Сараланган сатрлар
Баҳорги тенгкунлик, янгиланиш ва яшариш айёмининг энг файзли ва фазилатли куни бўлмиш Наврўз келиб чиқиши узоқ ўтмишга бориб тақалади. Наврўз билан боғлиқ қадриятлар, урф-одатлар замирида ота-боболаримиз, момоларимизнинг табиат билан бир бутунлиги, атроф-муҳитни англаш йўлидаги билим-изланишлари мужассам. Бугун турли кўринишларда бизгача етиб келган маросимларнинг илдизларига назар солсак, теран тафаккур нишоналарига гувоҳ бўламиз.
Наврўз ҳақида бадиий адабиётда ҳам кўп ёзилган. Улар орасида Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида ўзига хос фикрларга дуч келасиз. Аслида китобда фарзандсиз яшаган Қоплонбек ва Оймомонинг изтиробли ҳаёти ҳақида сўз боради. Айни шу изтироблар кўклам янгиланишлари, Наврўз тасвири, Рамазон шукуҳи билан баробар ифода этиладики, адиб маҳоратига тан бермасликнинг имкони йўқ.
* * *
Табиатни тўлғоқ тутди. Тўлғоқдан фарзанд туғилди. Фарзанд оти Наврўз бўлди.
Юртимизга Наврўз келди!
Субҳи содиқ маҳалдан саррин-саррин саболар эсди. Майин-майин саболар кезди.
Саболар танларни силаб-сийпади, саболар вужудларни эркалаб-ўйнади.
Наврўз оламга майсалардан гиламлар тўшади, бойчечакдан сирғалар тақди.
* * *
Наврўз бундан етти минг йил муқаддам жорий этилмиш Қуёш йил-ой куни билан баробар бино бўлди.
Эмишки, Қуёш оламни бир йилда бир бор айланади. Шу айланмиш йўлида ўн иккита буржга рўбарў келади. Қуёш ҳар буржни бир ой мобайнида айланиб ўтади. Зулмат билан зиё тенг бўлмиш кунда Ҳамал дея аталмиш буржга етиб келади.
Қуёш ана шу Ҳамал буржи бошидан чиқмиш кунда олам ўзгача ранг олади. Олам бир бошқа бўлади.
* * *
Тахмураслар сулоласидан бўлмиш Жамшид подшо ана шу кунни Наврўз дея атади.
Кейин, Каюмарс подшо бўлди.
Каюмарс Наврўзни шарафлади, Наврўзни улуғлади.
Наврўзни ҳайит қилди!
Шу-шу, Наврўз ўлик-тирик озод кун бўлди.
Наврўз асир-тутқун озод кун бўлди.
Наврўз қирғинбарот тўхтар кун бўлди.
Наврўз кина-кудурат тарқар кун бўлди.
* * *
Каюмарс тонг саҳар-тонг саҳарда Қуёш ҳамал буржининг олдинги дақиқасига кирмиш кунни аниқлади.
Олим-уламоларни йиғди, йил ҳисоб-китобини ана шу кундан бошлашни айтди, олим-уламолар рози бўлди. Йил ҳисоб-китобини айнан шу кундан бошлаб жорий этди.
* * *
Қуёш ҳамал буржи бошидан чиқиб келди.
Зулмат бир бўлак бўлди, зиё бир бўлак бўлди.
Кеча билан кундуз ана шундай бино бўлди.
Каюмарс подшо уч юз олтмиш беш кун бўлмиш бир йилни ўттиз кун-ўттиз кундан ўн иккита ойга бўлди. Кейин, ана шу ўн иккита ойни Изид подшо юбормиш ўн иккита ҳалоскор фаришта оти билан атади.
* * *
Эл-халқ баландпарвоз чақириқлар деб ўтирмади, қарорлар деб ўтирмади, шиор-даъватлар деб ўтирмади, эълон-афишалар деб ўтирмади.
Эл-халқ ўз хоҳиш-иродаси билан адир-қирларга сайиллаб чиқди.
Майсазор адирларда дошқозонлар осилди.
Аёллар ариқ бўйларидан ялпиз ўт терди, кийик ўт терди. Билқ-билқ қайнаб турмиш қозонларга солди.
Қизлар қорақошлар терди. Димоғларига босиб-босиб искади. Қулоқларига тақди.
Қариялар кўзларига бойчечаклар тўтиё этди.
– Омонлик, омонлик… – дея, шукрона айтди.
* * *
– Наврўз сешанбада келар йил очлик бўлмайди, ошлик бўлади. Эртаги экинлар яхши бўлади, ноз-неъматлар-да яхши бўлади. Айби, тахчилроқ бўлади.
– Ёмони, қон кўп тўкилади. Эл-юрт орасидан раҳм-шафқат кўтарилади.
– Ўғил отадан қайтади, қиз онадан қайтади, аёл эридан қайтади.
– Подшолар тахтдан қула-қула бўлади.
– Ёмонлик кўпаяди.
– Ёғин-чочиндан айтинг.
– Ёғин-чочин… қор кам ёғади, ақллар. Йил охирида сел кўп келади.
– Ўзи, Наврўз қайси куни келса йил яхши бўлади, азизлар?
– Якшанба куни келса, кўп бинойи бўлади. Ўлим-етимлар оз бўлади. Фисқ-фасод, ёмонлик кам бўлади. Наврўз душанба куни келса-да яхши бўлади. Айби, буғдой танқис бўлади.
