Яқинда Париждаги Лувр музейида содир бўлган 76 миллион фунт стерлинглик шов-шувли ўғирлик юзасидан терговда эҳтимолий ички ҳамкорлик белгилари аниқланди. Бу ҳақда The Telegraph ишга яқин манбага таяниб хабар узатган.
Нашрга кўра, рақамли далиллар музей қўриқчиларидан бири ўғриларга хавфсизлик тизими ҳақидаги махфий маълумотларни берган бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Манбалар қўриқчи воқеага қадар гумон қилинаётган жиноятчилар билан алоқада бўлиб тургани ва уларга муҳим маълумотларни тақдим этгани эҳтимолини қайд этган.
Париж прокурори Лор Беккуо жиноят жойидан 150 та ДНК намунаси ва бошқа излар топилгани, видеокузатув камералари эса иккита Yamaha TMax скутерида бўлган жиноятчилар ҳаракатланган йўналишга тушиш имконини берганини маълум қилган.
19 октябрь куни тонгда Луврга ўғри тушиб, «Аполлон галереяси»даги тўққизта заргарлик буюмини ўмарган. Наполеон III нинг хотини – император Евгенияга тегишли тож аллақачон кўчадан синиқ ҳолда топилган. Сўнгги хабарларга кўра, жиноятчиларнинг ҳам айримлари қўлга олинган.

