Ҳалқаро ҳамкорлик
Тил билган – эл билади. Ҳунарли хор бўлмас…
Доноларимиз айтган ана шу икки угит ҳикматини ўзида мужассам этган кишига эса бугун хорижда ишлаш учун йўл очиқ.
Германиянинг таълим, илм-фан ва технология соҳасида фаолият юритувчи Prosica GmbH компанияси билан ҳамкорликда Қарши давлат техника университетида ташкил этилган «Хорижий тиллар ва касбга ўқитиш маркази» меҳнат миграциясини танлаган қашқадарёликларни замонавий талаблар асосида ишга тайёрлашни кўзда тутгани билан аҳамиятли.
Унинг очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Муротжон Азимов «Ёшларни немис тилига ўқитиб, тартибли миграцияга юбориш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган янги марказ тингловчиларга хорижий тилни чуқур ўргатиш, касб-ҳунарли қилиш ва Германияда қонуний асосда ишлаш имкониятини яратишни кўзда тутганини таъкидлади. Бу эса уларнинг хорижда тенг ҳуқуқли меҳнат қилиши, тажриба орттириши ва ўз келажагини барқарор қуриши, халқаро меҳнат бозоридан муносиб ўрнин топиши учун жуда муҳим.
– Компаниямиз ҳозирда дунё бўйлаб 30 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди Prosica лойиҳа менежери Мириам Шнойрер. – Европанинг етакчи университетлари олимлари ва мутахассислар билан биргаликда ишлаймиз. Қаршидаги ушбу пилот лойиҳа замонавий техника, интеллектуал ўқув платформалари ва Ғарб стандартларига мос ўқув материаллари билан таъминланган бўлиб, ўзбек тингловчилари учун энг самарали таълим усулини ишлаб чиқишни режа қилган. Мақсад – 2030 йилгача жами 50 минг нафар ўзбекистонликни Германияга ўқиш ва ишлаш учун юбориш.
Маълумки, Президентнинг жорий йил 13 мартдаги «Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори билан ҳокимлик ҳузурида Касбий таълим ва меҳнат миграциясини ривожлантириш жамғармасини ташкил этишга рухсат берилган эди. Германия Федератив Республикаси ва Европа мамлакатларига тартибли меҳнат миграциясига чиқиш истагида бўлган фуқароларга мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан 5 минг евро миқдорида қайтариш шарти билан бир йил муддатга ссуда ажратилиши ҳам назарда тутилган.
– Қарши давлат университетининг иқтисодиёт факультети туризм йўналишини тамомлаганман, – дейди Лазизбек Олимжонов. – Германияда ўз соҳам бўйича малака ошириш истагим бор. Янги очилган марказда тайёргарликдан ўтиб, Германияда замонавий меҳмонхона хизмати, мижозлар билан ишлаш маданияти ва юқори сервис стандартларини ўрганиб келиш ҳамда юртимизда ушбу соҳани ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман.
Дастлабки босқичда марказда Германиядан келган 6 нафар малакали ўқитувчи 250 нафар тингловчини немис тили ва касбга ўқитишни бошлади. Ўзбекистон ва Марказий Осиёдан сертификатланган мутахассисларни Европа, хусусан, Германия ҳамда Польшадаги иш берувчилар билан боғлашга ихтисослашган Motiba GmbH агентлиги ҳам бу ишга бош қўшган. Икки немис субъекти жорий йилнинг ўзида 3 минг нафар талабгорни йўлга қўйилган янги лойиҳа орқали нуфузли компанияларга ишга юборишни режа қилган. Бунда ҳар ой хорижий иш берувчилар вакиллари вилоятимизга келиб, номзодлар билан тўғридан-тўғри суҳбат ўтказади ва шу ернинг ўзида улар билан меҳнат шартномалари ҳам расмийлаштирилиши кўзда тутилган.
Шоҳиста БОЗОРОВА