– Наврўз чоршанбада келса, йил қимматчилик бўлади. Қорин-томоқ учун қон тўкилади.
– Фисқ-фасод, ғаламислик кўп бўлади.
– Пайшанбада келса, дардмандлик кўп бўлади.
– Шу йили ой билан кун-да тутилади, денг.
– Шундай, ақллар, шундай.
– Жумада келса, ёмғир мўл-кўл бўлади. Айби, қаҳратон совуқ бўлади.
– Наврўз шанба куни келса.. ўғри-муттаҳамлар йили бўлади, муштумзўрлар йили бўлади.
– Иншоолло, пешонада борини кўрамиз.
* * *
Дастурхонларда сумалак, ҳалим, кўк патир, кўк сомса, кўк оши, дея аталмиш дори-дармон таомлар бўлди.
Эл чеҳраси чечак бўлди. Эл кўнгли кўклам бўлди. Эл дили оҳорли-оҳорли туйғулар билан тўлди.
Наврўзчилар тўп-тўп бўлди. Ўзи хуш кўрмиш ўйинлар билан машғул бўлди.
Дўмбира чалиб, достон айтмиш нечов бўлди.
Давра қуриб, достон эшитмиш нечов бўлди.
Оёқларини осмон қилиб, дорбоз бўлмиш нечов бўлди.
* * *
Муқаддас Буқа одамзотга кўринмас эмиш! Ҳамиша кўздан пана бўлиб юрар эмиш. Шу боисдан Муқаддас Буқани кўриш ғоятда мушкул эмиш.
Муқаддас Буқа қаерларда кўриниш берар эмиш? Фалакда кўриниш берар эмиш. Уфқда кўриниш берар эмиш.
Муқаддас Буқа нима каромат кўрсатар эмиш?
Қайси инсон Муқаддас Буқани бир кўрса бўлди, ўша инсон хоҳиш-иродалари ижобат бўлар эмиш! Бор орзу-умидлари бажо бўлар эмиш!
Муқаддас Буқа шунчаки бир кўриниб кета бермас эмиш-да. Борди-ю, инсон назарига тушиб қолса… Муқаддас Буқа… бўкирар эмиш!
Муқаддас Буқа бир бор бўкирса… йил беҳосил келар эмиш. Экин-тикиндан қут-барака кетар эмиш. Оқибат, танқисчилик бўлар эмиш…
Худо ёрлақаб, Муқаддас Буқа икки бор бўкирса… йил серҳосил келар эмиш, йил сермаҳсул келар эмиш. Тўкин-сочинлик бўлар эмиш…
* * *
Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!
Наврўзда ёмон гапириб бўлмайди!
Наврўз ҳаминқадар шод-хуррамликда ўтса, ҳаминқадар хуш-хушвақтликда кечса…
Ер-у фалак-да ҳаминқадар сахий бўлади!
Осмон-у фалакдан мўл-кўл ёмғир ёғади!
Ер-у замин-да бўлиқ-бўлиқ ҳосил беради!
Эл-юрт келажак Наврўзгача хуш-хушвақтликда кун кўради, роҳат-фароғатда кун кўради!
* * *
Эл оғзида юрмиш топишмоқлардан айтиш бошланди.
Айтишувни Холдон момо бошлаб берди.
– Мен айтсам, узун-узун ўз кетди, узун бўйлик қиз кетди – қасаваси қарсиллаб, манглайи ерга тарсиллаб. Бу нима?
– Ўрмак.
– Кичкина қозоннинг оши ширин.
– Ёнғоқ.
– Букри момом бук этди, югуриб уйига кириб кетди.
– Сич-қон.
– Анави тоғдан қараган, манави тоғдан қараган, ўзимга ярашар деб, балхи рўмол ўраган.
– Бузоқбоши.
– Ака-ука бир яшайди, бир-бирини кўрмайди.
– Кўз.
Аёллар тинимсиз ўт ёқиб турди, тинимсиз ўт ковлаб турди.
Боиси, ўт ҳовури хиёл пасайса… сумалак айнийди!
Сумалак ана шундай нозиктаъб таом бўлди!
* * *
Эмишки, инсонда минг бир икки дард бўлади. Сумалакдан бир яламиш инсон танаси қирқ хил дарддан фориғ бўлади!
***
Арабча «лайл» сўзи ўзбекча «кеча» демакдир. Арабча «қадр», ўзбекча «тақдир» демакдир.
Ойдин бўлдиким, Лайлат ул-Қадр, «тақдир ҳал бўлажак кеча» демакдир.
Жумлайи мўминларга аёнким, йиллар ҳисоб-китоби Қуёш Ер гирдида айланмиш даврига қараб саналади. Шунга биноан ҳар келажак янги йил эски йилга нисбатан ўн кун-ўн кун олдин келади.
Рамазон ҳижрий-қамарий йиллар тўққизинчи ойи бўлади.
Демак, Лайлат ул-Қадр ҳар йили бир вақтда келмайди. Турли кечаларда келади. Рамазон ойи охирги тоқ кечаларида келади. Хусусан, ўн еттинчи, ўн тўққизинчи, йигирма биринчи, йигирма учинчи кечаларда келади. Кўпинча, рамазоннинг йигирма еттинчисида келади.
Лайлатул-Қадр келажак кеча мўмин-мусулмонлар ниманики тиласалар, тилаклари бажо бўлади. Орзу-умидлари ушалади.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

