«Шўртан газ кимё мажмуаси» масъулияти чекланган жамияти корхонада малакали кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Стипендия дастури»нинг навбатдаги танлови ғолибларини эълон қилди.
Ёшлар ва давр
Жамият матбуот хизматининг хабар беришича, 2025-2026 ўқув йили учун ташкил этилган мазкур танлов доирасида вилоятимиздаги иккита олий таълим ташкилоти – Қарши давлат техника университети ва Қарши давлат университетида «Электр энергетикаси», «Энергетика муҳандислиги», «Технологик машиналар ва жиҳозлар», «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш», «Юқори молекуляр бирикмалар», «Нефть ва газни қайта ишлаш технологияси» ҳамда «Кимё» йўналишлари бўйича таҳсил олаётган тўртинчи босқич ва магистратура талабалари орасидан энг муносиблар саралаб олинди.
Тафсилотларга кўра, танлов икки босқичдан иборат бўлди. Биринчи босқичда талабаларнинг назарий билимлари даражасини аниқлаш учун ёзма тест синовлари ташкил этилди, иккинчи босқичда эса номзодлар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг касбий тайёргарлик даражаси баҳоланди. Иккала босқичдан муваффақиятли ўтган 16 нафар талаба «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖнинг 2025-2026 ўқув йили учун мўлжалланган «Стипендия дастури» ғолиби деб топилди. Айни пайтда синовларда фаол қатнашган 26 нафар талаба билим ва кўникмаларини намойиш этишга бўлган иштиёқи учун дастурнинг «Фаол иштирокчиси» сифатида эътироф этилди.
– Бу каби стипендия дастурларининг мунтазам ташкил этиб борилиши, – дейилади хабарда, – нефть-газ соҳасида таҳсил олаётган билимга чанқоқ, истиқболли ва мақсад сари интилаётган ёшларга ўз билим ва салоҳиятини намоён қилишлари учун кенг имконият яратиб бормоқда.
Қарши давлат техника университетининг расмий сайтида кўрсатиб ўтилганидек, танлов ғолибларининг 11 нафари ва «Фаол иштирок»чиларнинг 17 нафари ушбу олийгоҳ талабаларидир.

