Қарши давлат техника университети Шаҳрисабз озиқ-овқат муҳандислиги факультетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Жараён
Тўйга тўёна, деганларидек, ушбу ўқув биноси профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги байрамига ажойиб туҳфа бўлди.

Янги ўқув биносининг очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, ректор Шерзод Неъматов, нуронийлар, эл кайвонилари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этдилар.
Рамзий тасма қирқилиб, тадбир иштирокчилари ўқув биносининг хоналарини кўздан кечирдилар. Ҳоким ва ёш олимлар юзма-юз мулоқот қилишди. Илмий тадқиқот ишланмалари натижалари тақдимоти, ироқи каштачилик тўгараги аъзоларининг кўргазмаси ташкил этилди.

– 1000 ўринга мўлжалланган мазкур ўқув биносида 17 та аудитория, 12 та лаборатория хонаси мавжуд, – дейди университет молия-иқтисод ишлари бўйича проректори Аловиддин Зайниддинов. – Бундан ташқари, яна 8 та маъруза хонаси ҳамда ахборот-ресурс маркази ҳам талабалар хизматида. Авваллари ўқув биноси 750 ўринга мўлжалланган бўлиб, дарслар икки сменада олиб бориларди. Таълим йўналишлари сони кўпайгани сари талабалар сафи ҳам кенгайиб, янги бинога эҳтиёж юзага келди. Энди сиғим муаммоси барҳам топди.

Маълумот ўрнида: Қарши давлат техника университетида айни пайтда талабалар сони қарийб 20 минг нафарни ташкил этади. 2025/2026 ўқув йилида университетда бакалавриатура бўйича 13 та, магистратура мутахассислиги бўйича эса 20 та янги таълим йўналиши очилди.
Абдураззоқ МУРОДОВ
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

