16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Энди телевизор ҳам жосуслик қилади

LG компанияси ўзининг webOS телевизион операцион тизимидан фойдаланиш шартларини янгилаганидан кейин танқидлар марказида қолди. TechRadar нашрининг хабар беришича, янгиланган ҳужжат сунъий интеллектга асосланган функцияларни такомиллаштириш мақсадида фойдаланувчиларнинг овоз маълумотларини ёзиб олиш ва қайта ишлаш имкониятини назарда тутади.

Фойдаланувчилар эътиборини тортган бандлардан бирига кўра, суҳбатлар ёзиб олиниши мумкинлиги ҳақида бошқа шахсларни хабардор қилиш мажбурияти телевизор эгаси зиммасига юкланади. Яъни, фойдаланувчи оила аъзолари ва меҳмонларни овозли функциялар ишлаётгани ҳақида олдиндан огоҳлантириши, шунингдек, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда аудиоёзувларга оид маҳаллий қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаши лозим.

Агар кимдир бундай маълумотлар қайта ишланишига рози бўлмаса, LG микрофон ва овозли хизматларни ўчиришни тавсия қилган.

webOS тизимининг янги версияларини ўрнатмаслик орқали аввалги фойдаланиш шартларини сақлаб қолиш мумкин. Бироқ бу ҳолда телевизор хавфсизлик янгиланишлари ва бошқа дастурий тузатишларни олмайди.

Бу ҳолат Gamers Nexus нашри томонидан LG қурилмаларидаги махфийлик масалаларига бағишланган суриштирув эълон қилинган вақтга тўғри келган. Шу муносабат билан компания фойдаланувчилар маълумотларидан фойдаланиш сиёсати учун яна бир бор танқидга учради.