юртимиз келажагига дахлдор муҳим ишга муносиб ҳисса қўшиши зарур
Мамлакатимиз Президенти ташаббуси асосида бундан тўрт йил аввал бошланиб, шу вақт мобайнида чинакам халқ ҳаракатига айланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳудудларда яшиллик даражасини ошириш ва экологик барқарорликни таъминлаш баробарида шаҳар ва қишлоқларимизда ободлик, аҳиллик ва яратувчанлик анъаналарини янада ривожлантиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Лойиҳа доирасидаги ҳашарларда маҳаллалар аҳли, корхона ва ташкилотлар жамоалари, уч авлод вакиллари фаол иштирок этиб, биргаликда мевали ва манзарали дарахтлар, бута кўчатларини экишмоқда ва шу жараёнда ёшлар кўпни кўрган, катта тажрибага эга фидоий инсонлардан она табиатга меҳр бериш, сидқидилдан меҳнат қилиш, ён-атрофдагилар билан баҳамжиҳат бўлиш, бамаслаҳат иш тутиш бўйича ҳаётий сабоқлар ҳам олишмоқда.
Оқсоқоллар ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масаласи юртимиз келажаги, халқимиз эртанги кунига дахлдорлигини таъкидлар эканлар, бу ишга ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла ва жамоа муносиб ҳисса қўшиши зарурлигига урғу беришаяпти. Бунда ҳозирги илиқ кунлардан ҳам унумли фойдаланиб, ҳудудимиз иқлимига мос дарахт кўчатларини экиш, уларни суғориш ва парвариш қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини уқтиришаяпти.
Маълумотларга кўра, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳорги кўчат экиш мавсуми давомида вилоятимизда 10 миллион 177 минг дона кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 11 миллион 300 минг дона экилган ва режа 110,7 фоизга бажарилган. Кузги кўчат экиш мавсумида 10,1 миллион донадан ортиқ кўчат экиш белгиланиб, об-ҳавонинг нисбатан илиқ келиши муносабати билан бу жараён қишнинг дастлабки ойида ҳам жадал давом этмоқда.
Ўз мухбиримиз
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат.

