасмадан боғланган оддий пойабзал,
Гарчи йўқсилликнинг мисоли эрур.
Билсанг, у мен учун минг дарсдан афзал,
Дунё ҳикматларин тимсоли эрур.
Ушбу байтда «пойабзал» нафақат поэтик образ, балки тимсол – дунё ҳикматларининг тимсоли вазифасини бажармоқда. Чунки «дунё ҳикматларин тимсоли» жумласи орқали шоир ҳаётдаги барча паст-баландликларни назарда тутаяпти. Янаям аниқроғи, эски пойабзал кўпроқ инсоннинг ўтмишини – унинг оғир кунларини эсга солади. Шунинг учун ҳам у «йўқсиллик»нинг белгиси сифатида ташбеҳланади.
Инсон қийинчилик кунларини унутиб, пиллапоядан юқорилаганда, ҳасад туфайли яна пастга қулаганида ҳам айнан «эски пойабзал» унга яна «вафоли» ҳамроҳ бўла олади:
Шунда ташлаб қочар не-не дўст, ёрон,
Ахир улар учун сўнган ёруғлик.
Оғзи қулоғига еткунча шодон,
Сени кутиб олар ўшал чориғинг.
Шеърдаги «оғзи қулоғига етди» ибораси «эски чориқ» образи учун тўғри тавсиф, дейиш мумкин. Чунки чориқ оғзи очилган ҳолатда қолиб кетади.
«Мақтанчоқлар» шеърида эса «уч мақтанчоқ»нинг поэтик образи яратилган:
Бир куни йиғилди учта мақтанчоқ,
Ҳар ким ўз ютуғин ўйлай бошлади.
Энг юксак маррани забт этган қай чоқ?
Бошларин қашлашиб ўйлай бошлади.
Шеър давомида «мақтанчоқлар» навбат билан ўз қилган қилмишларидан сўзлайдилар. Биринчиси ўзининг қиморда улкан бир шаҳарни ютиб олганини айтиб мақтанади. Иккинчиси эса не-не зукколарнинг ақлини олиб, бир зўр шоирнинг қалам ҳақини ўмариб кетганлигини сўзлайди.
Учинчиси деди: Асли мен ғолиб,
Жасорат барқ урар қилган ишимда.
Қайси кун кўрпага бурканиб олиб,
Бошлиғимни сўкдим боплаб… ичимда!
Мана шу тарзда мақтанганларнинг ҳеч бири бирор ишни қойиллатмаган. Лекин биринчи ва иккинчи мақтанчоқ қиморбозлик ва лўттибозлик иллатлари мужассам тимсоллар вазифасини ўтаган бўлса, учинчи мақтанчоқ эса қўрқоқлик ёки иккиюзламачиликни ўзида мужассамлаштиргандир. Шоир учта мақтанчоқ тилидан уч хил иллатни, уч хил мураккаб ҳажвий характернинг ўзига хос томонларини ҳажвиётнинг серқирра усулидан фойдаланиб ифода этади.
Биламизки, ҳар қандай даврда ижобий хусусиятларга эга шахслар бирдек қадрланади. Бундай шахсни тарбиялаш учун ундаги турли қусур ва иллатларни фош этиш, шунга қараб муолажа этмоқ даркор. Бу борада сатира ва юмор энг яхши воситадир. Чунки ҳажв орқали жамиятдаги, инсон характеридаги нуқсонлар, камчиликлар очиб ташланади ва бу жараёнда ўқувчини бу камчиликлардан огоҳ этиб намунали, ҳалол киши сифатида тарбиялайди.
Чунончи, Абдулла Орипов поэзиясида замонамиз кишисининг характеридаги иллатларни йўқотишга қаратилган кураш тамойиллари устунлик қилади. Бу ҳақида шоирнинг ўзи шундай дейди: «Афсуски, ўтган асрда такаббурлик негадир кучайди, экологиянинг бузилиши шўролар замонида давлатнинг катта миқёсдаги режаларини ўйламай-нетмай ошириш боис келиб чиқди. Бугунги ёшларимиз пахта даласига сепилган заҳри қотилларни кўрмаган…
Такрор айтамиз, одамлар мендан кейин нима бўлса, бўлаверар, деган туйғу билан яшашга одатланди. Бундай ҳаёт тарзи боқимандалик кайфиятини вужудга келтирди».
