Мактаб ҳар доим жамиятда бош масала бўлиб келган. Юртимизда ҳам бу ҳақиқат амал қилмоқда, айни пайтда соҳага эътибор кучли, унда узлуксиз янгиланишлар кечаётир. Шундай шароитда халқ таълимида қандай ўзгаришлар рўё бераётганидан хабардор бўлиш ҳаракатларнинг муваффақиятини таъминлашга хизмат қилади, негаки мактаб ҳаётига ҳамма дахлдор.
Таниқли адиб ва публицист Ҳаким Сатторийнинг “Остонада” номли янги китоби ана шу мақсадни кўзда тутади. Унда жамланган битикларда синфхоналардаги қизғин ҳаёт ҳарорати, ўқитувчи масъулияти, таълим ва тарбия ҳақидаги теран мулоҳазалар, шунингдек, шу соҳада меҳнат қилаётган фидойи устозларнинг маънавий олами, улар ҳақида меҳрли хотиралар акс этган.
Мазкур тўплам Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги “Академнашр” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди. Китобга Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромова сўзбоши ёзган.
“Сизга тақдим қилинаётган тўплам эзгу амалларингизда кўмакчи бўлади, деган умиддамиз. Чунки унда айнан бугуннинг нафаси уфуриб турган жараёнлар ҳақида сўз кетади, унинг мавзулари сизга таниш, қадрдон, фақат бир замондош қаламкаш уларни ўз шуурида қайта кашф қилиб, сизларга тавсия этаётир. Танишиб чиқинг, зора, янги ғояларга қанот бўлса, энг муҳими, амалий фаолиятингизда асқатса, биз ҳам мақсадга етган бўламиз”, дейилади сўзбошида.
Адабий-бадиий нашрдаги мавзулар “Остонадаги учрашувлар”, “Қишлоқ чироқлари”, “Болани севмаган ўқитувчи эмас”, “Беш бармоқ”, “Бойлик ва бойлар”, “Қуёш фарзанди”, “Китоб ўқимаган қул бўлади”, “Неваралар қийин савол беради” каби бобларда жамланган.
Б.САЙФИЕВ

