Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритиб келаётган давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида «Энг фаол китобхон МФЙ ходими» танлови ўтказилди.
Танлов
Ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар орасидан энг яхши китобхонларни аниқлашга қаратилган танлов дастлаб туман, шаҳарлар миқёсида ташкил этилди. Ҳудудлардан сараланган 16 иштирокчи вилоят босқичида билим ва иқтидорларини намойиш этди.
Қайд этиш лозим, МФЙ ходимлари илмий-оммабоп, тарихий, маънавий-маърифий, лидерлик хусусиятларини юксалтиришга қаратилган, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари ҳамда буюк адибларимиз ва давлат арбобларимизнинг ижоди ва фаолиятига оид китоблар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон», Хайриддин Султоннинг «Ишонч телефони», Чингиз Айтматов «Қиёмат», Фёдор Достоевский «Камбағаллар» ҳамда Жеймс Клирнинг «Атом одатлар» асарларини ўқиб, танловга тайёргарлик кўришди.

Вилоят босқичи «Бадиий асарлар билимдони» ҳамда «Тезкор савол-жавоб» шартлари асосида ташкил этилди.
Якуний натижаларга кўра, Касби туманидаги Хўжакасби МФЙ ёшлар етакчиси Баҳодир Шодиев 1-ўринни эгаллади. Китоб тумани Денов маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Орзимурод Авлоқулов 2-ўринни, Ғузор туманидаги Шерали МФЙ хотин-қизлар фаоли Дилбар Назарова 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Б.САЙФИЕВ