Сатирик поэзиядан мақсад инсонни маънавий-ахлоқий ғояларга содиқ қилиб тарбиялаш, ундаги камчиликларни ҳажвга олиб уни ҳам жамиятнинг фаол кишисига айлантиришдир. Аммо, ҳажвга олинган, кескин танқидга учраган образлар талқин этилган асарларнинг барчасида инсонпарварлик бор деб қарасак, бу қарашларимиз бир ёқлама бўлиб қолади. Баъзида ҳажвий шеърларда фош қилинган шахсни тарбиялашдан кўра кўпроқ уни яксон қилиш ғояси илгари сурилади. Зеро, юмор жамиятда куртак отиб келаётган иллатларни фош этиб, келгусида унинг томир отиб кетмаслигини таъминлайди. Сатира эса мавжуд иллатларни таг-томири билан қўпориб ташлаб, уни йўқ қилади.
Бу ҳақда шоирнинг ўзи: «Маълумки, мамлакатимизда қайта қуриш, ошкоралик окопларига кириб олиб, ўз манфаатлари йўлида бақириб-чақириб юргувчилар ҳозирча камаймаётир. Демагоглик, яъни шароитга мослашувчи худбинлик ҳамма даврда ҳам тараққиётга тўғаноқ бўлган. У, айниқса, маънавий жабҳада жамиятга катта зарар келтиради. Достонни сатирик оҳангда ёзишга уриндим. Чунки сатирада аниқликдан ташқари шартлилик имкони ҳам бордир» , дея «Ранжком» достонининг яратилиш сабабларини баён қилади. Шоир сиёсатга, жамиятдаги иллатларга қарши сатира кучидан фойдаланишга мажбур бўлганлигини ва шу йўл билан уларни фош қила олишини айтиб ўтади.
Устоз деб аталмиш шарафли номга ҳамма ҳам сазовор бўлавермайди. Ўз касбининг машаққатларига чидаган, ўқиб-ўрганган, бу йўлда бошқалардан моддият талаб қилмайдиган инсонларгина чин устозлик мақомига лойиқдир. Шогирдларга холис устозлик қилиш ҳам шарафли вазифадир. Аммо буларни унутган, нафси ҳакалак отган кимсалар ҳам йўқ эмас. «Бир устоз ўгити» номли ҳазил тўртлигида шоир шундай инсонларни тасвирлайди:
Топган-тутганингни халққа бер, қўзим.
Ўшанда ҳеч қачон топмайсан тўзим.
Лекин бир мантиқни унутма асло:
Яъни, мансубдирман халққа мен ўзим.
Шоир бошқа асарлари каби ҳажвий шеърларида ҳам чуқур фалсафий маъно ва ижтимоий муаммоларни тилга олади. 1993 йилда ёзилган «Лўттибоз» шеърида юртимиз, жамиятимиз мустақилликка эришган бўлса-да, бу йўлда жуда кўплаб азоб-уқубатларга гирифтор бўлиб, уларни енгиб ўтишда ўзида кучли бардошни сезса-да, лирик қаҳрамон лўттибоз кимсаларга тоқати йўқлигини таъкидлайди.
Абдулла Ориповнинг маҳорати шундаки, юқорида тилга олинган иллатларнинг кулгили қиёфасини усталик билан чизиб беради. Бу ўқувчида ҳам кулгини, ҳам инсонлардаги танқидий характерга нисбатан нафрат ва ғазаб туйғусини уйғотади. Шеърда шоир бу каби нуқсонлар, ўз шахсий манфаатлари учун тоймайдиган кимсаларнинг жамиятда ўрни йўқлиги ҳақидаги ғояни илгари суради. Шоир воқеа-ҳодисаларга, қаҳрамонларнинг ҳолатига кулги ва масхарани сингдириб, уларни умумлаштиради, типиклаштириш усулидан моҳирона фойдаланади.
Кулги, ирония, сарказм ва масхарасиз сатирани, мураккаб ҳажвий образни тасаввур қилиш мумкин эмас. Ҳар бир сатирик асар ва образ кулги билан суғорилган бўлиши шарт. Шу боис шоир темир одам, ёзғувчи, нодон, ғаламис, шикоятчи кабиларнинг феълини теран англаб, ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган, истеъдодсиз, ҳасадгўйларни аямай фош этди. Фойдали ишларни қилмасдан, жамият манфаатини ўйламасдан, ўзининг биқиқ муҳитидан чиқа олмаган «кўлмак давра»ларни кўриб, кўнгли озор чекди, қалби яраланди. Энг муҳими, уларга қарши ўз Сўзини айта олди.
Гулрухбегим РАВШАНОВА,
Қарши давлат университети доценти, филология фанлари доктори

